Жамият | 18:42 / 30.03.2021
2332
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда қарзни «ёпиб юбориш» эвазига фуқародан 2,5 миллион сўм олган газ идораси ходимлари ушланди

Сирдарё вилоятида табиий газдан бўлган қарздорликни йўқ қилиб бермоқчи бўлган газ идораси ходимлари истеъмолчилардан биридан 2,5 миллион сўм олаётган вақтда ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан Мирзаобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда, «Мирзаободтумангаз» газ таъминоти бўлими ходимлари жиноий иш устида ушланган.

Маълум бўлишича, инспекторлар Ш.А. ва Б.А. фуқаро У.нинг яшаш хонадонида газ ҳисоблагичдан нотўғри фойдаланилганлиги натижасида ҳисобланган 7,4 миллион сўм қарздорликни йўқ қилиб бериш ва тузилган далолатномани электрон дастурга киритмаслик эвазига 2,5 миллион сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ш.А. ва Б.А.га нисбатан жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид