Ўзбекистон | 22:35 / 26.03.2021
37252
5 дақиқада ўқилади

Тожикистонда болалар полиомиелити авж олгани сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ўзбекистонда бу касалликни назорат қилиш кучайтирилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Тожикистонда ўткир юқумли полиомиелит касаллиги (болалардаги мия ярим фалажи) тарқалаётгани ҳақида баёнот берди. 18 март ҳолатига кўра, у ерда асаб тизимини фалаж қиладиган хасталикни юзага келтирувчи поливирус (сПВВП2) билан 4 нафар бола зарарлангани аниқланган. Шунингдек, беморлар билан мулоқотда бўлган бир қатор кишиларда ҳам поливирусга чалиниш ҳолатлари аниқланган.

ЖССТ Тожикистонда аниқланган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқди ва мазкур эпидемияни иккинчи даражали фавқулодда ҳолат деб таснифлади.

Айни пайтда Тожикистонда ушбу юқумли касаллик юзасидан тўлиқ текширув олиб борилмоқда, жумладан, касалхонага ётқизиш, контактларни аниқлаш ва субмиллий даражадаги эмлашни қамраб олувчи маълумотлар кўриб чиқилмоқда. Касалликни юқтириш бўйича ҳозирги ёки аввалги ҳолатларни аниқлаштириш учун мамлакатда кузатув чоралари кучайтирилган, хусусан, атроф-муҳитдаги полиовирусни кузатиш тизими яратилган.

Ўзбекистонда полиомиелитни назорат қилиш кучайтирилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Ўзбекистонда полиомиелит ва ўткир шол фалажининг (ЎШФ) фаол эпидемиологик назоратини кучайтириш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан республикада полиомиелит касаллигининг олдини олиш ва тарқалишига қарши профилактик ва эпидемияга қарши чоралар ЖССТ тавсияларига мувофиқ амалга ошириб келинмоқда.

Республикамизда полиомиелит касаллиги учрамайди, лекин чет давлатлардан кириб келган шахслар маҳаллий аҳолига юқтириши мумкин. Бугунги кунда Тожикистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасида полиомиелит касаллиги аниқланмоқда. Ушбу давлатлар билан иқтисодий алоқалар яхши йўлга қўйилган бўлиб, фуқароларнинг кириб-чиқиши учун шароитлар яратилган.

Ўткир паралитик фалажни назорат қилиш бўйича эпидемиологик вазиятни ўрганиш учун Сурхондарё вилоятига мутахассислар сафари уюштирилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг санитария назорати пунктларида (СНП) ва даволаш-профилактика муассасаларида ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтиришни ташкил этиш ва 5 ёшгача бўлган болаларни эмлашга тайёрлаш бўйича амалий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилди.

Сурхондарё вилояти ҳудудида ёввойи полиовируснинг 2-турининг олдини олиш ва тарқалиши олдини олиш мақсадида 10-20 март кунлари 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида оммавий эмлаш ўтказилди. Республикамиз ҳудудига четдан ёввойи полиовируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари  раҳбарлари хабардор қилиниб, полиомиелит ва ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтириш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», дейилган маълумотда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим мудири Дилором Турсунова Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати билан суҳбатда полиомиелит қандай касаллик экани, бу касаллик билан оғримаслик учун нима қилиш кераклиги ҳақида маълумот берди. 
 
Полиомиелит қандай касаллик? 

Полиомиелит — бошқарилувчи ўткир юқумли хасталик бўлиб, асосан орқа миянинг кулранг моддасини фалаж қилади. Оқибатда эса, бемор умрини охиригача мажруҳ бўлиб қолиши, ҳаттоки, ўлим ҳолати ҳам кузатилиши мумкин. Касаллик оқар сув, озиқ-овқат маҳсулотлари, ифлосланган қўллар орқали юқади. 

Шунингдек, бемор билан ёки касаллик қўзғатувчисини ташиб юрувчилар билан мулоқотда бўлганда ҳам юқади. Вирус ҳаво-томчи йўллари орқали (аксирганда, йўталганда), шунингдек, ифлосланган сабзавот, мева, қайнатилмаган сув ва сутни истеъмол қилганда пайдо бўлиши мумкин.

Полиомиелит касаллигига сабаб бўлувчи поливирус ичак инфекцияларидан бири ҳисобланади. Ундан кўпроқ болалар зарарланади. Аммо катталарга ҳам ушбу инфекция юқиши ўз исботини топган.

Хасталикнинг яширин даври ва илк белгилари

Полиомиелит касаллигининг яширин даври вирус юқтирилган кундан то 21 кунгача чўзилиши мумкин. Беморнинг ҳарорати 38-39 даражагача кўтарилади, мушакларда оғриқ пайдо бўлиши ва ич кетиши кузатилади. 

Бу белгилар 4-5 кундан кейин ўтиб кетиб, бир ҳафтадан сўнг ҳарорат яна кўтарилади ва турли мушаклар, айниқса, оёқ ва қўллар фалажи авж олиши мумкин. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу касаллик беморда оғир асоратлар қолдиради ва унинг ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкин. 

Полиомиелит касаллиги билан оғримаслик учун нима қилиш керак?

Аввало, бунинг учун соғлом турмуш тарзига амал қилиш талаб этилади. Шунингдек, вақтида касалликка қарши эмланиш ҳам унинг олдини олишнинг энг самарали усули ҳисобланади.

Бундан ташқари, сувни қайнатиб ичиш тавсия этилади. Қўллар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг тозалигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Мавзуга оид