Жамият | 15:46 / 03.04.2021
2202
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ТерДУга ўқишга киритаман деб 2 нафар шахсни 7,5 минг долларга чув туширган фирибгарга жиноий иш қўзғатилди

Термиз шаҳрида яшовчи шахс икки нафар фуқарони Термиз давлат университетига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, уларнинг биридан 5,5 минг, иккинчисидан 2 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олиб, ўзлаштириб юборган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 19 март куни Қумқўрғон тумани М.Қорабоев маҳалласида яшовчи, А.Т. ва Шеробод тумани Ғамбур маҳалласида яшовчи, М.Ҳ. (аёл) Термиз шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Улар ўз аризасида фирибгарнинг ёлғонлари боис моддий зарар кўрганини билдирган.

Аризага мувофиқ ўтказилган суриштирувда, Термиз шаҳрининг Боғишамол маҳалласида яшовчи, шахс 2018 йил октябрь ойида Т.А.ни Термиз давлат университетига ўқишга киритиб қўйишини билдирган. Т.А. унга ишониб, 5,5 минг долларни бериб юборган.

Фирибгар шахс 2019 йилнинг январь ойида М.Ҳ.ни ҳам шу университетга ўқишга киритишини айтиб, унинг ишончига кирган. Ундан ҳам 2 минг долларни олиб, ўзлаштириб кетган.

Қайд этилишича, 2021 йил 25 март куни фирибгарлик йўли билан моддий манфаат кўриш мақсадида ушбу жиноятни содир этган К.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми «б» банди билан жиноий иш қўзғатилган.

Мавзуга оид