«Рус рулеткаси» ёхуд Россиянинг вакцина дипломатияси ғалабасими? Евроиттифоққа «Спутник V» керакми?
Евроиттифоқ Россиянинг «Спутник V» вакцинасидан намойишкорона воз кечганига қарамасдан, Европа регулятори ва ЕИнинг аъзо давлатлари бу масалада расмий Москва билан «ширин музокаралар» олиб боришяпти, дея хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги
Европа кенгаши парламенти ассамблеяси раҳбари Ҳендрик Дамс душанба куни Давлат думаси раиси Вячеслав Володин билан учрашувда шунга яқин баёнот берган.
Бироқ бу маълумотни тасдиқловчи расмий тасдиқ бўлгани йўқ. Ундан ташқари, душанба куни Еврокомиссия раиси Стефан де Кеерсмакер Россия вакцинасини харид қилиш бўйича ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаётганини яна бир бор маълум қилди.
«Исталган пайтда Еврокомиссия ва Европа Иттифоқи давлатлари биргаликда фойдаланиладиган вакциналар рўйхатини кенгайтириши мумкин. Лекин айни дамда бир ҳафта аввал айтганимдек Евроиттифоқ вакиллари Россия вакцинаси ишлаб чиқарувчилари билан ҳеч қандай музокара олиб боришмаяпти», дейди де Кеерсмакер Daily Mail журналисти берган саволларга жавобан.
Европада «Спутник V»га қизиқиш борми-йўқми?
Бундоқ олиб қаралганда, еврокомиссарнинг баёноти Reuters хабарларига зид келмайди. Агентликнинг манбаларига ишонсак, Европа давлатлари раҳбарлари Евроиттифоқнинг тўрт аъзо-мамлакати: Венгрия, Италия, Словакия ва Чехиядан тегишли сўровлар тушганидан сўнг «Спутник» борасида фақат музокаралар олиб бориш имконини кўриб чиқишяпти, холос.
Европа регулятори россияликлар вакцинасини тасдиқдан ўтказмаган, уни сертификатлаштиришга шошилмасликка чақирган бўлса-да, Венгрия ва Словакия уни сотиб олишга ҳам улгурди.
Ундан ташқари, ўтган ҳафтада Италия Рим яқинидаги ReiThera фармацевтик заводида «Спутник» вакцинасини ишлаб чиқаришга келишиб олгани хабар қилинди. EMA раҳбари Криста Виртумер-Хохе эса бу қарорга қатъиян қарши чиқди. «Спутник»нинг муддатидан аввал тасдиқдан ўтказилишини «инсонлар саломатлиги билан рус рулеткасини ўйнаш» деб таърифлади.
EMA раҳбарининг баёнотига жавобан Кремль уни нодуруст деб атади ва «Спутник» ишлаб чиқарувчилари эса, раҳбардан расмий узр сўрашни талаб қилиб чиқишди.
We demand a public apology from EMA’s Christa Wirthumer-Hoche for her negative comments on EU states directly approving Sputnik V. Her comments raise serious questions about possible political interference in the ongoing EMA review. Sputnik V is approved by 46 nations.
— Sputnik V (@sputnikvaccine) March 8, 2021
Душанба куни «Спутник»га ҳомийлик қилган Россия тўғридан тўғри инвестициялар фонди раиси Кирилл Дмитриев журналистларга «Спутник»ни нафақат Италия, балки Европанинг бошқа давлатлари ҳам ишлаб чиқаришни истамоқда. Унинг сўзларига кўра, вакцинани ишлаб чиқариш бўйича Италия, Испания, Франция ва Германия компаниялари билан келишувга эришилган.
Ундан ташқари, EMA тасдиғидан ўтиши билан «Евроиттифоқда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун бир неча компаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда», деган Дмитриев.
Ҳозирча Евроиттифоқ ҳудудида тўрт вакцина расман рўйхатдан ўтган: Comirnaty (Pfizer/BioNTech), AstraZeneca, Moderna ва Janssen (Johnson & Johnson).
«Агар Европанинг вакцина арсенали «Спутник» билан бойитилса, бу рус дипломатияси учун ҳақиқий ғалаба бўлади. Сўнгги йилларда Россия ва ЕИ ўртасидаги савдо алоқалари Қрим аннексияси ва Украина шарқига Москванинг аралашуви туфайли жорий қилинган санкциялар боис тушиб кетган. Бу, шунингдек, иттифоқнинг Москвага ҳар қандай ён босишни қоралайдиган ва Брюсселнинг Кремль билан ҳамкорлигини нормал қабул қиладиган давлатларга бўлинишига олиб келиши мумкин», деб ёзади Reuters.
«Ҳатто биз шифокорларда ҳам маълумот йўқ!»
Евроиттифоқдан чиқиб кетган ва вакцинация катта темпларда кетаётган Буюк Британиядан фарқли ўлароқ, континентал Европада бу жараён жуда секин кечмоқда. Шунинг фонида Брюссель қаттиқ танқид остига олинмоқда, шу жумладан, Москва тарафидан ҳам.
Душанба куни Ҳендрик Дамс билан учрашган Давлат думаси спикери Вячеслав Володин «Россия вакцинасини Европа бозорига киришига қаршилик қилинаётганига бир неча мисоллар бор» дея шикоят қилган.
Бунга жавобан Дамс ЕМА Европада талаб борлиги боис «Спутник» вакцинасини Европа Иттифоқига етказишни кўриб чиқмоқда, деб айтган.
Давлат думаси матбуот хизматига таянган ҳолда Россиянинг кўплаб оммавий ахборот воситалари хабар беришди. Лекин буни янгилик ҳам деб бўлмайди: «Спутник» вакцинасини тасдиқдан ўтказиш учун Европа регулятори 4 март куни ариза қабул қилган.
France Press нинг хабар беришича, Чехия ва Словакияда бир неча ҳафтадан бери коронавирусдан ўлим бўйича жон бошига дунёдаги энг катта кўрсаткичлар қайд этиляпти. Париж ва унинг атрофидаги касалхоналар коронавирус беморлари оқимини эплолмай қоладиган даражага келиб қолаёзди. Италияда эса, карантин чоралари яна кучайтирилмоқда, Германия фуқароларини «учинчи тўлқин»дан огоҳлантирмоқда.
Бироқ шунга қарамай «Спутник» вакцинаси вазиятни ўнглашга ёрдам беришига барча мутахассислар ҳам ишонишмаяпти.
«Вакцинация препарат ҳақида тўлиқ маълумотга эга одамларга қилиниши керак. Лекин уларга нима дейиш мумкин агарки, шифокорларнинг ўзи ҳам вакцина ҳақида зарур маълумотга эга бўлмаса?!», дея Словакиянинг тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси раиси Петер Висолайскийдан иқтибос келтиради Lancet.
«Бирор мижоз олдимга келиб «Спутник» ҳақида сўраса, мен тавсия қилолмайман деган бўлардим. Балки бу яхши ва самарадор вакцинадир. Лекин у рўйхатдан ўтказилмаган, демак, у ҳақда маълумот йўқ», дейди Висолайский.
Мавзуга оид
22:44 / 22.12.2024
ЕИ Украинага қарши бошланган урушга уч йил тўлиши муносабат билан Россияга қарши янги санкциялар тайёрламоқда
21:05 / 22.12.2024
Қатар Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди
16:46 / 16.12.2024
Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 15-пакетини қабул қилди
22:41 / 11.12.2024