Ўзбекистон | 17:36 / 01.04.2021
26033
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Тиббиёт жуда оғир аҳволда. Қандай оғир бўлмасин, буни тан олишимиз керак»

Бугун, 1 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Кенгайтирилган тадбирда барча вазирлар, қўмиталар раҳбарлари, вилоятлар ҳокимлари иштирок этяпти.

Фото: Президент матбуот хизмати

Kun.uz мухбири хабарига кўра, тиббиётдаги ислоҳотларни жадаллаштириш чора-тадбирларига қаратилган бу йиғилишда мавзу кенг муҳокама қилинди. 

“Биз ислоҳотларни бошлаганда иккита масалага жиддий эътибор қаратганмиз – соғлиқни сақлаш ва тинчлик-осойишталик. Умуман, таълим билан тиббиёт ҳаёт-мамот масаласи. Тиббиёт жуда оғир аҳволда. Қандай оғир бўлмасин, буни тан олишимиз керак.

Мана, бир неча вазирларнинг ўринбосарларини ўзим қисқартириб юбордим. Чунки бюрократ бўлиб қолган улар. 

Ўтган йили ноябр ойида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жумладан касалликларнинг олдини олиш ва патронаж хизмати кўрсатиш борасида мутлақо янги тизим яратиш бўйича фармон ва қарорлар қабул қилиниб, барча масалалар ҳал қилиб берилган эди. Бугунги йиғилишда соҳа ва ҳудуд раҳбарлари ана шу вазифалар ижроси юзасидан ҳисобот беради.

Сўзга чиқадиган раҳбарлар учта саволга жавоб беришлари керак:

  • биринчи – жорий этилган янги тизим бўйича тиббий харита шакллантирилгани, аҳолининг хавф гуруҳларига бўлингани нимани кўрсатиб берди;
  • иккинчи – маҳаллалар кесимида тиббиёт бригадалари шакллантирилиб, аҳоли билан манзилли ишлаш бошландими ва бундан қанча фуқаро миннатдор бўлди;
  • учинчи – тиббиёт муассасаларида қайси хизмат пулли, қайси бепул бўлди.

Мен қўяётган бу уч саволнинг жавоби нима бўлади? Ҳар бир ҳоким аниқ-аниқ ишлар бўйича ўз режасини билдиради”, деди президент ўз сўзи бошида.

Мавзуга оид