Жамият | 13:50 / 02.04.2021
25703
4 дақиқада ўқилади

Японияга ишлаш учун бориш: Тошкентдаги Япон тили ва касбий малака маркази директори билан суҳбат

Охирги йилларда меҳнат миграциясига борувчи ўзбекистонликлар учун хорижий мамлакатлар рўйхатини кенгайтиришга ҳаракат қилиняпти. Фуқароларни қонуний асосда ишга юбориш ташкил этилаётган давлатлардан бири – Япония.

Японияга қонуний равишда, ўз билими ва интилиши билан, учинчи шахсларни аралаштирмай қандай бориш мумкин, деган саволга атрофлича жавоб олиш мақсадида Тошкентдаги Япон тили ва касбий малака тест марказида бўлдик. Саволларимизга марказ директори Дилафрўз Икромова жавоб берди.

Марказ қачон очилди, қандай функцияларни бажаради?

— 2020 йил 27 ноябрда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи «Ишга марҳамат» мономаркази, Япониянинг Sanko Global Group Co. Ltd ва Nippon Academy Educational кўп тармоқли таълим кластери билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида Япон тили ва касбий малака тест маркази ташкил этилди.

Марказ Японияда ишлашни истаган фуқароларни Японияда ишлаш учун касбга тайёрлайди, тил ўргатади ва ташкиллаштирилган ҳолда Японияга жўнатиш ишларини амалга оширади. Унда янги «MUDIE-Multi-Dimensional Education» кўп қамровли интенсив таълим, яъни инновацион мультимедиа методи асосида ўқитилади.

Япон тили ва касбий малака тест маркази  директори Дилафрўз Икромова

Шунингдек, махсус малакали ишчиларни юбориш ва қабул қилиш жараёнининг мунтазамлигини ва шаффофлигини таъминлаш (хусусан, ёмон ниятдаги воситачи ташкилотлар фаолиятига чек қўйиш) ҳамда махсус малакали ишчиларни юбориш, қабул қилиш ва Японияда рўйхатдан ўтказиш масалаларини ҳал қилиш, махсус малакали ишчиларни тўлиқ ҳимоя қилиш ҳам марказ вазифаларига киради.

Саралашдан ўтган фуқаролар учун марказда ўқиш бепул

— Бугунги кунда Японияда ишлаш учун тайёрлов курсларида ўқишга қизиқиш билдирган фуқаролар сони 400дан ортиқни ташкил этмоқда. Уларнинг 12 фоизи – Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи фуқаролар. Улар орасидан Японияда ишлаш механизми талабларига жавоб берадиганлар фуқаролар сараланиб, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси гранти ҳисобига ўқитилади.

Курслар 2 семестрдан иборат бўлиб, 6 ой давом этади. Битирувчиларга Япония таълим муассасасини битирганлиги ҳақидаги диплом берилади.

Японияда одатда бундай курсларда ўқиш контракт тўлови ўртача 4 минг долларни ташкил этади. Айтиш жоизки, марказда таҳсил олиш орқали Япония билим юрти дипломини ортиқча сарф-харажат қилмасдан, Япон тили ва касбий малака тест марказида имтиёзли тарзда таҳсил олиб, қўлга киритиш имконияти бор.

Келажакда касбий малака курслари турларини яна 12тага кўпайтириш, шунингдек, марказ филиалларини республиканинг барча вилоятларидаги «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳузурида ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, марказда Япон маданияти ва ҳаёт тарзи, Япония иммиграция қонунлари, ушбу кунчиқар мамлакат тартиб-қоидалари, чет эллик фуқаролар фойдаланиши мумкин бўлган имтиёзлар, корпоратив одоб кўникмалари ўргатилади. Бугунги кунда марказда япон тили, қариялар боқувчиси ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича касбий малака курслари ўқитилмоқда.

***

Тўлиқ интервьюни юқоридаги видео орқали томоша қилинг. Унда Японияда ишлаш учун қандай талаблар борлиги, стажёр виза ва токтегиноу махсус малака визаси ўртасидаги фарқ, икки турдаги виза билан борган меҳнат мигранти қанча маош олиши, чет эллик ишчилар Японияда қайси соҳаларда ишлай олиши ҳақида ҳам сўз боради.

Шунингдек, Япония томонидан чет эллик ишчиларни жалб қилиш тартиби, имтиҳонлар, тил билиш даражаси, фуқаролар қаерга мурожаат қилиши кераклиги ҳақида ҳам маълумот берилган.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

Мавзуга оид