Жамият | 14:54 / 28.03.2021
10840
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ҳайдовчи «рул»да ухлаб қолиб ЙТҲ содир этди. Бир нафар йўловчи ҳалок бўлди

Фото: ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ҳайдовчи машина бошқариб келаётиб, ухлаб қолган. Оқибатда унинг ёнида бўлган йўловчи вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 2021 йил 26 март куни соат тахминан 6:30 лар атрофида М41 Термиз-Душанбе-Бишкек халқаро автомобиль йўлининг Шўрчи тумани Солижон бобо маҳалласидан ўтган 1 517 километрида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.

Маълум бўлишича, Шўрчи тумани Оқтумшуқ маҳалласида яшовчи 1997 йилда туғилган шахс отасига тегишли, давлат рақами 75 U 659 HA бўлган «Нексия» машинасини Термиз-Денов йўналиши бўйлаб бошқариб келаётиб ухлаб қолган. Оқибатда «Нексия» йўлнинг чап томонига чиқиб кетган ва бетон деворга урилган.

Мазкур йўл-транспорт ҳодисасида ҳайдовчи жиддий тан жароҳатлари олган. «Нексия»да йўловчи сифатида кетаётган 1995 йилда туғилган, Шўрчи тумани Оқтумшуқ маҳалласида яшовчи шахс эса оғир тан жароҳатлари олган ва шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан вафот этган.

Дастлабки суриштирувларда, ҳайдовчи бир суткадан ошиқроқ вақт мобайнида ухламасдан машина бошқаргани, бунинг устига тажрибаси ҳам етарли эмаслиги аниқланган.

Мавзуга оид