Ўзбекистон | 15:49 / 29.03.2021
30020
7 дақиқада ўқилади

«Avto oltmish oy» МЧЖ иши бўйича суд ҳукми ўқилди

2021 йил 29 март куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида “Avto oltmish oy” МЧЖ масъулларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, судланувчилар Ж.Баҳодиров (1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Avto oltmish oy” МЧЖ раҳбари), О.Мирзаев (1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ишсиз), Э.Қурбонов (1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ишсиз), М.Гулмирзаева (1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Avto oltmish oy” МЧЖ бош ҳисобчиси) ва М.Ҳакимова (1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Avto oltmish oy” МЧЖ маслаҳатчиси)га нисбатан жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Д.Валиев томонидан кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:

  • Ж.Баҳодиров Жиноят кодекси 179-моддаси (сохта тадбиркорлик), 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) 2-қисми “а” банди ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятлар юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодекси 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-бандига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари тугатилди. Ж.Баҳодиров Жиноят кодекси 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а”, “б” бандлари, 188-1-моддаси (қасддан банкротликка олиб келиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди;
  • О.Мирзаев Жиноят кодекси 179-моддаси, 184-моддаси 2-қисми “а” банди ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятлар юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодекси 83-моддаси 1-бандига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари тугатилди. О.Мирзаев Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, 188-1-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди;
  • Э.Қурбонов Жиноят кодекси 179-моддаси, 184-моддаси 2-қисми “а” банди ва 3-қисми ҳамда 243-моддасида назарда тутилган жиноятлар юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодекси 83-моддаси 1- ва 3-бандларига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари тугатилди. Э.Қурбонов Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари ва 188-1-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди;
  • М.Гулмирзаева Жиноят кодекси 179-моддаси, 184-моддаси 2-қисми “а” банди ва 3-қисми ҳамда 243-моддасида назарда тутилган жиноятлар юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1- ва 3-бандларига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари тугатилди. М.Гулмирзаева Жиноят кодекси 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “в”, “г” бандлари, 168-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, 188-1-моддаси 2-қисми “б”, “в”бандлари, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” банди ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. М.Гулмирзаевага Жиноят кодекси 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида, 2019 йил 7 ноябрдан 20 ноябрга қадар дастлабки қамоқда сақланган 14 кун муддатини озодликдан чеклашнинг бир кунига тенглаштириб ҳисобга олган ҳолда ўташ учун узил-кесил 4 йил 11 ой 16 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилди;
  • М.Ҳакимова Жиноят кодекси 179-моддаси, 184-моддаси 2-қисми “а” банди ва 3-қисми ҳамда 243-моддасида назарда тутилган жиноятлар юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1- ва 3-бандларига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари тугатилди. М.Ҳакимова Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари ва 188-1-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 70-моддаси (шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш)га асосан жазодан озод қилинди.

Жиноят оқибатида жабрланувчиларга етказилган моддий зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши ҳамда жиноят иши юзасидан хатланган пул маблағлари ва мол-мулк сотувидан тушган пулларни пропорционал тартибда жабрланувчиларга тақсимлаш белгиланди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳамда судланувчилар ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилишнинг қонунда белгиланган тартиби ва муддати тушунтирилди, дейилади хабарда.

Тергов маълумотига кўра, “Avto oltmish oy” МЧЖ таъсисчиси ва бошқа мансабдорлари фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб, одамлардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача пул олган, 16 мингдан ортиқ мижоздан жами 57 миллиард 412 миллион сўм йиғилган.

Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34 миллиард 148 миллион сўм бўлиб, шундан нақд пул шаклидагиси 26 миллиард сўм, хатланган мол-мулклар эса 8 миллиард 148 миллион сўмдан иборат. Камомад 23 млрд 264 млн сўмни ташкил этган.

Мавзуга оид