Жамият | 16:58 / 03.04.2021
32026
10 дақиқада ўқилади

Фирибгарлар уддабуронми ё одамлар лақма?

Халқимиз орасида осон ва тез бойиб кетиш хаёлида яшайдиган, бу орзулари йўлида ҳар қандай ёлғонга-да учиб, бор-будини бериб юборадиган одамлар борлигига гувоҳ бўлдик.

Қўй боқишни эпламаган одамлар Африка туяқушларини боқмоқчи бўлишди

Одамларнинг содда ва ишонувчанлигидан ғаразли мақсадлар йўлида усталик билан фойдаланган учарлар бировнинг ҳақи эвазига бойлик орттиришнинг турфа йўлларини ўйлаб топмоқдалар. Ана шундай «инновацион» ғоялар билан одамларни миллиардларга тушириб кетган «Straus House» фирибгарликлари ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.

2019 йилдан бошлаб ижтимоий тармоқлар, радио, телевидение, аҳоли гавжум жойлардаги экранларда «Strаus House» МЧЖнинг туяқуш жўжаларини етиштириш билан боғлиқ оламшумул рекламалар авж олди. Бу рекламаларда Жанубий Африка Республикасидан келтирилган туяқуш жўжаларининг бир донасини 2 млн сўмдан, махсус озуқа-ем маҳсулотларини ҳам 2 млн сўмдан сотиб олиш таклиф қилинди.

Бу рекламаларнинг одамларни шошириб қўядиган жойи айнан шу жўжаларни 1 йил ўтганидан сўнг ўртача 9-10 млн сўмдан қайта сотиб олиш ҳақидаги ёлғон ваъдалар эди.

Якунда нима бўлгани кўпчиликка маълум: «Straus House» МЧЖга алданган 298 нафар фуқаро жами бўлиб 6,6 миллиард сўмдан кўпроқ миқдорда зарар кўрди.

Арзон ва қулай шартлардаги автомобиль васвасаси

«Осон ва арзон шартларда автомобилга эга бўларканман» деб чучварани хом санаган фуқароларимизнинг саноғи йўқ.

Автомобил васвасаси билан боғлиқ фирибгарликлар «хит-парад»ининг энг юқори поғонасини, шубҳасиз, «Авто 60 ой» воқеаси эгалласа керак.

Қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар UzAuto Motors автомобилларини дастлабки тўлов ва фоизларсиз бўлиб тўлашга сотиб олиш учун аҳолидан пул тўплаган ва бунинг учун фуқароларга машина русумидан келиб чиққан ҳолда 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача қийматдаги махсус флаерларни сотиб олишни таклиф қилган.

Шу тариқа, республиканинг барча ҳудудларидан жами 20 мингга яқин мижоз билан шартнома тузилиб, жуда қисқа давр – 3 ой ичида 54 млрд сўм миқдорида маблағни йиғиштириб олишга улгуришди.

Яна бир ҳолатда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ўз фаолиятини йўлга қўйган «Avto-Ideal-Xizmati» МЧЖ 5 ой ичида 1,5 минг мижознинг ишончига кириб, уларни жами 30 млрд сўмдан ошиқроқ маблағга чув туширди.

Юзлаб фуқаролар «Almaz Super Avto» каби ташкилотларнинг бирор бир фоизларсиз, бўлиб тўлаш шарти билан автомашина олиб бериш ҳақидаги ваъдалари қурбони бўлди.

Айни кунларда «Avtohamkor 0 foyiz»нинг ҳам фуқароларга берган ваъдалари устидан чиқмаётгани ҳақидаги шикоятлар келиб турибди.

Ўзбекистонда киберфирибгарликларнинг ҳам бозори чаққон

Технологиялар ривожлангани сари фирибгарликнинг янгидан янги турлари пайдо бўлмоқда. Хусусан, SMS ёки ижтимоий тармоқ орқали фуқарога у катта миқдорда пул ютиб олгани ёхуд бошқа мамлакатдаги қариндошидан катта миқдорда мерос қолгани хабар қилиниб, меросни расмийлаштириш учун маълум миқдорда пул ўтказиш лозимлиги ёки ютуқни олиш учун банк пластик картасининг рақами ва бошқа маълумотларини жўнатиш кераклиги айтилади. Бунга ишонган фуқаролар ушбу кўринишдаги фирибгарлик тузоғига илинади.

Яна бир киберфирибгарлик интернетдаги маҳсулот олди-сотдиси бўйича эълонлар орқали амалга оширилмоқда.

Акциядор бўламан деб «банкрот» бўлганлар...

Аҳоли орасида ўзини хориждаги машҳур компания вакили сифатида таништириб, фуқароларни ушбу компания акцияларини айни дамда 10 сўмга сотиб олиб, кейинчалик акция нархи ошиши натижасида уни 20 сўмга сотиши мумкинлигига ишонтириб, уларнинг қўйнини «пуч акция»га тўлдириш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Ёдингизда бўлса, яқиндагина Қашқадарёда дунёга машҳур компанияларнинг сохта акцияларини сотиш орқали 2 мингга яқин кишини 9 млн АҚШ долларига чув туширишди.

Саробга айланган орзу мамлакатлари

Яна бир турдаги фирибгарлик шу қадар авж олдики, бунда фуқаролар чет элда ишлашларига ишонтирилиб, миллиардларга «ухлатилди».

Ушбу фирибгарликлар «эстафета»сини «Human» ХБА бошлаб берди, десак янглишмаган бўламиз.

