Иқтисодиёт | 19:09 / 18.03.2021
8727
4 дақиқада ўқилади

«Регуляторга кўпроқ имконият бериш керак». Молия бозори ривожига нималар тўсиқ бўлмоқда?

Капитал бозорини ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегияси 1 йил аввал ишлаб чиқилган, аммо ҳануз тасдиқланмади. Чунки тизимни ривожлантириш учун етарли ресурс ва имкониятлар ҳали яратилмаган.

16 март куни Тошкентда Сенат ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги молия бозори ривожига тўсиқ бўлаётган омилларга доир халқаро анжуман ўтказди.

Тадбирда «Yes invest» вакили Санжар Икромов ўз фикрларини билдириб, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ваколатларини кенгайтириш молия бозори келажаги учун муҳим қадам бўлишини айтди.

«Регуляторимизга кўпроқ имконият бериш керак. Чунки бутун дунёда регулятор ўзи мустақил. Молия вазирлигига боғлиқлик жойи бор, лекин бу алоҳида катта ташкилот. Марказий банк ва Молия вазирлигига бўйсунадиган бўлса, бунақа давом этиб бўлмайди. Оддий мисол, пул ўтказишларда, чет элга пул юборишда, уни қабул қилишда, конвертацияда – ҳаммасида ноаниқлик бор. Шунинг учун капитал бозорига ҳамма ҳуқуқни бериш керак, яъни умумий биржаларга – валюта конвертациясига ҳам, товар-хомашё биржасига ҳам битта катта регулятор бўлса, тартибни ўша вазирлик ёки идора қилиши керак», – деди тадбир иштирокчиси.

Унинг айтишича, «ўзбек инвестори пул қўйишни Click иловасидан амалга оширса, маблағидан 2,5 фоиз ушлаб қолинади. Яъни у инвестициясининг 2,5 фоизини, Payme орқали бўлса, 1,5 фоизини йўқотмоқда. Оддий банкка ўтказишда ҳам (фоиз сабаб) пул йўқотиб келинмоқда. Акция бозорларида даромадни ўртача 20 фоиз деб олсак, оддий халқ йилига 3-4 фоиз маблағини йўқотмоқда».

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистонда капитал бозорининг ривожланиш даражаси дастлабки ҳолатда.

«Аҳоли ва маҳаллий компанияларнинг инвестициядаги иштироки минимал даражада. Мамлакатда институционал инвесторлар деярли мавжуд эмас. Капиталлашув ЯИМга нисбатан таққосланса, 1 фоизни ташкил этади. Дунё миқёсида эса бу 93 фоиз», – деди у.

Маълум қилинишича, 2021 йил 1 январигача 599та акциядорлик жамияти номинал қиймат бўйича умумий миқдори 149,5 триллион сўмлик акциялар чиқарди. Молия вазирлиги томонидан 2019-2020 йилларда давлат қимматли қоғозлари бўйича 3,2 триллион сўмга тенг асосий қарз ва 547,1 миллиард сўмлик фоиз тўловлари ўз вақтида тўлаб берилиб, давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш ҳажмини қарийб 10 баробарга оширишга эришилди.

Тадбирда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров 2020 йил якунлари бўйича капитал бозоридаги савдо ҳажми 578 миллиард сўмни ташкил қилгани, бу 2019 йилга нисбатан 32 фоизга ўсиш эканини айтди.

Маълумот учун, Ўзбекистон капитал бозори капиталлашуви мамлакат ЯИМга нисбатан 1 фоизга тенг. Ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсаткич 30–60 фоиз, ривожланган давлатларда эса 100 фоиз ва ундан ҳам ортиқни ташкил этади.

2019 йилда капитал бозорини ривожлантиришнинг 5 йиллик стратегияси лойиҳаси эълон қилинган, шу муносабат билан Тошкентда халқаро конференция ҳам ташкил этилган эди. Аммо стратегия ҳозирга қадар тасдиқланмай келмоқда.

Икки йил олдин, шунингдек, МЧЖларга облигация чиқариш ҳуқуқини бериш ҳақида қонун лойиҳаси тайёрланган эди. Лойиҳа қабул қилинганича йўқ.

Мавзуга оид