Жаҳон | 23:03 / 24.03.2021
10849
10 дақиқада ўқилади

Бой давлатлар ривожланаётган мамлакатларнинг вакцина ишлаб чиқаришига «тўсқинлик» қиляптими?

Коронавирус пандемиясига қарши курашда жиддий муаммо мавжуд. Рекорд вақт ичида бир неча турдаги вакцина ишлаб чиқилган бўлса-да, бу вакциналар аксарияти дунёнинг маълум чекланган қисмидагина қўлланмоқда.

Фото: Michael Ciaglo/Getty Images

Коронавирусга қарши вакциналар АҚШ, Буюк Британия, Европа, Хитой, Россия ҳамда Ҳиндистонда ишлаб чиқилди ва асосан ушбу мамлакатларда қўллана бошлади. Ушбу давлатлар нафақат вакцина ишлаб чиқди, балки ишлаб чиқарилганларининг катта қисмини сотиб ҳам олди. Бу эса паст ва ўрта даромадли мамлакатларга етказиладиган вакциналар миқдорининг пасайишига сабаб бўлмоқда.

Баъзи ривожланаётган давлатлар ўз вакциналарини ишлаб чиқариши мумкин. Бу эса камбағал мамлакатларга вакциналар етказиб берилишининг ортишига сабаб бўлиши айтилмоқда. Ҳиндистон ва Жанубий Африка Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га вакцина ишлаб чиқаришни чекловчи патент қонунларини юмшатиш юзасидан илтимос билан мурожаат қилди.

Аммо фармацевтика компаниялари ва бой мамлакатларнинг ҳукуматлари патент қонунларини юмшатиш пандемияга қарши курашга ва вакцина ишлаб чиқиш билан боғлиқ келгусидаги тадқиқотларга зарар етказиши мумкинлигини айтиб, қаршилик билдиришмоқда.

Хўш, бой давлатлар ривожланаётган мамлакатларнинг вакцина ишлаб чиқаришига, аслида, нима учун «тўсқинлик» қилмоқда»?

Қайси мамлакатларда эмлаш дастурлари давом этмоқда?

ЖССТ феврал ойида берган баёнотида тахминан 200 миллион дозада Covid-19 вакцинаси қўлланганини, аммо унинг 75 фоизи даромад даражаси юқори бўлган 10 мамлакатга тўғри келишини маълум қилди.

Шимолий Каролина штатидаги Дюк университетининг глобал соғлиқни сақлаш ва жамоат сиёсати профессори Гэвин Ямейнинг сўзларига кўра, 2,5 миллиард аҳоли яшайдиган 130га яқин давлатга ҳатто бир доза ҳам вакцина етиб бормаган.

«Ишлаб чиқарилган вакциналарнинг бой давлатлар томонидан катта миқдорда сотиб олинаётганини кўриш жуда ачинарли вазият. Чунки вакцина масаласига асосан «аввал ўзим» ва «фақат мен» деган ёндашув аралашяпти. Бу ўта адолатсиз бўлиш билан бир қаторда, халқ соғлиғига нисбатан даҳшатли муносабат ҳамдир», дейди Ямей BBC нашри билан кечган суҳбатда.

Ривожланаётган мамлакатларни вакцина билан таъминлаш бўйича халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатлар молиявий жиҳатдан юқори даромадли мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Ривожланаётган мамлакатларга икки миллиард дозада вакцина етказиб беришни мақсад қилган глобал Covax ташаббуси ва вакцинани ишлаб чиқиш бўйича маълумот ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини мувофиқлаштирувчи Covid-19 Technology Access Pool (C-Tap) вакциналарни янада кенгроқ миқёсда тарқатиш ва тенг тақсимлашни мақсад қилган. Бироқ ушбу лойиҳалар баъзи қийинчиликларга дуч келмоқда.

Гарчи Covax’да эҳтиёжманд аҳолини эмлаш учун зарур механизмлар мавжуд бўлса-да, ушбу доирадаги мамлакатлар ҳануз вакцина билан таъминланмаган.

