Ўзбекистонда уй-жойлар нархини арзонлаштириш мумкинми? Ижтимоий ижара масканлари нима?
Иқтисодий хабарлар таҳлили лойиҳасининг навбатдаги сонида молиячи Отабек Бакиров ҳамда Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов аҳолининг уй-жойларга бўлган талаби, кам таъминланган қатламга уй жой хариди учун субсидиялар ажратиш, шаҳарларда қурилаётган уйлар ва инфраструктуралар ҳақида суҳбатлашишди.
Суҳбатнинг биринчи қисми
Бошловчи, Алишер Рўзиохунов: — Кейинги йилларда уй қурилишлари сони кескин ортиши кутилмоқда. Қандай қилиб бозор қоидаларини бузмасдан уй нархига таъсир кўрсатиш, яъни уйлар нархини пасайтириш мумкин?
Шерзод Ҳидоятов: Биринчи навбатда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш - қурилиш индустриясини ривожлантиришимиз керак. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қурилиш ҳажмига қарайдиган бўлсак, охирги уч йилда кескин нархи ошиб кетди. Аввал жами 4-5 миллион квадрат метр [йилига] уйлар қурилган бўлса, ҳозирги кунда 15-16 миллион квадрат уйлар қурилмоқда. Бу йил ундан ҳам юқори бўлади.
Ҳар гал қурилиш мавсуми мартдан кейин бошланади, кун исиши билан бизда металл билан арматура, бетон, темир, цемент нархи ошиб кетади.
Ўтган йилга назар ташлайдиган бўлсак, Сардобада янги уйлар қурилган вақтда ҳам қурилиш материаллари нархи кескин ошди: арматуранинг бир тоннасининг нархи 500 доллар, цемент 90 доллар атрофида эди. Бугун арматура 850 долларга, цемент 1 миллион сўмга яқинлашди.
Бу жаҳон бозорига боғлиқ. Бизда қўшимча қурилиш ҳажми ошиб, ўз вақтида қурилиш маҳсулотлари етишмай қолгани ҳисобига бироз ўзгариш бўлиб нарх яна кўтарилди. Ҳозирги кунда қурилиш материалларини ишлаб чиқарадиган тадбиркорлар кўпайиб бормоқда. Бироқ бизда металл билан боғлиқ имкониятимиз йўқ: бизда металл фермит орқали эритилиб Бекободда ишлаб чиқарилади. Бизга кўпроқ Қозоғистон ва бошқа қўшни давлатлардан арматура кириб келади.
— Катта қурилиш даврида тендер масаласида нимага эътибор қаратиш керак?
Отабек Бакиров: Биринчидан, қурувчиларни танлашда харидорлар овози ҳал қилувчи ўринга эга бўлиши керак. Бекорга ўтган йилдан қурувчи компанияларни рейтинглаштириш тизимига эътибор қаратилиб, реестер ташкил қилиш бошлангани йўқ. Яъни овозни ҳоким, комиссия аъзоси эмас, харидор бериши керак.
Тендер очиқлигини, иштирокчилар сони кўпроқ бўлишини таъминлашнинг кўпгина йўллари бор. Лекин тендерда қайсидир компаниянинг устувор бўлишининг олдини олишнинг ягона йўли – тендер мустақиллигини таъминлаш ҳисобланади. Бунда тендер ўтказилаётган ҳудудда ҳокимларнинг ролини минималлаштириш керак. Тўғри, ер ажратиш, ташкилий масалаларда ҳокимларнинг ўрни бор, бироқ ҳокимлар халқ олдида ҳисобдор бўлмагунча уларнинг таъсирини минималлаштиришга тўғри келади.
Ҳар бир вилоятнинг (ҳар бир туманнинг) аввалдан белгилаб олинган ҳоким биладиган ва ҳоким билан ишлайдиган қурувчилари бўлмаслиги керак. Яъни қурилиш бозорига кириш осон бўлиши керак. Қурувчига қурилиш техникаси керак. Афсуски, бизда йиллар давомида бир неча қурилиш объектларига нисбатан ишланилаётган дирекцияларгагина қурилиш техникасини олиб келиш бўйича имтиёзлар берилди.
Бизда қурилиш техникасига эга бўлиш учун ҳамма бир хил имконга эга бўлиши керак. Шунда қурилиш компаниялари қачон ташкил этилганидан қатъи назар, бозорга кириш нисбий таннархи арзонлашади. Қанақадир имтиёзлар орқали ўзининг инфратузилмаси, қурилиш техникаси, машиналарини йиғиб олган компания билан бугун бозорга янгидан кириб ҳамма бож, солиқларни тўлаб, қурилиш техникасини олиб кираётган компания имкониятлари бир хил эмас.
2016 йилдан ҳисобласак, фақатгина айрим компанияларга имтиёзлар бериш, қулай шароит яратиш йўлидан юрдик. Улар албатта ўзини мустаҳкамлаб олди. Тендерда иштирок этса ҳам уларнинг афзаллиги юқори бўлади.
Шерзод Ҳидоятов: Олдин тендер ҳақиқатан оғир масала бўлган. Ҳозир ҳам тендер масаласининг оғирлигини кўриб келяпмиз. Ҳозир тендернинг шаффофлиги 200 фоизга ўзгарди. Бугун сиз қурилиш вазирлигининг сайтидаги ms.uz ёки mstender.uz’га кирганингизда қурилиш ташкилотлари, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган барча қурилиш ташкилотлари кўриниб туради: ташкилотлар А, B, C, D категорияларга ажратилган. Унда D энг пастки категория бўлиб, ундаги компанияларни мен қурувчи деб ҳисоблай олмайман. Сабаби, унинг айланмаси юқорилигига қарамай ишчи сони биттагина. Ёки маълум техникаси ёки қилган иши йўқ.
Тендерда қатнашаётган ташкилотлар рейтингда белгиланган: А категориядаги корхона неча миллиард сўмлик ишни бажара олади, B категориядаги корхона қанча қила олади. Ҳисоблаб чиқилган формулалар орқали тендерда қатнашаётганда буюртмачи тендерга юз фоиз ҳамма маълумотларни юклаши керак. Олдин тендер нарх-наво, смета нархи 1 миллиард бўладиган бўлса, кимдир 300 миллион сўм билан ҳам ютиб кетган. Кейин иш давомида муаммо келиб чиқиб ўзгартиришган. Ҳозирда тендер дастури минимал белгиланган.
Очиғини айтаман, ҳозирги кунда қурувчиларга кенг имконият яратилмоқда, аммо менинг фикрим – қурувчиларни лицензиялаш керак. Сабаби улар инсон ҳаёти билан боғлиқ биноларни қуради.
— Ижтимоий ижара масканлари, эҳтиёжманд оилалар учун ижара учун уйлар бериш таклиф этилди. Бу қанчалик ўзини оқлайди?
Отабек Бакиров: Ижтимоий ижара бутун дунёда мавжуд бўлган инструмент. Асосан, социал сиёсатнинг бир қисми. Миллий-социал камчиликлар бор ва эҳтиёжманд қатлам социал уй-жой билан таъминланади. Ҳеч ким унга мулкчилик ҳуқуқини бермайди. Социал ижара ижодкорларга нисбатан ҳам қўлланади.
Асосан бизнинг қурилиш бозорида уй-жойни қуриб сотиш билан шуғулланилган бўлса, ҳозир уй-жойларга эгалик қилиш ва буни ижарага бериш орқали даромадини шакллантириш ҳам пайдо бўлиши керак.
Узоқ йиллар давомида бозор сезувчан эди, ижара нархлари ўзгармай келди. Сабаблардан бири — урбанизациянинг йўқлиги эди. Охирги бир йилда, айниқса каратиндан кейин ойма-ой ижара нархлари ўсиши уй-жой нархлари ўсишидан кўра юқорилаб кетмоқда. Бу ўз-ўзидан уй-жой билан шуғулланадиган компанияларга уй-жой қуришдан кўра, уни олиб ижара билан шуғулланиш кўпроқ фойда бериши мумкин, деган сигнал бермоқда.
Давлатнинг тўғри қилаётган иши шуки, бунга биринчи турткини беряпти, давлат йўл очиб беряпти. Умид қиламанки, социал ижара ортидан ижара бизнеси билан шуғулланадиган компаниялар бозорда пайдо бўлади.
Шерзод Ҳидоятов: Бутун дунёда қурувчи қуради, девелопер уй сотиш билан шуғулланади. Девелоперлар биринчи навбатда лойиҳани буюртма қилади. Тендер ўтказади, лойиҳанинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини ҳисобга олиб қурувчини ёллайди ва ўша уйни сотади.
Бизда девелоперлар бор, лекин кўп эмас. Мурод Назаровдан сўраганимда, мен қурувчи эмас, девелоперман деб очиқ айтган. Ҳозирги кунда бизда девелоперлар шаклланиб бўлди. Ҳатто вилоятларда ҳам сотув офислари пайдо бўлган. Қурувчи жавобгарликни ҳис қилиб, уйлар сифатли бўлишига эътибор қаратиши керак, девелопер бизнес қилиши керак.
— Қишлоқ жойларида қуриладиган уйларнинг сифати яхши эмаслиги ҳақида гаплар бўлса, ҳозир кўп қаватли уйларда шундай. Коммунал хизматга оид муаммолар сақланиб қоляпти. Харидор қанчадир шартли бир бирликда сотиб олган уйига яна пул сарфлаб қайтадан таъмир қилишга мажбур бўлмоқда. Буни тизимли равишда ечадиган ечим борми?
Шерзод Ҳидоятов: Бор! Шундай ҳолат борки, одамлар кўп алданиб қолар эди. Уй сотиб олганда «коробка уй» билан таъмирланган уйнинг тафовути катта бўлиб қолади. Солиштирганда арзонлигини ҳисобга олиб кўпчилик «коробка уй» сотиб олгач қийналади.
«Коробка уй» деганда 4 томони девор, бошқа ҳеч нарса йўқ, коммуникация ўтмаган уй тушунилади. Бир киши «коробка уй»ни таъмирлаб яшашни бошласа, ундан кейин кўчадиган одамлар таъмирлаб бошқаларни безовта қилади. Яна бир катта камчиликлардан бир шу эдики, «коробка уй»нинг квадрат метрини 4 миллион сўмдан сотишяпти, таъмирланган уйни 6 миллион сўмдан.
Бундай уйни таъмирлаганда девор қисмлари қўшилгач, уй ҳажми камаяди. Масалан, 70 квадрат метр уйнинг 10 квадратини 4 миллиондан ҳисобласак 40 миллион бўлади, бу ҳеч кимнинг кўзига кўринмайди.
— 1 апрелдан бошлаб қурилиш назорат инспекцияси коробка уйларни қабул қилмайди, ҳозир қурувчилар апрел ойидан бошлаб «коробка уй»ларни топшира олмайди. Энди уй сотиб олмоқчи бўлганлар нимага эътибор қаратиши керак?
Шерзод Ҳидоятов: Ангрендаги аҳоли билан гаплашдим, уйларнинг аҳволи жуда оғир. Кўп қаватли уйда кўп аҳоли яшайди. Одамлар коммунал хизматга пул тўлагач, уни нимага ишлатилаётганини кўриб туриши керак. Яъни коммунал соҳага пул тўлаш шаффоф бўлиши керак. Коммунал соҳада хизмат кўрсатаётган хизматчиларнинг рақобатини кучайтириш керак.
Ҳозирда қурилаётган уйларга талабни ҳам шундан келиб чиқиб қўйиш керак. Бундан кейин ер танланадиган бўлса, коммунал шароит ҳисобга олинади.
Отабек Бакиров: Вилоятларда пойтахтга қараганда эксплуатация тарифлари юқори, бу– маҳаллий ҳокимиятлар бошқарув компанияларига мажбурий равишда кредит бердиртириши орқали юзага келган. Бошқарув компанияси имкониятидан юқори кредит олса, унинг харажатларини қоплаш учун эксплуатация харажатларини оширишга мажбур бўлади.
Ўзим гувоҳ бўлганман, Андижон вилоятида эксплуатация тарифлари Тошкент шаҳри туманларига нисбатан 2-2,5 баробар юқори. Сабаби кредит олмаган бошқарув компанияларининг ўзи йўқ.
Сўнгги 5-6 йил ичида жуда кўп ҳокимликлар бошқарув компаниялари орқали кредит бериб туриб ўз мақсадларига ишлатадиган ҳолатлар кўп бўлган. Бу кредит ўша ердаги аҳолига хизмат кўрсатадиган бошқарув компанияларининг зиммасида қолмоқда.
Мавзуга оид
14:40 / 22.12.2024
Эскроу тизими: у жорий этилса, мижозлар қурувчиларга алданмайдими?
13:54 / 19.12.2024
Пойтахт ИИББ Отабек Бакиров устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди
10:11 / 18.12.2024
Уй-жой қурилишида янги тизим жорий этилиши мумкин
15:08 / 13.12.2024