Ўзбекистон | 19:27 / 26.03.2021
3179
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан меморандум имзолаши кутилмоқда

Бугун, 26 март куни Тараққиёт стратегияси марказида қуролли можаролар ҳудудларидан болалар ва аёлларни ўз ватанига қайтариш ва уларнинг жамиятга самарали реинтеграцияси борасидаги халқаро ҳамкорлик юзасидан Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия Федерацияси Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари (омбудсманлари) ҳамда ЮНИСEФ ҳамкорлигида онлайн конференция ўтказилди.

Омбудсман котибиятининг бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири Саттор Раҳматовнинг айтишича, бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан халқаро конвенциялар ҳар бир давлат учун бир хил аҳамиятга эга ва ҳамма энг заиф қатлам бўлган болаларни кўпроқ ҳимоялашга ҳаракат қилади. Ўзбекистон ҳам бу борада халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга уринмоқда.

«Биз ҳозир халқаро ҳамкорлик доирасида бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан бир қатор ишлар олиб боряпмиз. Бизга Россия ва Марказий Осиёда бола ҳуқуқларига доир масалалар юзасидан мурожаатлар тушяпти.

Саттор Раҳматов

Масалан, бухоролик фуқаромиз Россияга ишлаш учун кетган ва ўша ерда россиялик аёлга уйланган. Оила фарзандли бўлгач, уларнинг қонуний никоҳи бузилган. Уларнинг фарзандини йигитнинг бувиси ишончнома асосида Бухорога олиб кетиб қолган. Пандемия вақтида бола Ўзбекистонда қолиб кетган, ишончнома муддати эса ўтиб кетган. Бола ўзининг қонуний вакилига қайтарилмаган. Бизга бу масала юзасидан Свердловск вилояти омбудсмани мурожаат қилди. Вазиятни тезлик билан ўрганиб, болани қонуний вакилига қайтаришга эришдик. Шу каби муаммоларда ҳамкорлик керак, бу тезроқ ишлашни, боланинг бузилган ҳуқуқларини тезроқ таъминлаш имконини беради.

Раҳматовнинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия билан бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан имзоланадиган меморандум лойиҳаси ва шартлари кўриб чиқилмоқда.

“Асосий шартлар - боланинг миграция жараёнида ҳуқуқлари бузилмаслиги, шунингдек, қуролли можароли ҳудудлардан қайтарилаётган болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби масалалар. Масалан, биздаги «Меҳр» операциялари давомида Россия фуқароси бўлган бола ҳам олиб келинган. У боланинг ҳужжатлари топилган ва онаси аниқланган, ҳозир фақат қонуний вакилига қайтариб бериш масаласи қолган. Шу каби ҳолатларда бола ҳуқуқлари бўйича вакиллар бир-бирига кўмак бериши муҳим ҳисобланади”, – дея Саттор Раҳматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид