Жамият | 15:05 / 02.04.2021
100736
2 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармаси эркаклар 58, аёллар 53 ёшда пенсияга чиқиши мумкин бўлган ҳолатларни эслатди

Қонунчиликка асосан, айрим тоифадаги эркаклар иш стажи 25 йил бўлган тақдирда, аёллар иш стажи 20 йил бўлганда пенсияга чиқишлари мумкин.

Пенсия жамғармаси қайси ҳолатда эркаклар 58 ёшга тўлганда, аёллар эса 53 ёшга тўлганда пенсия олишлари мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, технология, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган эркаклар 58 ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Фақатгина уларнинг иш стажи камида 25 йил бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, мазкур тоифадаги аёллар ҳам эртароқ – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олишлари мумкин.

Жамғармага кўра, амалдаги қонунчиликда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи эркакларга 60 ёшга тўлган ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёлларга 55 ёшга тўлган ва иш стажи камида 20 йил бўлганда берилади.

Аввалроқ, иш стажи тўлиқ бўлмаган фуқароларга пенсия қандай тайинланиши тўғрисида хабар берилганди. Қонун бўйича Ўзбекистонда ёшга доир пенсия олиш учун фуқаронинг иш стажи камида 7 йил бўлиши лозимлиги, 7 йил ва ундан кўпроқ иш стажига эга шахсларга пенсия иш стажи миқдорига мутаносиб равишда тайинланиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 феврал ҳолатига кўра республикада 3 миллион 845 минг 462 нафар шахс пенсия ва нафақа олади.

Мавзуга оид