Жамият | 08:48 / 23.03.2021
42106
9 дақиқада ўқилади

«Биз кўрган кунларни болаларимиз кўрмасин» — умри сарсонгарчиликда ўтаётган оила ҳикояси

Мардикорлик ҳар кимнинг қўлидан келмайди. Бу ишни ўз номи билан мардларга чиқарган. Афсуски, бугун кўпчилик мардикорлик билан шуғулланишга мажбур. Жамиятимизда инсон ва унинг меҳнати керагича қадрланмагани сабаб мардикорлик қилаётган одамлар аксар ҳолларда камситилади. Етмаганига бу касб эгаларининг бири икки бўлиши ҳам қийин. Бугун мардикорлик билан шуғулланаётган эр-хотиннинг ҳикоясига қулоқ тутдик. Оиланинг тақдири ҳам ибрат, ҳам жамият муаммоларига кўзгу...

Оила бошлиғи Маҳмуд Раҳимов бошдан ўтказганларини гапириб берди.

«Эрталаб соат 05:00 да туриб, печка ёқаман-да, ишга чиқиб кетаман. Кўпинча нонушта ҳам қилмай, Қўйлиққа – ишчилар биржасига бораман. Эртароқ борсам, одам камроқ бўлиб, иш чиқиши ҳам осонроқ бўлади. Баъзи ҳолларда иш бўлмагач, соат 15:00 – 16:00 гача ҳам кутиб ўтиравераман. Кун бўйи ўтирсам ҳам, иш бўлмаган пайтлари уйга қайтиб келаман. Аёлим ишдан келмаган бўлса, болаларга овқат тайёрлайман. Болаларим мана шу битта хонада қамалиб ўтиришади. Эрталаб эр-хотин бирга кетганимизда уларнинг устидан қулфлаб кетамиз, чунки ташқарида уй эгасининг қўйлари бор. Бундан ташқари, аэропорт, темир йўл, канал яқин, қўрқамиз.

Баъзан 10 кун кетма-кет иш бўлиши мумкин, 10–15 кунлаб ишсиз қолиб кетган кунларимиз ҳам бўлган. Карантин вақтида деярли иш бўлмади. Мардикорлик ҳам осон эмас, уруш-жанжал қилиб, тортишиб иш оласиз. Қўйлиқда тушдан кейин салкам 2000 нафар ишчи йиғилган бўлади. Доимий ишим бўлса, ҳафтада 300–500 минг сўм ишлаб топаман. Вақти келганда, нонга ҳам пул тополмай қоламиз. Қўйлиқда таниш сотувчи бор, ундан доим нон сотиб олганим учун қарзга ҳам бериб туради. Кеча ҳам битта нонни қарзга олиб келдим. Топган пулни илгаридагидек орттиролмайсиз, зўрға учма-уч етади. Бошқа [мардикор] йигитлар билан гаплашганда ҳам шу гапни айтишади: бир кунлик топган пулини ижарасига тўлайди, озиқ-овқатига сарфлайди ва шу билан тугайди. Эртаси куни яна ишга чиқиб кетаверади.

Менинг мақсадим – болаларим ўз уйимизда яшаши. Чунки эртага кимдир уларни уйи йўқлиги учун ажратиб қўйишини хоҳламайман. Бундан буёғига паспортимни пропискага қўйиш, болалар келажаги учун 1-2 сотих ер олиб, уй-жой қуриб бериш учун ишлайман. Улар ҳам ўқисин, мен кўрган қийинчиликни кўрмасин, дейман. Катта қизим шифокор, ўғлим милиционер бўлишни хоҳлайди».

Оила бекаси, Асал Умирова ҳам мардикорлик машаққати ҳақида сўзлади:

«Кўчада ишлаймиз, мардикорлик қиламиз, Худо берган ризқни териб келамиз. Эрталаб туриб, хўжайинимни ишга жўнатаман, баъзида бирга кетамиз. Кўпинча хўжайинимга сиз эртароқ ишга бораверинг, зора, омадингиз келиб, яхши иш чиқиб қолса, дейман. Эрталаб Қўйлиққа чиққанимда, иш чиқса, кетаман. Бўлмаса, кечки соат 15:00 – 16:00 гача қолиб кетишим ҳам мумкин. Биз асосан уй ишларини қиламиз. Баъзида иш оғир бўлса, 100–120 минг сўм, енгилроқ бўлса, 70–80 минг сўмга ишлаймиз. Одатда 3-4 кунда бир иш чиқади.

Мардикор аёлларнинг деярли ҳеч қайсисида уй йўқ, иш йўқ. Қўйлиқда юзлаб аёл иш кутиб ўтиради. Биз ҳам маош берувчи доимий ишимиз бўлишини хоҳлардик. Кўчада дайдилик қилиб юришни истамаймиз. Очиғи, кўчанинг дайди аёлига ўхшаб қолганмиз. Ишлашга борган жойларимизда бизни беҳурмат қилишади.

Оиланинг 3 фарзанди 1 йилдан бери мактабга бормайди. Тошкентда пропискаси бўлмагани учун бу ердаги ҳеч қайси мактаб қабул қилмаяпти. Шу сабабли улар кун бўйи битта хонада қамалиб ўтиришади.

