Ўзбекистон | 23:03 / 03.04.2021
18838
2 дақиқада ўқилади

Ғузор тумани ҳокимлиги: туманда 14 кишида Covid-19 аниқланган ва улардан бири вафот этган

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 2 апрел куни 14 нафар шахсда коронавирус аниқланган. Бугун, 3 апрел куни улардан бири вафот этган.

Ғузор туман ҳокимлиги ахборот хизматининг туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимига таяниб маълум қилишича, Covid-19 юқтирганликда гумон қилинган 56 нафар шахсдан лаборатория таҳлил намуналари олиниб, вилоят вирусология лабораториясига етказилган.

2 апрель куни лаборатория натижаларига кўра, 14 нафар шахснинг COVID-19 юқтиргани аниқланган. Беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Ғузор туман ҳокимлигининг туман тиббиёт бирлашмаси маълумотларига асосланиб хабар беришича, бугун, 3 апрел куни Covid-19’га чалинган беморлардан бири вафот этган. Маълум бўлишича, 68 ёшли бемор Н.Р.да ёндош касалликлар (қандли диабет) бўлганлиги сабабли Covid-19 оғир асоратларга олиб келган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вилоят юқумли касалликлар шифохонаси вафот этган.

P.S. Гарчи 2 апрел куни Ғузор туманида 14 нафар шахснинг расман Covid-19 юқтиргани аниқланган бўлса-да, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кунлик ҳисоботларида бу қайд этилмади. ССВ жамоатчилик билан алоқалар бўлими бугун эрталаб тарқатган маълумотга кўра, 2 апрел куни Қашқадарёда 2 нафар шахсда коронавирус аниқланган. Мабодо, Қашқадарёда коронавирусга чалинганлар ҳақидаги маълумотлар конвертга солиниб, почтадан бериб юборилган бўлса, балки Ғузорда аниқланган беморлар сони бир неча кундан кейин эълон қилинар. Балки эълон қилинмас. Тағин ким билади дейсиз...

Мавзуга оид