Дунёдаги вазият: Ҳиндистонда хавотирли сигнал, Ирландия янги тўлқинга тайёрланмоқда
Аҳоли тиғиз яшовчи Ҳиндистонда касалланиш кўрсаткичлари кескин ошди, ЕИ Британияни вакцинасиз қолдирмоқчи, Ирландия ҳукумати ковиднинг янги тўлқинига тайёргарлик кўрмоқда. Коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича сўнгги хабарлар кунлик обзорда келтирилади.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Covid-19 пандемияси бошидан буён бутун дунёда вирусдан зарарланганлар сони 123,3 млн кишидан ошган, вирус қурбонлари сони - 2,7 млн.
АҚШда вирусга чалинганлар сони 30 миллионга яқинлашмоқда, 542 минг америкалик вирус туфайли вафот этган. Бу мамлакат касалланиш ҳолатлари сони бўйича ҳам, ўлим ҳолатлари сони бўйича ҳам дунёда энг юқори кўрсаткичларни қайд этмоқда.
ЕИ ва Британия вакцинани бўлишолмаяпти
Британия ва Евроиттифоқ ўртасида AstraZeneca вакциналари тақсимоти бўйича баҳсли ҳолат сақланиб турибди: ЕИ блокдаги мамлакатлар вакцина билан таъминланмагунча препаратнинг экспортини тўхтатиб қўймоқчи. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, бу техник жиҳатдан имкон доирасидаги иш, аммо Евроиттифоқ ўз мажбуриятларини бажаришга интилмоқда ва мулоқотга тайёр.
Пайшанба куни Европа етакчилари ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ўртасида видеоалоқа шаклидаги мулоқот ўтказилиши режалаштирилган. Ўша куни Брюсселда ЕИ саммити вақтида ҳам вакциналарни қитъадан олиб чиқишни тақиқлаш масаласи муҳокама этилади.
Евроиттифоқ раҳбарияти AstraZeneca компаниясини вазиятни кескинлаштирмаслик ва Европа давлатларини шартномаларда кўрсатилган муддатларда вакциналар билан таъминлашга чақирмоқда. Агар Британияга экспорт тақиқланса, бу вакцинация темпини сезиларли даражада пасайтиради ва британ ҳукумати коронавирус чекловларини узайтиришга мажбур бўлади.
Вакциналарни ишлаб чиқарувчи заводлар буюртмалар ҳаддан ташқари кўплиги туфайли уларни ўз вақтида бажара олмаяпти, натижада Европадаги барча давлатларда вакциналар етиб келиши кечикиши кузатилмоқда.
Борис Жонсон учинчи тўлқин хавфидан огоҳлантирмоқда
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ўзига хос оҳангда коронавируснинг учинчи тўлқини Британия қирғоқларига етиб келгани ҳақида огоҳлантирди.
«Бу қанчалар ғамгин бўлмасин, ҳозирда қитъада учинчи тўлқин кечаётганини кузатишимиз мумкин. Шу туфайли аввалги тажрибадан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз аҳолиси иллюзияга берилмаслиги керак: қўрқаманки, янги тўлқин қирғоқларимизга етиб келган».
«Гумон қиламанки, биз яна унинг оқибатлари билан тўқнашамиз, шу туфайли вакцинация дастурини тезроқ амалга оширишимиз даркор», дея қўшимча қилган у.
Ирландия учинчи тўлқин ёқасида
Ирландиялик шифокорлар шу вақтгача эмланганлар сони коронавирус тарқалишини секинлаштириш учун етарли эмаслигини маълум қилишди.
Ирландия касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича департамент раҳбари, профессор Мартин Кормикан мамлакатда ковид статистикаси пасайишдан тўхтаганини айтди, эндиликда касалланиш кўрсаткичлари шитоб билан кўтарилиши кутилмоқда.
Якшанба куни бу мамлакатда 769та янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди - бу сўнгги ойларда кузатилган энг юқори кунлик ўсишдир. Ирландия ҳукумати мамлакатда коронавируснинг янги тўлқини бошланаётганини истисно этмаяпти.
Сайловлар кунидаги ўлим
Конго Республикаси президентлигига номзод, мухолифат етакчиси Гай Брис Парфе Колелас якшанба куни, сайловлар кунида, сайлов участкалари ёпилишига бир неча соат вақт қолганида коронавирус туфайли вафот этди.
Сайлов куни арафасида конголезларнинг ижтимоий тармоқларида шифохонада ётган 61 ёшли номзод кислород ниқобини ечгани ва ўз тарафдорларини сайловда қатнашиш учун боришга чақиргани акс этган видео тарқалганди. У ўлим билан олишаётганини қўшимча қилганди.
#Congo - #URGENT : Le Message de Guy Brice Parfait #Kolelas sur son lit d’hôpital avant son évaluation prévue à #Paris (France) pic.twitter.com/7iox6lyBKd
— ICIBRAZZA (@ICIBrazza) March 20, 2021
Колеласнинг вакиллари у даволаниш учун Францияга олиб кетилаётганида, самолёт бортида жон берганини маълум қилган.
Бу сафарги президентлик сайловларида Гай Брис Парфе Колелас мамлакатни 1979 йилдан буён (1992-97 йиллар оралиғидаги беш йиллик давр ҳисобдан ташқарида, у 1992 йилги сайловларда ютқазганди) бошқариб келаётган президент Дени Сассу-Нгессога қарши чиқаётган олти номзоддан бири эди.
Конго Республикаси қонунчилигига кўра, номзодлардан бири вафот этган тақдирда, сайлов натижалари бекор қилинмайди.
Ҳиндистондан «хавотирли сигнал»
Ҳиндистонда ўтган ҳафтада 260 мингта янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу пандемия бошидан буён энг юқори ҳафталик кўрсаткичлардан бири бўлди. Барча ташхисларнинг 70 фоизи мамлакат ғарбидаги Махараштра штати ҳиссасига тўғри келади.
Якшанба куни 43 846 кишида вирус аниқланган — бу ўтган йил ноябр ойи ўрталаридан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич.
Олимларнинг фикрича, касалланиш кўрсаткичлари ўсиши янги штаммлар билан эмас, оммавий тадбирлар ва уларда санитар қоидаларга риоя этилмаётгани билан боғлиқдир.
Касаллик авж олиши туфайли баъзи штатлар оммавий йиғилишларга нисбатан тақиқни қайтадан кучга киритди. Махараштранинг баъзи туманларида ой охиригача карантин жорий қилинди.
Ҳиндистон бутун дунё рейтингида касалланиш кўрсаткичлари бўйича учинчи ўринда - 11,6 млн киши вирус юқтириб олган (фақат АҚШ ва Бразилия олдинда), ўлим ҳолатлари бўйича эса тўртинчи ўринда - 160 мингдан ошиқ қурбон (АҚШ, Бразилия ва Мексикадан кейин).
Экспертлар Ҳиндистонда касалланиш даражаси кескин ўсишини бутун дунё учун хавотирли сигнал деб аташмоқда ва бошқа мамлакатларни оммавий вакцинацияларга ишониб қолмасликка ва прогнозлардан тийилишга чақирмоқда.
Мавзуга оид
18:07
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
23:25 / 23.12.2024
Бангладеш Ҳиндистондан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани экстрадиция қилишга ёрдам беришни сўрамоқда
11:42 / 18.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда
20:02 / 17.12.2024