Қолаверса, ЖССТ томонидан 2020 йил июн ойида ташкил этилган C-Tap билан баҳам кўриш даражаси ҳам пастлигича қолмоқда.

«Бугунги кунгача ҳеч қандай технология алмашилмади. Ҳеч нарса ўртада баҳам кўрилмади. Бошқача қилиб айтганда, C-Tap’даги маҳсулот портфели нолга тенг», дейди Чегара билмас шифокорлар (MSF) ташқи алоқалар бўлими раҳбари Ракель Гонсалес.

«Бу ривожланаётган мамлакатларда ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун йўл очишни мақсад қилган ташаббус эди. Аммо лозим патентларга эга бўлган фармацевтика саноатидан ҳеч қандай жавоб бўлмади», – қўшимча қилади Ракель Гонсалес.  

AstraZeneca’нинг Ҳиндистондаги Серум институти, Johnson & Johnson’нинг Жанубий Африкадаги Aspen Pharmacare билан вакцина ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича баъзи бир икки томонлама келишувлари мавжуд бўлса-да, вакциналардан глобал миқёсда фойдаланиш имкониятини ошириш учун бу етарли эмас. 

Ишлаб чиқариш олдида қандай тўсиқлар мавжуд?

Вакцина ишлаб чиқариш қатъий патент қонунлари билан назорат қилинади. Ушбу тартиб фармацевтика компаниялари янги дори-дармон ихтиро қилганда улар бошқалар томонидан ишлаб чиқарилмаслигининг олдини олишга қаратилган. 

Бу эса ишлаб чиқариш ҳам, нархлар ҳам фармацевтика компаниялари томонидан назорат қилинишини англатади. Табиийки, бу ҳолда камбағал мамлакатларнинг ушбу дори-дармонларга етишиши имконсиз бўлиб қолиши мумкин.

Жанубий Африка ва Ҳиндистон Жаҳон савдо ташкилотидан пандемия пайтида вакциналарнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини «музлатиб» туришни ва патентларни вақтинча бекор қилишни сўради.

MSF ходими Гонсалес ушбу сўровнинг мақсади технология ва илмий билимларнинг узатилишини осонлаштириш, шу билан бирга, ривожланаётган мамлакатларда вакцина ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали уларга ўз аҳолисининг бу борадаги эҳтиёжини қондириш имкониятини бериш эканини таъкидлайди.

«Ҳиндистон ва Жанубий Африка, агар улар билан «рецепт» бўлишилса, ишлаб чиқариш жараёнига ўтиши мумкин бўлган фармацевтика лабораториялари ва ишлаб чиқариш бинолари мавжуд эканини билдирмоқда. Агар маълумотлар алмашилмаса, вакциналар фақат қўлида патент бўлган компаниялар томонидангина ишлаб чиқарилиши мумкин», дейди у.

Ахборот алмашиш муаммони ҳал қиладими?

Бироқ фармацевтика саноати мутахассислари ушбу тавсия вакцина  ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ёрдам бермаслигини таъкидлашмоқда.

Халқаро фармацевтика ассоциацияси (IFPMA) бош директори Томас Куени масала интеллектуал мулк ҳуқуқлари тўғрисида эмаслигини айтди.

Куенининг таъкидлашича, бу ерда муаммо хомашёнинг етишмаслиги, таркиб ва ​​имкониятлар, шунингдек, билим ва тажриба билан боғлиқ.

«Патентнинг тўхтатилиши вакцина ишлаб чиқаришни битта дозага ҳам кўпайтирмайди. Бўлишилиши керак бўлган нарсалар тажриба, хомашё, ингредиентлардир. Тўғри, сиз ширинликлар дўконига бориб торт рецептини олишингиз мумкин, аммо бу – сиз торт тайёрлашни ўргандингиз дегани эмас», деб қўшимча қилади Куени.

Pfizer ва AstraZeneca каби фармацевтика компаниялари томонидан АҚШ президенти Жо Байденга ёзилган мактубда патент қоидаларининг юмшатилиши вакциналарга сарф қилинган сармояларни ва инновацияларни тўхтатишдан бошқа нарса эмаслиги таъкидланади.

