Жамият | 19:01 / 23.03.2021
28427
4 дақиқада ўқилади

Хоразмлик 120 ёшли момо ўтмиш хотираларини сўзлаб берди

Хоразм вилояти, Шовот тумани, Бешмарган қишлоғида 120 ёшни тўлдирган Ўғил момо Эшёзова истиқомат қилади. У вилоятнинг энг кекса кишисидир. Онахон билан уйида учрашиб, ўтмиш хотираларини сўраб, ёзиб олдик.

Ўғил момо бой оилада туғилган

Ўғил момо Эшёзова 1900 йилда бой оилада туғилган. Унинг отаси Эшниёзбек уйида 7-8 хизматкорни ишлатган бадавлат деҳқонлардан эди. Онаси илмли аёллардан бўлган ва отинойи сифатида мадрасада дарс берган. Момо оиласида ўғил фарзанд туғилмаган, 3 нафар қиз бўлган. Хоразмда ўғил фарзанд туғилишини истаб, қизларга Ўғил исмини қўйиш қадимдан одат ҳисобланади. Момога ҳам шундай ниятда исм қўйилган.

Оиладаги фожиа

Ўтган асрнинг 20-йилларида Хива хонлиги советлар томонидан тугатиб юборилганидан сўнг, маҳаллий зиёлиларга, бойларга қарши қатағонлар бошланди. Большевиклар бадавлат деҳқонларни «кулак-эксплуататор», «синфий душман» ва совет ҳукуматига қарши унсурлар деб эълон қилишди.

Оқибатда кўплаб бойларнинг шўри қурийди. Уларнинг аччиқ қисмати Эшниёзбекнинг бошига ҳам тушган. У большевиклар томонидан ҳибсга олиниб, Хива қамоқхонасида ўлдирилган. Мол-мулки эса давлат фойдасига мусодара қилинган. Ўғил момо отасининг мурдаси қамоқхонадан ўғирланиб, яширинча жаноза ўқилиб, қабристонга дафн этилганини эслайди.

Колхозда ўтган умр

Ўғил момо ўрта мактабнинг 7-синфини тугатгач, опа-сингиллари билан колхозда ишлаган. Ерни чопиқ қилган, пахта терган, ариқ ва зовурларни қазиган. 40-йилларда катта Шовот каналини реконструкция-қазиш ишларида қатнашган. Оғир меҳнат шароити туфайли бир қўли синган. Шундай бўлса-да, колхоз раиси уни мажбуран пахта даласига жўнатган.

«Бир қўлим билан пахта терганман», дейди Ўғил момо.

Онахон бир умр колхозда ишлаб, 1950 йилда 22 сўм билан пенсияга чиққан. Ҳозирда 1 млн сўмдан ортиқ пенсия олади.

Уруш даҳшатлари

Иккинчи Жаҳон уруши балоси хоразмликларни ҳам четлаб ўтмади. Ёш-у қари эркак урушга отланди, моддий бойликлар фронт учун сарфланди. Қишлоқда аёллар, болалар ва касалвандлар қолишди.

«Омборимизда ғамлаб қўйилган ғалла ва маккажўхорини олиб кетишди. Фронтга, ҳарбийларга, урушда жабрланган оилаларнинг болаларига деб айтишди. Қишлоғимиздаги уйларда 1 эркак бўлса ҳам урушга кетди, 2 эркак бўлса ҳам урушга кетди. Қайтиб келмаганлари кўп бўлди...», дейди момо.

Ўғил момонинг турмуши

Ўғил момо нисбатан кеч турмушга чиққан. Фарзанди 4 ёшга тўлганида эри вафот этиб, бева қолган. Бошқа турмуш қурмаган ва ёлғиз фарзандини ўзи катта қилган. Момонинг ҳозирда 72 ёшга чиққан ягона фарзандидан 5 набира, 12 чевара ва эвара бор. Момонинг опа-сингиллари ҳам узоқ умр кўришган – бири 97, иккинчиси 90 ёшида вафот этган.

Турмушдаги ноқулайлик

Бешмарган қишлоғи бир неча йил олдин табиий газ тармоғидан узиб ташланган. Одамлар кўмир, ўтин ёқиб, уйларни бир амаллаб иситиб яшамоқда.

«Газ печимиз аввал гуриллаб ёниб турарди. Уйимиз иссиқ бўларди. 15 йилча олдин негадир узиб ташланди. Шундан бери газ йўқ», деб куйинади момо.

Кутилмаган медаль

2020 йил май ойида II Жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб, Ўғил момо Эшёзова Россия президенти томонидан медаль билан тақдирланган. Кутилмаган мукофотдан онахоннинг боши кўкка етган. У медаль ҳақида фахрланиб гапиради.

Ёши улуғ аёл толиқиб қолгани сабабли, суҳбатимиз қисқа бўлди. Акс ҳолда ундан жуда кўп нарсаларни сўраб, билиб олмоқчи эдик. Якунда кўпни кўрган момо фаровон ҳаёт учун шукрона айтиб, барчанинг ҳақига хайрли дуо қилди.

Журналист Нурмуҳаммад Саид
Тасвирчи Сирожиддин Қадирбергенов

Мавзуга оид