Жамият | 14:40 / 29.03.2021
54283
8 дақиқада ўқилади

«Либос кийдирилган» демократия ва «шўрпешона» маънавият. Жамиятни безовта қилаётган сўнгги воқеалар ҳақида

Асли «эсдан чиқиб қолган» сўзлар

Кўп ишлатиладиган сўзлар бўлади. Вақт ўтиши билан уларнинг аксари бир муаммога йўлиқади – кўп ва давомли ишлатилиши ҳамда бошқа омиллар таъсирида асл маъносини йўқотиб қўяди ёки асл маъносининг муҳим жиҳатларидан ажраб қолади. Ана кейин томоша қилинг – аслидан ажралган, бошқа «либос кийдирилган» бечора сўз дунё бўйлаб шаҳдам қадам ташлай бошлайди.    

Афсуски, демократия сўзи айнан шундай сўзлардан бири. Аввалида «халқ ҳокимияти», яъники жамият ўз ҳаётини ўзи (якка шахслар ёки гуруҳлар эмас) тартиблаши маъносини ўз ичига олган бу тушунча кейинчалик кўп ҳолатларда ўз исмининг зиддига ишлатиладиган бўлди. Қандай қилиб дейсизми?

Гап шундаки, умумэътироф этилган – аксар давлатлар томонидан қабул қилинган устувор ҳар бир тушунча ўз моҳиятига кўра яхшиликка, дунёда тинчлик бўлишига, халқлар тотув яшашига хизмат қилиши назарда тутилади. Акс ҳолда у халқлар учун олий тушунчага айланолмасди – қайси халқ тотувлик-тинчликка зид тушунчани олий қадриятлардан бири сифатида қабул қиларди?  

Демократия тушунчаси ҳам мустасно эмас – уни ҳам халқлар тагида фақат яхшилик борлиги учун бош тамойиллардан бири ўлароқ умумқабул қилишган, асосий қомусларига зар билан ёзиб қўйишган. Ахир, жамият ўз ҳаётини кўпчилик бўлиб ўзи тартиблаши яхшиликдан бошқа нарса эмас-да!

Унда муаммо нимада, нега биз кинояли сарлавҳага ўрин бердик?  

Демократияга хос бўлмаган «демократия»

Демократия-ку яхши ниятда «халқ ҳокимияти» деган маъноси билан халқлар томонидан тан олинган тушунча, бироқ у, афсуски, воқеликда, халқаро майдонда баъзида аксинча – халқнинг иродасига зид нарсаларни халққа мажбурлаш учун восита қилинади. Шунда савол пайдо бўлади: «демократия – халқ ҳокимияти, демократик жамият эса халқ иродаси устун бўлган жамият эмасмиди?!» Ёки демократия бу бир тоифанинг демократия талқинини барчага баробар мажбур қилишми? Мажбурлов демократияга хосми? Ҳар қандай мажбурлов тотувликка путур етказишини ҳисобга олсак, унда умумқабул қилинган устувор тушунчаларнинг, хусусан, демократиянинг дунёда тотувликка хизмат қилиши бош тамойили қаерда қолади?  

Бевосита мисолларга ўтамиз.

Бир тоифа биржинсли алоқалар (ҳомосексуаллик)ни нормал ҳолат деб қабул қилади, бу – факт. Мазкур тоифанинг қарашлари унинг дунёқарашидан – дунё ҳақидаги тасаввурларидан келиб чиқади. Ҳа, ҳар бир инсон ўз дунёқарашини ўзи шакллантиришга ҳақли. Бироқ...

Ер юзида бошқа бир тоифа ҳам бор. Бу тоифанинг дунёқараши ҳомосексуалликни нормал ҳолат деб қабул қилолмайди. Ислом, христиан, буддизм ва яҳудий динлари бунга гуноҳ деб қарайди.

Бунга жавобан қарши тараф «хўш, улар буни қабул қилолмас экан, аммо уларни ҳеч ким бунга мажбурлаётгани йўқ, шунчаки гап уларнинг жамиятида бу нарсага қонунан ўрин бериш, ноодатий жинсий алоқа қилувчиларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида кетяпти» дейишади. Бироқ:

  • бу иддаолари билан ўзларига қарши чиқаётганларини, гаплари демократиянинг асосий маъносига зид эканини англашмайди (ёки буни англаган ҳолда айтишади): демократияга мувофиқ, ҳар бир жамият ўз ижтимоий ҳаёти тартибини овоз бериш йўли билан ўзи белгилайди;
  • бу ҳам мазкур тоифанинг дунёқарашидан келиб чиқадиган иддао, холос, универсал ҳақиқат эмас.

Ҳамма тенгми ёки баъзилар ҳаммадан «тенгроқ»ми?

Дунёда турли дунёқарашга эга одамлар яшайди. Масалан, дунё ҳақидаги тасаввурлари диний манбалар таъсирида шаклланган бир неча миллиард киши яшайди ер юзида. Уларнинг базавий қарашлари қандайдир инжиқлик ёки хурофот маҳсули эмас, балки диний эътиқодларидан келиб чиқади. Яъни ҳаммаси жиддий – ҳазил эмас.

Ўзбекистон аҳолисининг 93 фоизи – мусулмонлар. Ислом динига мувофиқ, мусулмон киши ҳомосексуалликни оғир гуноҳлардан ҳисоблаши – эътиқод тақозоси. Шу боис, мусулмон киши бу нарсани «мумкин қиладиган» – оқлайдиган бирор сўз айтиши ёхуд ҳаракат қилиши мумкин эмас. Акс ҳолда у ўз эътиқодига зид иш қилган бўлади. Инчунун, қарши тараф таклифи мусулмонлар учун имкон доирасидан ташқарида бўлган нарса – улар бунга рози бўлмайди. Рози бўлиш учун эътиқодидан воз кечиши керак бўлади мусулмон киши. Уни бунга мажбурлаш эса ўз номи билан мажбурлаш – ҳуқуқини поймол қилиш.

Хўш, халқимиз ҳомосексуалликка бироз бўлса ҳам ён босмас экан, қандай қилиб халқ таъсис этган давлат бунга ён босиши мумкин? Нега энди ўз юртида яшаб келаётган кўпчилик ўз эътиқодига хилоф қилиб, иродасига зид келувчи муносабатни ўзига лозим билиши керак? Халқ иродаси қаерда қолади унда? Ёки демократия бир жойда вожиб бўлади-ю, бошқа жойда йўқми?

Тарбия, руҳ саломатлиги ва яна ўша шўрпешона маънавият ҳақида    

Ҳар биримиз аждодларимизнинг уринишлари маҳсулимиз, яъни ҳар биримиз асрлар давомида шаклланган, мисқоллаб йиғилган маданиятнинг, тарбия орқали авлоддан авлодга ўтадиган маънавий коднинг ташувчиларимиз. Ҳар бир халқ эса – уникал. Тўғри, исталган халқ кўплаб салбий мантиқсиз хислатларга ҳам эга бўлади. Биз ҳам ўзимиздан нари қилишимиз керак бўлган иллатлар соҳибимиз. Бироқ, барча халқлар қатори ўзимизнинг ижобий хислатларимиз билан биз уникалмиз, инсон цивилизациясининг бойлигимиз.

Уникаллик ястанадиган бош асослар бор. Бизнинг маънавий асосларимизни боболаримиз ислом динидан олиб қарор топтиришган. Бу бизнинг устунларимиз. Буларсиз бизнинг уникаллигимиздан, ўзлигимиздан асар ҳам қолмайди. Миллат сифатида саломат қолишимиз учун биз асосларимизни асрашга мажбурмиз, уларга нисбатан қилинадиган таҳдидни ўзлигимизга, руҳимизга қилинган таҳдид деб биламиз.

«Маънавият» сўзининг сийқасини чиқарганимиз рост. Бироқ бу сўзнинг замирида коинот кенглигича маъно борлигини ҳали яна қайтадан кашф этишга маҳкуммиз. Зеро, бусиз бизнинг келажагимиз йўқ: маънавий дунёга бир бор шўнғиган халқ усиз яшолмайди. Бизни ундан батамом узоқлаштиришга бўладиган уринишларга қаршимиз.          

Ҳукуматлардан ЛГБТ борасида муносабатни ўзгартиришни талаб қилувчи халқаро ташкилотлар эса, юқорида айтганимиздек, бунақа ўзгаришлар халқнинг иродаси маҳсули бўлиши кераклигини (ўзлари олға сураётган демократик тамойилларни) унутиб қўйишмоқда, чамаси.

Айтиш жоизки, бунда икки хил стандартлар омманинг кўз ўнгида юз беряпти, бу эса халқаро институтларнинг обрўйига путур етказади. Ўзганинг қадриятларига беандишалик ҳар бир ишни бузади, ўзаро адоватни келтириб чиқаради...

Муҳаммад Шакур

Мавзуга оид