Жамоат транспортига муҳтож Андижон. Талабаларни қийнаётган муаммога ечим борми?
Андижон шаҳридаги ОТМлар талабаларини ўқишга қатнаш учун шаҳар ичида йўлкира нархи қимматлиги қийнамоқда. Талабаларнинг қатор ташкилотларга мурожаатлари натижасиз қоляпти.
Андижонда 4 та олий таълим муассасаси бор. Булар – Андижон давлат университети, Андижон давлат тиббиёт институти, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда Андижон машинасозлик институти.
Уларда 30 мингдан зиёд талаба таълим оляпти.
Бир гуруҳ талабалар Kun.uz'га мурожаат қилиб, Андижон шаҳрида ўқишга бориб-келиш учун жамоат транспорти – автобус ва йўналишдаги микроавтобуслар йўқлиги, йўл ҳақи қимматлиги оқибатида қийинчиликлар юзага келаётганини билдиришган.
Андижон давлат университети фаол талабалари мазкур муаммо бўйича Ёшлар ишлари агентлигининг вилоятдаги бўлимига, агентлик директори Алишер Саъдуллаевга, вилоят Транспорт бошқармасига мурожаат қилишган. Лекин натижа бўлмаган.
Биз муаммо юзасидан талабалар, ўқитувчилар ва вилоят Транспорт бошқармаси мутасаддилари билан учрашдик.
Дастлаб 20 минг талаба таълим оладиган Андижон давлат университетида бўлдик.
«Биз Андижон давлат университети талабалари ҳозирги кунда автобус ва микроавтобус қатновига жуда муҳтожмиз. Чунки шаҳар ичида қатнов 75-йўналиш бўйича эски шаҳардан университетга ҳамда янги бозордан университетга 3 минг сўмни ташкил қилмоқда.
Бу масала бўйича вилоят ёшлар иттифоқига, вилоят ёшлар ишлари агентлиги Ойбек Йўлдошевга мурожаат билан чиқдик. Улар икки ой олдин янгилик бўлишини айтди. Лекин бўлгани йўқ. Транспорт бошқармаси депозитида ҳеч қандай пул йўқлиги, уларда автобуслар йўқлиги, агар университет ўз пулига автобус оладиган бўлса, уни йўналишга қўйиб беришлари мумкинлиги ҳақида айтди.
Кейин Андижон вилоятида бу масала ҳал бўлмагач, республикага, Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаевга мурожаат билан чиқдим.
Уларга ҳам мурожаат қилганимга яқинда бир ой бўлади. Лекин ҳанузгача бу муаммо ечимини топгани йўқ», – дейди Андижон давлат университети талабаси Дилдора Олимжонова.
АДУ талабалари – Исомиддин Расулов, Муҳиддин Нўъмонжонов ва Хусниябону Жонибековалар ҳам талаба учун ҳар бир сўм қадрли экани, Андижон шаҳри ва туманларда яшайдиган гуруҳдошлари йўналишдаги автобус қатнови қўйилишини кутишаётганини билдиришди.
Улар автобусларнинг қўйилиши талаба ва уларнинг оилалари бюджетига ижобий таъсир кўрсатишини айтишди.
«Ҳозир университетимизда 20 мингдан ортиқ талаба ўқиса, шулардан 80 фоизи туман ва шаҳарлардан қатнайди. Олтинкўл туманидан келадиган гуруҳдошлар: «Автобусда шаҳарга 2 минг сўмга келамиз, 75-йўналишда эса 3 мингга университетга келиб оламиз», дея нолишади.
Ахир Олтинкўлдан шаҳаргача масофа 16 километр, Эски шаҳар ёки Янги шаҳардан университетгача эса 4 километр. Сафимизда шартнома бўйича ўқийдиган талабалар бор. Болаларига йўл ҳақига пул берадиган ота-оналарга қийин», – дейди талаба Ҳусниябону Жонибекова.
Талабалар ўтган йили йўл кира нархи бирданига 2 минг сўмга чиқиб кетгач, турли идораларга мурожаат қилганларидан сўнг, мутасаддилар бошқа туманларга қатнаётган 10 та автобусни университет йўналишига буриб беришганини айтишган. Карантиндан сўнг эса автобуслар яна йўқ бўлиб қолибди.
Яна мурожаатлар қилинган. Транспорт бошқармаси 30 ноябрда ўзининг Telegram ва Facebook саҳифаларида университет йўналишига 4 та автобус қўйилганини эълон қилади. Бироқ талабалар ҳеч қандай автобусларни кўришмаган.
«Ўтган йили автобус қатнови йўлга қўйилганидан кейин 2-3-кунлари талабаларни автобусларга чиқишларига «Дамас» ҳайдовчилари қаршилик қилишган. Автобус эшик тагида турса, булар норозилик билдириб, автобус ҳайдовчиси билан уришиб кетишган. Биз эшикдан чиқишимизга қўлимиздан ушлаб машинага олиб чиқиб қўймайди холос. Келиб, чиқинг-чиқинг деб, дарс жараёнида ҳам уларнинг бақир-чақири бизга ҳалақит беради», – дейди талаба Дилдора Олимжонова.
Биз олийгоҳга кириш жойида турнақатор бўлиб турган 75- йўналишда қатновчи «Дамас» ҳайдовчилари Шоҳрухбек Баҳромов, Алишер Ибрагимовлар билан суҳбатлашдик.
Улар ҳар ойда солиқ ва транспорт уюшмасига тўланадиган тўловлар миқдори 400 минг сўмдан ошиши, шунинг учун йўлкира ҳақи 3 минг сўмга кўтарилганини айтишди.
«Йўлкира фақат бизнинг йўналишдагина ошгани йўқ-да. Вилоятдаги ҳамма йўналишларда ҳам йўлкира кўтарилди. Битта бу йўналишдаги муаммоларни кўтариб чиқманглар-да. Бошқа йўналишларда ҳам ошди», – дейди ҳайдовчи Алишер Ибрагимов.
Биз яна бир олийгоҳ – Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтидаги ҳолат билан танишдик.
5 мингга яқин ёшлар таҳсил оладиган муассаса ўқитувчи ва талабалари ҳам транспорт муаммосига тўхталишди.
Кўплаб талабалар билан гаплашганимизда, ўқишга ҳар куни қатнашлари йўл ҳақи юқорилигидан улар ва ота-оналари норози эканини билдиришди.
«Шаҳарнинг ичидан ўқишга қатнайман. Ҳар куни институтга микрорайондан келишим 8 минг бўлади. Бориш-келишим билан йўлкирага 16 минг сўм кетади. Автобуслар бўлишини хоҳлардик», – дейди Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти талабаси Достонбек Содиқов.
Институт ўқитувчиси Аббосбек Аҳмадалиев талабаларнинг институтга келишида жамоат транспортига эҳтиёжи сезиларли даражада, кундан кунга ошиб борётганига тўхталди.
«Бугунги кунда институтимизда 4,5 мингга яқин талаба таҳсил олади, 350 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар ва қолаверса, ишчи-ходимлар бор.
Уларнинг аксарият қисми Андижон вилоятининг турли жойларидан келиб, ўз иш фаолиятини олиб боради. Талабаларга келадиган бўлсак, улар дарсларга кечикиб келишяпти. Агар жамоат транспорти қўйилса, талабаларнинг дарсга ўз вақтида келиши, қолаверса уларнинг оилавий бюджетига ҳам сезиларли даражада фойда бўлган бўларди», – дейди Аббосбек Аҳмадалиев.
Андижон вилоят транспорт бошқармасида
Андижон вилоят транспорт бошқармасида бўлиб, муаммоли вазият бўйича мутасаддилардан изоҳ сўрадик.
«Андижон давлат университетидан мурожаатлар бўляпти. Ҳозирги кунда вилоятимиздаги транспорт корхоналарининг ҳаммаси хусусийлаштирилган. Андижон давлат университетига транспорт бошқармаси томонидан тадбиркорни жалб этган ҳолатда бошланишига 4 та, ундан кейин 6 тага автобус қўйгандик. Автобуслар ҳаракати бўйича молиявий томондан тушум паст бўлиб, ўзининг харажатларини қопламаган.
2020 йили пандемия сабаб йўналишларда транспорт қатнови тўхтатилган. Пандемиядан сўнг, яна йўналишга автобус қўйиб бериш бўйича мурожаат келиб тушди. Тадбиркор билан келишиб, яна 4 та автобус жалб қилдик. Бироқ олдингидан ҳам кўра зарари кўпроқ бўлди. Шу боис тадбиркор у йўналишда ишлаш истагини билдирмасдан, ҳозирги кунда бошқа йўналишда ишлаяпти.
Андижон шаҳрида жамоат транспортининг реал ҳолати ҳақида маълумот берсам. Айни пайтда 84 та автобус 8 та йўналишда ишлаяпти. Бу жудаям оз», – дейди Андижон вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акмалжон Асронов.
Мутасадди «Дамас»ларда йўл ҳақининг қимматлигига изоҳ бераркан, ҳайдовчилар йўл ҳақини меъёрий ҳужжатларга асосланмаган ҳолатда ошириб олишганини, Андижон шаҳрида йўналишли такси, яъни «Дамас»лар учун йўл ҳақи 2 минг сўм этиб белгиланганини билдирди.
Хулоса ўрнида
Андижон шаҳрида жамоат транспорти ҳақиқатда муаммо. Аҳоли сони 500 минг нафар атрофида бўлган шаҳарда 84 тагина автобус ҳаракатланаётгани ҳолат қандай эканини кўрсатиб турибди.
Бундан 20 йил олдин, собиқ иттифоқдан қолган жамоат транспорти автолари янгиланмай, эскириб, талабга жавоб бермай қолгач ўз ўрнини «Дамас»ларга бўшатиб берган. Шаҳарда бекатлар ишламайди. Аниқ жадвал бўйича ҳаракатланадиган жамоат транспорти деярли йўқ.
Автобуслар ўрнини «Дамас»лар эгаллаган. Норасмий маълумотларга кўра, Андижон шаҳрида 6 мингтага яқин «Дамас» йўловчи ташиш билан шуғулланади.
Расмий маълумотларда эса 57 та йўналишда 2815та «Дамас» йўловчиларга хизмат қилаётгани кўрсатилган. Уларни аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи уюшмалар бирлаштириб туради. Бироқ йўналишдаги такси ҳисобланмиш «Дамас»лар йўл кира ҳақини ўзбошимчалик билан белгилаб олаётгани йўловчиларда эътироз уйғотяпти. Табиийки, ҳайдовчиларнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор.
Нима бўлганда ҳам, бугунги кунда шаҳар ичида «Дамас»да юриш 3 минг сўмни ташкил этади ва бу нархдан аҳоли, айниқса талабалар норози бўлмоқда. Уларнинг асосий талаби иккита – олийгоҳлар йўналишида автобуслар қўйилиши ҳамда шаҳар ичидаги «Дамас»лардаги йўлкира нархи назоратга олиниши.
Масала яна ечимсиз қолиб кетмайди, деган умиддамиз.
Элмурод Эрматов,
Жаҳонгир Маҳмудов.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
16:54 / 19.12.2024
Андижонда Суриядаги террорчи гуруҳларга пул юборган фуқаро 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди
15:16 / 18.12.2024