«Human» хусусий бандлик агентлиги мансабдорлари минглаб фуқароларга Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва каби иқтисодиёти ривожланган давлатларида ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда 6,3 млн сўмдан 35 млн сўмгача пул олди. Бироқ амалда уларни ҳеч қаерга юбормай, жуда кўп миқдордаги маблағни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирдилар.

Суд маҳкамасига тортилган агентлик раҳбари Шоҳнур Файзуллаев 10 йилга озодликдан маҳрум этилди ва ундан 1 086 нафар жабрланувчи фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Эстафета таёқчасини «Korean аnd Migrations» ХБА мансабдор шахслари қўлга олиб, Кореяга ишга жўнатиш ваъдаси билан, қисқа вақт ичида 2 297 нафар фуқарони 19,6 млрд сўмга чув туширишга улгурди.

Шу билан, бирин-кетин хусусий бандлик агентликларининг сирлари фош бўла бошлади. Пулини бериб қўйган-у, ишга юборилмаслигига кўзи ета бошлаган фуқаролар «бош кўтара» бошлашди. Кўп ўтмай, «International Job Organization» хусусий бандлик агентлиги ҳам 2620 нафар фуқарога 12 млрд сўмга яқин зарар етказгани аён бўлиб қолди.

«Recruit Consulting Work» ХБА мансабдор шахслари 2019 йилнинг 10 ойида Корея, Япония, Латвия, Литва, Чехия, Нидерландия, Германия, Швеция, Словакия давлатларда иш топиб бериш ва ишга жойлаштиришни ваъда қилган ҳолда жами 1100дан ортиқ фуқарони алдаб, уларнинг 6,2 млрддан ошиқ пулларини ўзлаштириб юборди.

«Profelite IMP» ХБА ҳам фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш алдови билан 263 нафар жабрланувчига жами 10,5 млрд сўм зарар етказди.

«International experience» ХБА 68 нафар жабрланувчига жами 1,4 млрд сўм моддий зарар етказди.

Самарқанд вилоятида фаолият олиб борган «Amilee Bahora» ХБА раҳбарларининг алдовлари оқибатида 300 нафардан ошиқроқ фуқаро жабр кўрган. Худди шу ҳудуддаги «Consort» ХБА Япония, Германия ва бошқа хорижий давлатларга ишга юбориш ваъдаси билан юзлаб фуқароларни чув туширган.

Шундай қилиб, бугунги кунга қадар 13та ХБAнинг 51 нафар раҳбар ва масъул ходимлари томонидан жами 9338 нафар фуқародан 79,1 млрд сўмга яқин пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган.

Нега Ўзбекистонда фирибгарларнинг ошиғи олчи ва бозори чаққон?

Фирибгарлар ва уларнинг қурбонлари сони бу даражада кескин ошишига бир томондан фуқароларнинг соддалиги, ишонувчанлиги ва иқтисодиётнинг энг оддий қонуниятларини-да билмасликлари сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат айниқса автомобил сотиб олиш мақсадида чув тушаётганларда кўп кузатиляпти.

«Ҳозир автомашина, уй олди-сотдиси билан боғлиқ фирибгарликлар кўпайяпти. Бунинг ҳаммаси фуқаро масалани қонуний йўл билан ҳал этиш чорасини кўрмай, осонгина йўл билан мақсадига эришиш ҳаракатидан келиб чиқади. Бу нимага арзон, нега бунчалик осон ҳал бўляпти – фуқаролар масалага шу томондан қарашлари орқали фирибгарликнинг олдини олишлари мумкин», – деганида нақадар ҳақ эди судья Шамсиддин Тожиев.

Қилмиш қидирмиш, дейишади. Ҳеч бир айбли иш жазосиз қолмайди. Фирибгарлар суднинг панжара ортидаги қора курсисида ўтириб, қилган қилмишларига сўроқ бермоқдалар.

Хўш, вазият бу қадар жиддийлашиб кетишига фақат фирибгарлар сабабчими?

Йўқ! Аслида бундай бўлишида алданганларнинг ҳам ҳиссалари катта. Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлиши мумкинлигини ўйлаб, кейин ҳаракат қилганларида ҳозир бой бериб қўйган мол-у давлатларига ачиниб, дод-вой солмаётган бўлар эдилар.

Хусусий бандлик агентликлари билан рўй берган ҳолатда эса қонун чиқарувчилар ва қонун ташаббускорларининг хатолари фирибгарларга қўл келиб, минглаб инсонларга қимматга тушди.

Таъкидлашни истардикки, фирибгарликлар шу билан барҳам топди, одамлар ҳаммасини тушуниб етди, энди алданиб қолмайдилар, деб ҳисоблаб ҳам бўлмайди. Бировнинг пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритувчилар, осон бойишга интилувчилар ҳамма замонларда ҳам бўлган, бўлмоқда ва бундан кейин ҳам бўлади. Фақат уларнинг тузоғига тушиб қолмаслик ҳар биримизнинг ўз қўлимизда.

Хоҳ у оғзаки бўлсин, хоҳ ёзма – бирор масала юзасидан пулли битим ва келишувлар тузаётганда огоҳ бўлиш, етти марта ўлчаб бир кесиш кераклиги ҳақида Kun.uz махсус мухбири Толиб Раҳматов тайёрлаган таҳлилий материални яна бир бор томоша қилишни тавсия қилиб қоламиз.

Аббос Салайдинов,
Раҳматилло Исроилов.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид