Жаҳон | 19:52 / 30.03.2021
5445
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда мактаб ўқувчилари орасида коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпайгани маълум қилинди

1 январдан буён 18 ёшгача бўлган 12862 нафар болада коронавирус аниқланган.

Фото: tengrinews.kz

Қозоғистонда мактаб ўқувчилари орасида коронавирус юқтириш ҳолатлари март ойида 5 фоизга ўсди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги санитар-эпидемиологик назорат қўмитаси раиси Айжан Есмагамбетова маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 1 январдан буён 18 ёшгача бўлган 12862 нафар болада коронавирус аниқланган.

 «Март ойида касалланиш ҳолатлари 5 фоизга ошганини кўрмоқдамиз. Мактаб ўқувчилари орасида касалланишлар сони ўсгани қайд этилди», — деди Есмагамбетова.

Унинг сўзларига кўра, болалар орасида касаллик тарқалиши ўсиши вируснинг хорижий штаммлари билан боғлиқ.

«Эътиборингизни тадқиқот натижаларига қаратишни истардим, афсуски, британча штамм ёшларга нисбатан анча тажовузкор. Яъни ёшлар оддий коронавирусдан кўра бу турдаги коронавирусни кўпроқ юқтирмоқда», — деб қўшимча қилди Есмагамбетова.

Аввалроқ Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли 30 мартдан янги чекловлар киритилиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид