Ўзбекистон | 21:49 / 27.03.2021
69883
3 дақиқада ўқилади

Навоийда ўзи ва уч қизининг жонига қасд қилган аёл воқеаси. Эри уни ўғил туғмасликда айблаб келган

Навоий вилоятида ўзи ва уч нафар қизини поезд тагига ташлаб вафот этган аёл руҳан соғлом бўлган, оила моддий жиҳатдан ўртаҳол. Маълум бўлишича, эри доимий равишда уни ўғил туғмасликда айблаб келган. Шу йил бошида тўртинчи қизига ҳомиладор бўлган 31 ёшли аёл уни олдириб ташлашига тўғри келган.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

21 март куни Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги «Совунгар» маҳалласида яшаган аёл вилоятнинг Кармана туманида ўзи ва фарзандларини поезд остига ташлаб, жонига суиқасд қилди. Kun.uz бу ҳақда 24 март куни хабар берган эди.

Ҳодиса сабабларини ўрганиш мақсадида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Навоий вилояти ҳокимлигига хат билан чиқди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қилди.

Аниқланишича, 1989 йилда туғилган З.Жабборова ва унинг фарзандлари поезд уларга яқинлашиб келган вақтда темир йўл изига югуриб чиқиб, иккита рельс орасига ётиб олган, натижада юк поезди уларни уриб юборган.

Она Кармана тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган. Вояга етмаган 5 ёшли қизи эса оғир тан жароҳати туфайли жонлантириш бўлимига ётқизилган. 8 ва 3 ёшли қизалоқлар бахтли тасодиф туфайли омон қолган.

Марҳуманинг яқин қариндошлари билан суҳбатлашилганда, оилавий шароити моддий жиҳатдан ўртаҳоллиги, сўнгги вақтларда у билан турмуш ўртоғи О.Рўзиев «Сен ўғил фарзанд туғмайсан» деб жанжаллашиб тургани сабабли руҳиятида ўзгаришлар бўлгани, лекин қолган оила аъзолари ёки бошқа шахслар билан келишмовчиликка бормагани, руҳий жиҳатдан соғломлиги, яқин қариндошлари орасида руҳий касаллик белгилари мавжуд бўлганлар йўқлиги аниқланган.

Ушбу маҳалла патронаж ҳамшираси берган маълумотга кўра, фуқаро З.Жабборова 2021 йилнинг январь ойида ҳомиладорлиги туфайли мурожаат қилган. У тиббий кўрикдан ўтказилганда, ушбу ҳомила ҳам қиз экани аниқланган. Натижада аёл ўз хоҳиши билан ҳомиласини олдириб ташлаган.

Бундан ташқари, фуқаро З.Жабборова оиласидаги келишмовчилик юзасидан бирор маротаба МФЙ ходимларига ёки туман ИИБ профилактика инспекторига мурожаат қилмаган.

Айни вақтда Навоий транспорт прокуратураси суриштирув ишларини ўтказяпти. Ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси назоратига олинган.

Мавзуга оид