Ўзбекистон | 12:17 / 24.03.2021
2914
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёлик ота машинаси хатлангач фарзандларига 31 миллион сўм алимент тўлаб берди

Сирдарё вилояти Ховос туманида алиментдан қарздор бўлган ота машинаси хатлангач фарзандларига 31 миллион сўм қарздорликни тўлаб берди.

Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармасининг маълум қилишича, Гулистон туманлараро судининг 2017 йил 11 июлда чиқарган қарорига асосан қарздор И.Э.дан ундирувчи Г.Э. фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун даромадларининг 1/2 қисми миқдорида алимент ундириш кўрсатилган ва МИБ Ховос тумани бўлими иш юритувига ўтказилган.

МИБ Ховос туман бўлими ходимлари томонидан қарздор И.Э. алимент тўлаши юзасидан бир неча марта огоҳлантирилган бўлса-да, қарздор ота 31 034 595 сўм алимент пулини тўлашдан қасддан бўйин товлаб, ўз фарзандларини моддий таъминотсиз қолдириб келган.

Қайд этилишича, қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 16 март санасида қарздорнинг мол-мулки қайта ўрганилган. Натижада И.Э.га тегишли «Nexia» русумли автомашина аниқланиб, холислар иштирокида хатланиб, жарима майдончасига сақлаш учун топширилган ва бу ҳақда тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган.

Шундан сўнг автомашинаси сотилиб кетишидан саросимага тушган қарздор И.Э. 18 март куни фарзандлари учун 31 034 595 сўм миқдорида алимент пулларини ундирувчи Г.Э.га тўлаб берган.

Мавзуга оид