Алифбо ислоҳи: Дам бу дамдир...
2020 йил 20 октябр куни «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланди. Унда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш борасида ҳам кўрсатмалар берилган. Хусусан, фармоннинг 2-иловаси 4-бандида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлаш» деган алоҳида банд мавжуд. Айнан шу банд ижросини таъминлаш мақсадида яқинда такомиллаштирилган алифбо лойиҳаси расман эълон қилинди.
Алифбо ислоҳига айнан ҳозир қўл уриш керак. Нега?
Алифбо ўзгарса, биринчи галда дарсликлар ўзгаради. Ҳозир Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш ҳаракатлари бошланган. Демак, жуда кўп дарслик ва қўлланмалар янгидан тайёрланиши ва чоп этилиши мумкин. Агар алифбо ислоҳи ҳозир ўтказилмаса (қачондир барибир ислоҳ қилинади, менимча), бу кейинчалик китобларни янги алифбода қайта босишга, яъни катта чиқимга сабаб бўлиши мумкин.
Бу йилдан ички паспортлар ўрнига ID-карталар бериш бошланди. Энди яқин хорижга чиқиш учун ҳам хорижга чиқиш биометрик паспорти керак бўлади. Демак, уни олувчилар кўпаяди. Агар алифбога қачондир ўзгартириш киритилса, ҳужжатлардаги маълумотларни ҳам ўзгартириш эҳтиёжи туғилади. Бу яна чиқим ва оворагарчиликка олиб келади.
Қозоқ қўшниларимизнинг тажрибалари ҳам хулоса учун яхши мисол. Улар ҳам дастлаб 2017 йилги вариантда барча ҳарфларни стандарт клавиатура асосида ясаб кўришди. Лекин амалиёт бу катта ўнғайсизлик ва қийинчиликлар туғдиришини кўрсатди, чоғи, 2018 йилги вариантда жуфт ҳарфлар, жумладан, oʼ ва gʼ ҳарфлари битта белгига алмаштирилди. 2019 йилги лойиҳада эса sh ва ch ҳарфлари ўрнига ҳам яхлит белги танланди. 2021 йилги версияда эса алифбо янада ихчамлашди. Муҳаррир сифатида айтишим мумкин: қозоқ алифбосининг янги варианти менга жуда маъқул келди.
Алифбо ислоҳи лотин ёзувидан оммавий фойдаланиш даражасини оширади. Бу эса лотин ёзувига тўлиқ ўтишни жадаллаштиради. Ҳозирги имлодаги қийинчиликлар, матн теришдаги муаммолар сабаб кўпчилик кирилл ёзувини маъқул кўряпти. Улар орасида ҳатто саводи лотинчада чиққанлар ҳам бор.
Амалдаги алифбонинг нуқсонларини турли соҳа мутахассислари етарлича исботлаб, кўрсатиб берди. Ўзбек тилининг тўлақонли давлат тилига айланишига, ривожланишига, интернет тили даражасига чиқишига амалдаги алифбо озми-кўпми тўсиқ бўляпти. Бу жиддий сабаб, албатта.
Алифбо ислоҳотини аксарият мутахассислар катта мамнуният билан кутиб олган бўлса-да, бироз иккиланиб турганлар, масаланинг моҳиятини тўла тушунмай, ҳиссиёт ёки тахминлар билан муносабат билдираётганлар ҳам йўқ эмас. Амалдаги ёзувнинг имловий ва техник муаммоларидан бир қадар бохабар мутахассис сифатида уларга шундай дейман:
1. Ўзи, ҳар қандай ўзгаришни қабул қилиш қийин бўлади. Одам ўзгаришнинг ижобий ёки салбий жиҳатини танасида сезиб кўрмагунча, ҳадиксираб туради. Бу табиий жараён. Янгиликдан қўрқмаслик керак. Ўзгаришлар алифбони матн териш учун анча қулайлаштиради.