Мактубда бундай қадам ишлаб чиқаришни тезлаштирмаслиги, балки, аксинча, чалкашликларни келтириб чиқариши, аҳолининг вакциналар хавфсизлигига бўлган ишончини пасайтириши, бу эса «пандемияга нисбатан глобал муносабатни бузиши» мумкинлиги айтилади.

Тарих такрорланадими?

Бу – ривожланаётган мамлакатларнинг дори-дармонларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун тиббий патентларни юмшатиш бўйича қилинган биринчи мурожаат ва чақириқ эмас.

Ўтган асрнинг 90-йилларида, ОИТС эпидемияси Африкага ёйилганда айрим мамлакатлар ҳаётни сақлаб қолувчи дори-дармонларнинг патентларини қайтариб олишни талаб қилишганди.

Бироқ баъзи ривожланган мамлакатлар ушбу чақириқларни рад этади.

Фармацевтика гигантларининг чеклови ва юқори нархлаш амалиётини тугатиш ва ривожланаётган мамлакатларнинг ушбу дори-дармонларга эга бўлиш ҳуқуқини олиши учун 10 йил вақт кетди.

Covax ва C-Tap каби ташаббуслар ҳозирги пандемия жараёнида ушбу вазиятнинг такрорланишига йўл қўймасликка қаратилган. Фармацевтика компаниялари ва ҳукуматлар бундай дастурларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашларини айтишмоқда.

Бироқ пул бошқа жойларга ҳам «оқмоқда» .

Феврал ойида Lancet тиббиёт журналида чоп этилган ҳисоботда вакцина  ишлаб чиқарувчилар вакцинани ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш учун жамоат ва нотижорат фондларидан тахминан 10 миллиард доллар олгани таъкидланади.

Ҳисоботда ушбу лойиҳалар бўйича маълумотларнинг аксарияти жамоатчиликка маълум эмаслиги ва шунинг учун ҳам аниқ рақамлар бундан-да юқори бўлиши мумкинлиги айтилади.

Фармацевтика компаниялари миллиардлаб доллар миқдорида давлат маблағларини олаётгани боис улар ўз технологияларини бошқалар билан ўртоқлашишга мажбурдирлар, деган фикрлар ҳам янграмоқда. Ушбу фикрни илгари сурган гуруҳ пандемия тугагач компанияларнинг даромади ҳам ошишини таъкидламоқда.

Халқаро соғлиқни сақлаш ҳимоячиси ва интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича маслаҳатчи Эллен Т Ҳоэннинг айтишича, «тортнинг бир тилими»ни ривожланаётган мамлакатларга бериш керак.

«Пандемиянинг энг «қайноқ» босқичи тугагандан сўнг вакциналар нархини кўтариш узоқ муддатли режаларда борлиги аниқ. Ривожланаётган мамлакатлар ушбу вакциналарни ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрлар янграшининг яна бир сабаби ҳам мана шунда.

Албатта, бунинг яна бир жиҳати ҳам бор. Агар дунёнинг турли бурчакларида ва ҳатто ҳамма ерида вакцина ишлаб чиқариш бўйича тажриба мавжуд бўлса, бу кейинги пандемияга яхши тайёргарлик кўрилишига ёрдам беради», дейди у.

ЖССТ бу мунозара ҳақида нима дейди?

ЖССТ «вакцина айирмачилиги» деб номланган ушбу жараён сўнгида дунё «ҳалокатли ахлоқий таназзул»га учрашидан огоҳлантирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус январ ойида қилган баёнотида бой мамлакатларда ёш ва соғлом одамларнинг камбағалроқ ҳудудлардаги хавф остида бўлган инсонлардан олдин эмланишини ноҳақлик сифатида баҳолайди.

Доктор Тедрос «аввал мен» ёндашуви нархларнинг кўтарилишига ва у фойдадан кўра кўпроқ зарарга ишлаганини айтади. «Охир-оқибат, бу ҳаракатлар нафақат эпидемиянинг, балки ўрнатилган чекловларнинг, инсоний ва иқтисодий муаммоларнинг янада узоқроқ чўзилишига олиб келади» дейди у.

Мавзуга оид