Жамият | 15:03 / 23.03.2021
7915
4 дақиқада ўқилади

МИБ «Korean and migration» агентлигидан жабр кўрганларга зарарни ундириш чоралари бўйича баёнот берди

 Мажбурий ижро бюроси “Korean and migration” хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрган фуқароларнинг етказилган зарарларни ололмаётгани ҳақидаги хабарларини ўрганиб чиқди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди ҳукмига асосан судланган Қ.Отақулов ва бошқалардан солидар тартибда 2 298 нафар фуқаро фойдасига жами 19 804 169 257 сўм моддий зарар ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси иш юритувига келиб тушган.

Суд ҳукмига асосан, тергов давомида хатланган 7 524 716 290 сўм пул маблағларини, 307 257 212 сўм ортиқча тўланган солиқларни, 254 632 846 сўмга баҳоланган “Malibu” русумли автотранспорт воситасини, 154 114 000 сўмга баҳоланган Наманган вилояти Уйчи туманида жойлашган ер участкасининг умумий майдони 661,7 квадрат метр бўлган идора бино-иншоотини ҳамда жами 201 181 173 сўмлик офис жиҳозларини жиноят натижасида етказилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланган.

ИИВ депозит ҳисобрақамида сақланаётган жами 7 524 716 290 сўм пул маблағлари МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси депозит ҳисобрақамига келиб тушган ҳамда бугунги кунга қадар банк ҳисобрақамлари тўғрисида аризалари келиб тушган 1 456 нафар фуқарога жами 7 189 972 822 сўм пул маблағлари пропорционал тақсимлаб, ўтказиб берилган.

Шунингдек, “Malibu” русумли автотранспорт воситаси сотувидан тушган 236 961 327 сўм ҳамда ДСИдан қайтарилган 307 257 212 сўм ортиқча тўланган солиқлар ундирувчиларга пропорционал тақсимланиб, 1 456 нафар ундирувчига 518 820 836 сўм ўтказиб берилган.

Ижро ҳаракатлари давомида жами 201 181 173 сўмлик офис жиҳозлари реализация қилиш савдо дўконларига топширилган бўлиб, шу кунга қадар сотилмаган.

Уйчи туманида жойлашган ер участкасининг умумий майдони 661,7 квадрат метр бўлган идора бино-иншооти кўздан кечирилганда, кўчмас мулк объектининг майдони аслида 3403,8 квадрат метр экани аниқланган ва ҳозирда кўчмас мулк объектини баҳолатиш чоралари кўрилмоқда.

Қарздор Х.Турдиев номида бўлган “Lada 212140” русумли автотранспорт воситаси 76 870 000 сўмга баҳоланган бўлиб, ҳозирда аукцион савдолари орқали сотиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, қарздор Х.Турдиев номидаги Қашқадарё вилояти, Китоб туманида жойлашган турар жой объекти 116 582 000 сўмга баҳоланган бўлиб, электрон онлайн-аукцион савдоси 15 апрелга тайинланган.

Бундан ташқари, қарздор А.Шамшиддинов номидаги Наманган вилояти, Уйчи туманида жойлашган савдо дўконини мутахассис томонидан баҳолатиш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур йиғма ижро иши алоҳида назоратга олинган бўлиб, ҳозирги кунда жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда ва ундирилган пул маблағлари ундирувчиларга пропорционал тақсимланади, дейилади МИБ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 14 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ масъулларига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинганди. Ҳукмга кўра, агентлик масъуллари айбдор деб топилиб, жами 12 кишига 5 йил 9 ойдан 9 йилга қадар қамоқ жазоси тайинланган.

Фуқароларга етказилган жами зарар 19,5 млрд сўмдан ортиқлиги, терговда ундирилган ва хатланган мол-мулк эса 8,5 млрд сўм атрофида экани маълум қилинган.

Мавзуга оид