2. «Бошқа муаммолар турганда алифбога тегинмайлик», деган мулоҳаза бор. Бошқа муаммоларнинг ўз ечими бор. Бу муаммонинг – ўз ечими. Ҳар бири алоҳида муаммо ва алоҳида ёндашувни талаб этади. Aмалдаги алифбода нуқсон борлиги факт ва уни ечиш зарур. Бошқа муаммони ҳам ечавериш керак. Ҳеч ким: “Бошқа муаммога эътибор берманглар!” деяётгани йўқ.
3. Эски ҳужжатлар, дарсликлар нима бўлади? Режа бўйича муҳлати тугаб, янгилангунча амалда бўлаверади. Осмон узилиб ерга тушмайди. Янги дарсликлар такомиллашган алифбода чиқади. Ўрнига сарфланган миллион сўм, кўп бўлса-да, аслан фойда; ўринсиз сарфланган бир сўм, арзимас бўлса-да, аслан зарар. Керакли чиқим ўзини оқлайди. Ислоҳни иккиланиб чўзаверсак, бу чиқим миқдори ортиб бораверади.
4. Янги алифбонинг саводсизлик даражасига таъсири масаласи. Сезиларли салбий таъсири бўлмайди. Лекин ижобий таъсир кўрсатиши аниқ. Тўртта ҳарфни ўргана олмайдиган одам барибир саводсиз бўлиб қолаверади.
5. Лотинга тўлиқ ўтиб кетмаганимизнинг сабабларидан бири – амалдаги алифбонинг нуқсонлари. Биз бу масалада фақат ўзимизни эмас, келажак авлодни ҳам ўйлашимиз керак. Ҳозирги алифбода сезган-сезмаган қийинчиликларимизни фарзандларимиз ҳам тортмаслиги зарур. Бу ҳолат худди оғир этик кийиб юришга ўхшайди. Маълум вақт ўтгандан кейин этикнинг оғирлигини унча сезмай қоласиз. Лекин уни ечиб, енгилроқ пойабзал кийсангиз, олдин қанчалик қийналганингизни, аслида шу қулайликка бурунроқ эришиш мумкин бўлган-у, буни билмаганингизни тушунасиз. Aмалдаги алифбодаги қўшҳарфлар ана шу оғир этикка ўхшайди.
6. Маълум бир соҳада мутахассис бўлган ёки тажриба орттирган кишиларнинг хулосаларига ҳурмат билан қараш зарур. Ҳатто бизга хато кўринса ҳам. Билим ва тажрибага асосланган фикрларни яхшилаб ўйлаб кўриш, мард бўлиб қабул қилиш ҳам керак. Шунчаки ҳиссиёт билан айтилган гапнинг юки йўқ.
7. Дунёнинг аксарият тиллари стандарт клавиатурани ўзгартириб, ўз тилига, алифбосига мослаган. Алифбосини клавиатурага эмас. Стандарт клавиатурадан максимал даражада фойдаланиш керак, лекин у ожизлик қилиб қолганда ўзгартириш киритиш тўғри йўлдир. Инглиз тилига яқин бўлишига қарамай, немис, испан, француз, швед, дан каби тилларда ҳам стандарт клавиатура ўзгартирилган, миллий имлога мослаштирилган.
Ҳозирги ҳолатда энг тўғри йўл – алифбодан фойдаланишнинг техник ва амалий жиҳатларини чуқур биладиган мутахассисларнинг фикр ва таклифларини, асосларини эшитиш-ўрганиш, бугунги ва эртанги кун учун энг тўғри, мантиқли, мустаҳкам қарорга келиш.
Деҳқонлар экинни вақтида экишга ҳаракат қилади. Уруғ қадашда бир кунга орқада қолиш ҳосилнинг ўн кунлаб кечикишига олиб келади. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш ва тўла жорий этиш борасида ҳам худди шу ҳолат юз бериши мумкин. Дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема, дейди эскилар. Фурсат – ғанимат.
Ориф Толиб
Мавзуга оид
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
21:34 / 24.09.2024
“Юз йиллар олдин қилиниши керак эди” — туркий алифбо бўйича келишувга эришилди
21:06 / 13.09.2024
Туркий давлатлар учун 34 ҳарфдан иборат умумий алифбо тақдим этилди
15:42 / 08.07.2024