Ўзбекистон | 15:54 / 30.03.2021
115177
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қайси соҳалар ходимлари энг кўп коррупцияга қўл ураётгани маълум қилинди

Расмий статистикага кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда коррупциявий жиноят содир этгани учун судланган шахсларнинг деярли ярми – ишсизлар, таълим ва тиббиёт соҳаси ходимларидир. Ўтган йили мингдан ортиқ киши пора бериш моддаси бўйича судланган бўлса-да, бор-йўғи 133 нафар шахс пора олишда айбланган.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишда катта ўзгариш бўлмаяпти, деди Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева кенгашнинг 29 мартдаги йиғилишида.

«Амалга оширилаётган ишларга қарамай, коррупцияга қарши курашишда катта ўзгариш кузатилмаяпти, бундай жиноятларни сезиларли даражада камайтиришга эриша олмаяпмиз», – таъкидлади Сенат раиси.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенат матбуот хизмати маълумотига кўра, Норбоева йиғилишда 2020 йилги статистик маълумотларни келтириб ўтган.

Маълум қилинишича, 2020 йилда судлар томонидан коррупция билан боғлиқ (Жиноят кодексининг 205-214-моддалари) 2 270 нафар шахсга нисбатан 1 502 та жиноят иши кўриб чиқилган. Энг кўп жиноятлар қуйидагилар бўлган:

  • пора бериш (211-модда; 1 056 нафар шахсга нисбатан 883 та жиноят иши кўриб чиқилган);
  • мансаб сохтакорлиги (209-модда; 821 нафар шахсга нисбатан 412 та жиноят иши кўриб чиқилган);
  • ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда; 184 нафар шахсга нисбатан 83 та жиноят иши кўриб чиқилган);
  • пора олиш (210-модда; 133 нафар шахсга нисбатан 99 та жиноят иши кўриб чиқилган).

Таҳлилларга кўра, коррупция билан боғлиқ жиноятлар асосан қуйидаги тоифа шахслар томонидан содир этилган:

  • ишсизлар (23 фоиз – коррупция билан боғлиқ қилмишлар бўйича иштирокчи ёхуд пора беришга қизиқтирган шахслар);
  • таълим соҳаси ходимлари (17 фоиз);
  • тиббиёт соҳаси ходимлари (7 фоиз);
  • банк соҳаси ходимлари (5 фоиз);
  • қурилиш соҳаси ходимлари (3 фоиз);
  • ички ишлар соҳаси ходимлари (3 фоиз).

Бу жиноятларнинг 89,4 фоизи қуйи бўғин (туман (шаҳар) ёки уларга тенглаштирилган), 9,2 фоизи ўрта бўғин (вилоят) ёки уларга тенглаштирилган), 1,4 фоизи юқори бўғин (республика) ёки унга тенглаштирилган) ходимлари ёки мансабдор шахслари томонидан содир этилган.

Йиғилишда «Ижтимоий фикр» марказига Аксилкоррупция агентлиги билан биргаликда йил якунига қадар ушбу масала юзасидан аҳоли фикрини ўрганиб, натижаси бўйича маълумотни Миллий кенгашга киритиш топшириғи берилди.

  • Январь ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси мансабдор шахслар жиноятчилиги бўйича 2020 йилга оид статистикани эълон қилганди. Ундан кўрингандики, республика ва вилоят даражасидаги амалдорларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши бир неча баробарга камайган.

Мавзуга оид