Жаҳон | 23:23 / 26.03.2021
19417
2 дақиқада ўқилади

Сувайш каналини тўсиб қўйган кемани сувга қайтаришга уриниш муваффақиятсиз якунланди

Ҳозирда асосий эътибор кеманинг чап борти тарафдаги қум ва лойларни олиб ташлаш орқали канал тубини чуқурлаштиришга қаратилмоқда.

Фото: EPA/Vostock-photo

 Сувайш каналини тўсиб қўйган Ever Given контейнер ташувчи кемасини сувга қайтаришга уриниш муваффақиятсиз якунланди. Бу ҳақда кема оператори Berhard Shult Shipmanagment (BSS) маълум қилди.

«Бугун, 26 март куни кемани сувга қайтадан туширишга уриниш муваффақиятсиз якунланди», — дейилади хабарда.

Ҳозирда асосий эътибор кеманинг чап борти тарафдаги қум ва лойларни олиб ташлаш орқали канал тубини чуқурлаштиришга қаратилмоқда.

Бу ишларда ёрдам бераётган Нидерландиянинг SMIT компанияси 28 март куни қўшимча яна иккита шатак кемаси жалб қилинишини билдирди.

Улкан кема 23 март куни каналда кўндаланг туриб қолиб, кемалар қатновини тўлиқ тўхтатиб қўйганди. Дастлаб кемани йўлдан олиш бўйича ишлар 2-3 кун давом этиши тахмин қилинганди.

Аммо кемани сувга қайтариш билан шуғулланаётган Boskalis компанияси бунга ҳафталар кетиши мумкинлигини маълум қилди.

Аввалроқ Ever Given кемасининг Сувайш канали орқали ҳаракатланишни тўхтатиб қўйиши жаҳон савдосига соатига 400 млн долларга тушаётганлиги айтилганди.

Мавзуга оид