Ўзбекистонда яна электр узилишлари кузатилмоқда. Самарқандда 22 соат, водийда 16 соатгача чироқ ўчмоқда
Сўнгги кунларда ҳаво ҳароратининг пасайиши билан ҳудудларда электр таъминотида яна муаммолар кузатила бошлади. Узилишлар айниқса водий вилоятларида кўпайган.
Андижон вилояти Булоқбоши тумани марказида яшовчи фуқаролар туманда 15 соатлаб чироқ ўчаётганини айтиб, Kun.uz'га мурожаат қилди.
Айни пайтда, олтиариқлик мурожаатчиларнинг айтишича, 17 ва 18 март кунлари туманда кунига 6-7 марта, ўртача 1,5 соатдан чироқ ўчган.
Наманганнинг Нанай қишлоғида ҳам кунига 6-7 марталаб чироқ ўчаётгани ҳақида хабарлар келиб тушди.
Kun.uz мухбирларига кўра, водий ҳудудларининг катта қисмида, айниқса қишлоқ жойларда ҳаво совиши билан чироқ кўп ўча бошлаган.
Электрдаги муаммолар водий ҳудудлари билангина чекланиб қолмаяпти. Хусусан, Самарқанд вилоятининг бир нечта туманларида электр энергияси таъминотида муаммолар кўпайди.
17 март куни Ургут туман электр тармоқлари корхонаси 3 кундан буён бўлаётган узилишлар учун узр сўради. Изоҳланишича, 110 кВалик Л-ПТФ, Л-Панжекент линияларидаги узилишлар ИЭСларда электр ишлаб чиқаришдаги узилишлар билан боғлиқ.
Ушбу расмий хабар остида ургутликлар кўплаб изоҳлар қолдирган. Уларнинг аксари чироқ жуда кўп ўчаётганини айтган. Баъзилар ҳеч бўлмаса овқатланаётган вақтда чироқни ўчирмасликни сўраган. Кимлардир ҳеч бўлмаса расмийлар узр сўрашгани учун хурсанд бўлган.
17 март куни Ургутга қўшни туман – Тойлоқда ҳам кўплаб узилишлар кузатилган. Масалан, Гулобод линиясидан электр олувчи Сочак, Шўрбои қишлоғида (Самарқанд тумани) ва Тошкент – Термиз трассаси Тойлоқ тумани ҳудудидан ўтувчи бошқа аҳоли яшаш пунктларида узоқ муддат чироқ ўчган. Хусусан, Сочак қишлоғида 17 ва 18 март оралиғида 22 соат электр узилиши кузатилган.
Kun.uz мухбири деярли бир суткалик бу узилиш юзасидан Самарқанд вилоят электр тармоқлари корхонаси билан боғланди. Корхона вакили буни Гулобод линиясида кабел куйгани билан изоҳлади.
Фарғона вилоят электр тармоқлари корхона мутахассиси Ғуломжон Асқаров эса кундузи электр етказиб беришда 60 мегаватт «қирқилганини» айтди. Унинг айтишича, бунга сабаб – ёқилғи ва қувват етишмаслиги. Мутахассисга кўра, чекловларга электр станцияларидаги учта блокнинг ишламай қолгани ҳам сабаб бўлган. Оқибатда 570 минг мегаватт йўқотилган.
«Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Миллий электр тармоқлари» компаниялари ҳамда Энергетика вазирлиги мазкур узилишлар юзасидан хабар бермаган.
Энергетика вазирлиги вакили Kun.uz'га бу борада муносабат билдирар экан, вазият «ҳафта охирида яхшиланиши»ни айтди.
Мавзуга оид
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
23:12 / 12.12.2024
Самарқандда 5,5 млрд сўмлик электр энергияси талон-торож қилинди
18:33 / 03.12.2024
Тошкентда 4 декабр куни электр таъминотидан узиладиган ҳудудлар маълум қилинди
19:04 / 02.12.2024