«Ишга кетаётганда болаларнинг устидан қулфлаб кетаман. Катта қизим укаларига қараб ўтиради. Эрталаб овқатларини тайёрлаб, печкага ўтин ёқиб кетаман, келгунимизча уйни иситиб туради. Катта қизим ва ўғлим 2-синфгача мактабга борган. Катта қизим 11 ёшда, ўғлим 10 ёшда, кенжа қизим 7 ёш. Тўнғич қизим бир йил кейин, ўғлим билан бирга битта синфда ўқиди. Ижарада яшаганимиз учун доимий ёки вақтинчалик пропискага турмаганмиз. Шунинг учун болаларим мактабга боролмади. Прописка масаласида муаммо бўлгани учун маҳалла идорасидагилар ижара уйимиздан қувиб чиқаришди. Кўчада тунаб қолишга ҳам мажбур бўлганмиз. Бозорнинг орқа тарафида бир ҳафта яшаганмиз. Кейин шу ерга келиб жойлашдик, бир йилдан бери яшаяпмиз.

Болаларимни мактабга жойлаштиришга ҳаракат қилдим, лекин директор пропискамиз бўлмагани учун қабул қилмади. Китобларини ўқишга ташлаб кетаман. Келгунимча ўқиб ўтиришади, телевизор кўришади. Ишдан қайтганимда, болаларимни ташқарига чиқараман. Кейин эртаси куни шу ҳолат яна такрорланади.

2009 йилда турмуш қурганмиз. Ўшандан бери уй-жойимиз йўқ, ижарама-ижара яшаймиз. 2017 йилда портал ташкил этилгандан сўнг шу заҳоти уй-жой муаммоси бўйича мурожаат қилганмиз. Турмуш ўртоғим туғилган Янгийўлда бир муддат яшадик, лекин маҳалла раиси пропискамиз бўлмагани учун у ердан чиқариб юборди. Кейин катта дала бўйидаги чайлада яшадик. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади, Адлия вазирлиги вакиллари яшаётган жойимизга келиб, шароитимизни кўришди.Улар бизга ёрдам беришга ваъда бериб, алдашди ва мурожаатимиз ижобий ҳал қилингани бўйича хатга қўл қўйдириб олишди. Муаммомиз қоғоздагина ҳал этилди. Улар бизни Янгийўлнинг бошқа жойида вақтинчалик бир хароба уйга олиб боришди. Сўнг вазирлик вакили қоғоз бериб, «10 кун шу ерда яшаб, кейин чиқиб кетаман, деб ёзиб қўл қўйиб берасиз», – деди. Хўжайиним бунга рози бўлмади, чунки кўчиб келиб, сарсон бўлгандан кўра, ўша чайлада яшаб юраверган яхши эди.

Улар бизни қандай қилиб бўлмасин чайладан чиқариб юборишни хоҳлашди. Жарима солиб кетишди, биз эса ҳеч нима демадик. Кейин охири нима қилишни билмай, фермерларга жарима соламиз, деб қўрқитишди. Фермерлар келиб, бизга ҳам муаммо бўлмасин, дейишгач, ёғин-сочинга қолиб кетмаслик учун чайладан чиқиб кетдик».

Оила бошлиғининг айтишича, шундан кейин баклажкага муз солувчи корхонага жойлашиб, 2 ойдан ортиқ яшаб ишлашади. Иш тугагач, улар Сирғали туманида ижара уй топиб яшашди. У ерда ҳам кўп туришмайди, яна прописка муаммоси уларни тинч қўймади. Маҳалла посбонлари келиб, чиқиб кетишни талаб қилишади. Сўнг оила Паркентга кўчиб кетади. У ерда ҳам шу ҳолат такрорланди. Маҳалладагилар уларни ижара уйдан зўрлаб ҳайдаб чиқаришган. Уларнинг борадиган жойи йўқлигидан бу жойдан чиқиб кетишолмасди.

Паркентда туролмаган оила Қўйлиқ бозорда аравалар турадиган очиқ ҳудудда қўним топишга мажбур бўлади. Оила боши Маҳмуд ака ижарага арава олиб, бозорда аравакашлик қилган. Унинг айтишича, ўша пайтларда кун охирига келиб ҳамма қатори аравасини топширмасди, чунки у оилани ёғин-сочиндан асраб турувчи нажоткор эди. Хуллас, машҳур шеърда айтилганидек, оила «ҳар ҳафта кўчиб, давр-у даврон сурган».

Бу оиланинг сарсонгарчиликдаги кунлари шу тариқа ўтмоқда. Маҳмуд аканинг оиласи ҳозир Миробод ва Қўйлиқ тумани ўртасидаги чекка ҳудуддаги ташландиқ ҳовлида яшамоқда. Бу уй эгаси улардан уйдан чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Оила эса жуда кўпчилик учун оддий ҳол бўлган ўз уйида яшаш, болаларини мактабга бериш каби нарсаларни орзу қилиб яшамоқда. Меҳнат қилган одам ҳамма нарсага эришиши мумкинлиги ҳақиқат, лекин қаҳрамонларимизнинг ҳолатида тинимсиз меҳнат фақат ижара пулини тўлаш ва қорин тўқлашга аранг етмоқда. Йўқ, бу гапларимиз билан сизнинг раҳмингизни келтирмоқчи эмасмиз, шунчаки ҳар куни ўз уйингизда уйғонганда бу нарсани орзу қиладиганлар кўп эканини унутманг, қўлингиздан келса, бундай одамларга ёрдам беринг...

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид