Ўзбекистон | 22:29 / 29.03.2021
24479
3 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways багажлар сонига қараб ҳақ олишни бошлагани қонунга зид бўлиб чиқмоқда

28 мартдан Uzbekistan Airways авиакомпанияси кутилмаган тарзда йўловчилардан багаж учун алоҳида ҳақ (ўртача 10 АҚШ доллари) ундира бошлади. Компания буни янгича қоидага ўтиш деб баҳоламоқда. Аммо бу қонунчиликка зид ҳисобланади.

29 март куни Тошкент маҳаллий аэропорти орқали сафарга чиққан Kun.uz мухбири аэропортда ноқулай аҳволга тушиб қолгани, хусусан, ўрнатилган янги қоидага кўра, олдингидай юк учун чиптага киритилган умумий оғирликка кўра эмас, балки биттадан ташқари ҳар бир багажга алоҳида ҳақ олинаётгани, бундан барча йўловчилар бирдай норози бўлаётгани ҳақида хабар берилганди.

Аммо, таҳлиллар шуни кўрсатдики, компаниянинг ушбу ҳаракатлари қонунга зид бўлиб чиқмоқда. Ўзбекистон Республикаси «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Қонуни 7-моддасининг тўртинчи қисмига биноан, янги нарх (тариф)лар табиий монополия субъектлари томонидан улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши лозим.

Бундан ташқари, ушбу қоида Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 26-бандида ҳам ўз аксини топган.

Аэропорт хизматлари соҳасидаги хизматлар (самолётларнинг учишини таъминлаш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш, юклар, почта ва багажларга ишлов бериш хизматлари) табиий монополия шароитида ишлаб чиқариладиган (реализация қилинадиган) товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатига (8-банди) киритилган.

Компания эса ўз сайтида Piece Concept (багажлар сонига кўра) тартиби қўлланиши ҳақида ушбу тартиб жорий қилинишидан бир кун (!) олдин – 27 март куни эълон қилган.

Кўриниб турибдики, ушбу ҳолатда Uzbekistan Airways томонидан «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонун талаби бузилган. Шу билан бирга, кутилмаган қоида билан истеъмолчиларга ҳам қатор ноқулайликлар туғдирилган.

Kun.uz ушбу жараёндаги яна бир ҳолатга эътиборини қаратди. Таъкидланишича, истеъмолчиларнинг эътирозларига сабаб бўлган тўловнинг баҳоси чет эл валютаси (доллар)да белгиланган.

Аммо, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ушбу вазиятга муносабат билдиришини кутиб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил апрел ойида «Сувсоз» ДУК совуқ сув нархини огоҳлантиришсиз оширган. Бу бўйича ўрганиш олиб борган Монополияга қарши курашиш қўмитаси корхонага огоҳлантириши билан чиққан. Якунда «Сувсоз» корхонаси янги нархларни қонунда белгиланган муддатлардан бошлаб қўллашга ва огоҳлантириш муддати ичида оширилган нархларда олинган тўловлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишини билдирганди.

Аббос Салайдинов,
ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид