Иқтисодиёт | 13:29 / 24.03.2021
9004
3 дақиқада ўқилади

«Ажратилган маблағлар натижасини баҳоловчи мезонлар ишлаб чиқилди» — Вазир ўринбосари дастурий бюджетлаштириш тизимига ўтиш зарурати ҳақида

2022 йилдан барча вазирлик ва идораларга ажратиладиган бюджет маблағларининг мақсадли индикаторлари белгиланади ва дастурий бюджетлаштириш тизими жорий этилади.

23 март куни Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистонда дастурий бюджетлаштириш тизимини жорий этиш масаласида ҳалқаро семинар ўтказилди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Айтилишича, янги тизим орқали давлат бюджети ижросини режалаштириш, бажариш ва назорат қилиш мумкин бўлади ва у 2022 йилдан ишга тушади.

Тадбирда Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров дастурий бюджетлаштиришнинг нима учун зарурлигига изоҳ берди.

«Кўп блогер ва журналистлар давлат бюджети маблағлари самарали ишлатиляптими, бу бўйича нима ишлар қилиняпти, деган масалани кўтаришмоқда. Мана шу каби саволларга дастурий бюджетлаштириш тизимига ўтиш жавоб беради.

Ҳозиргача Молия вазирлиги, умуман ҳукумат Олий Мажлис палаталарида бюджетни ҳимоя қилаётганда фалон дастурга бунча маблағ ажратилди, деб ҳисобот бериб келган. Лекин дастурга ажратилган маблағлар билан қандай натижаларга эришилди, деган саволга жавоб йўқ. Чунки бунинг мониторинг тизими йўлга қўйилмаган. Шунинг учун дастурий бюджетлаштиришга ўтиш жудаям муҳим», – деди вазир ўринбосари.

Аҳадбек Ҳайдаров

Маълум қилинишича, айни пайтда янги тизим Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Сув хўжалиги вазирликлари ва Автомобил йўллари қўмитасида синовдан ўтказилмоқда.  

Шунингдек, семинар доирасида «Фуқаролар учун бюджет» нашри тақдимоти  ҳам бўлиб ўтди. Бу ҳақда Молия вазирлиги давлат бюджети департаменти директори Шерзод Муҳамедов маълумот берди.  

Шерзод Муҳамедов

«Ушбу ахборот нашри фуқароларга бюджет маълумотларини инфографикалар ва таққосланма маълумотлар орқали мамлакатимизнинг бир неча йиллардаги иқтисодий ҳолатини таққослаган, турли молиявий термин ва атамалардан четлашган ҳолда тушунтириб бериш мақсадида тайёрланди. Бу галги нашр 2021 йил учун тасдиқланган бюджет маълумотлари асосида ишлаб чиқилди. Нашр Молия вазирлигининг расмий веб-саҳифаларида эълон қилинган. Барча қизиқувчилар у билан танишишлари мумкин.

Ахборот нашрида 2019-2020 йиллардаги республика иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда 2023 йилгача бўлган прогнозлар акс этган. Хусусан, макроиқтисодий ўсишлар, ЯИМ ўтган йилларда қанча миқдорни ташкил этгани, ўсиш суръати қандай бўлгани ва 2023 йилга бориб қай ҳолатда бўлиши батафсил баён қилинган», – деди вазирлик расмийси.

Маълум қилинишича, нашрда бюджет қонун ҳужжатларида нималар ўзгаргани, консолидациялашган бюджет қамрови, харажатлари ва тақчиллиги ҳам ёритилган. Алоҳида бир бўлимда давлат қарзининг ҳолати ва динамикаси ҳам келтирилган.

Мавзуга оид