Ерни эгасига бериш керак, деҳқоннинг ишига ҳеч ким аралашмаслиги шарт. Таҳлил ва таклиф
Қишлоқларда кичик ер эгалари синфини юзага келтириш Ўзбекистон иқтисодиёти учун трамплин вазифасини ўташи мумкин.
Нега 4 миллион гектарга яқин экин ерларимиз бўла туриб, 4 миллион қишлоқ одамлари Россияда қора ишчи бўлиб юрибди? Нега кимдир бир парча яроқсиз ерида халқини тўйғазиб, яна мева-сабзавотни экспорт ҳам қиляпти, биз эса шунча еримиз ва унда ишлашни истайдиган шунча одамимиз бўла туриб, уларни ўзгаларга хизматкор қилиб қўйибмиз?
Нега бошқаларда деҳқоннинг боши узра ҳеч ким турмайди, бизда эса деҳқоннинг устида мингта мансабдор туради.
Сабаби битта: бизда ерлар эгасига том маънода топширилмаган, ернинг «эга»си кўп. Оқибатда чеки йўқ муаммолар ва... ҳақсизлик, қонунбузарлик, муттаҳамлик, деҳқонларни эксплуатация қилиш.
Келинг, булар ҳақида бироз кенгроқ суҳбатлашайлик.
Ривожланишнинг омиллари бор. Айнан шу омиллар юзага чиқса, жамият ривожланади, чиқмаса, ишлар ортга кетади.
Шундай омиллардан бири бу – тадбиркорликка лаёқатли кишилар учун имкон қадар яхшироқ шароит яратиш. Бу билан тадбиркорлар сони кўп бўлишини ва улар ўртасида соғлом рақобат бўлишини таъминлаш. Бу эса барча учун бир хил ўйин қоидаларини жорий қилиш билан бўлади, кимгадир ҳамма нарса мумкин бўлган муҳитда соғлом тадбиркорлик муҳити ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас.
Яна бир омил – мавжуд имкониятлардан фойдаланиш. Яъни ҳар бир мамлакат бошланғич нуқтада ўз шароитидан келиб чиқиб ривожланишга уринади. Юқори технологик иқтисодиёт бу – кейин, маълум даражага етгандан кейин эришиладиган натижа. Аввалида эса ҳар бир мамлакат ўзида боридан фойдаланади ва ривожланишга уринади.
Кимдир ишчи қўллари кўплигидан унумли фойдаланиб ривожланса, кимдир географик жойлашувидан ва ҳоказо. Биз ҳозир ўз имкониятларидан оқилона фойдаланишга уринаётганлар ҳақида гапиряпмиз. Зеро, ўз имкониятларини совураётганлар ҳам топилади.
Ўзбекистон.
Ўзбекистон ҳам шаксиз ўзига яраша имкониятларга эга мамлакат. Минтақадаги энг серҳосил экин ерлар ва бир неча миллион ишдан қочмайдиган ишчи қўллар. Дарвоқе, улар ҳозир ўзга иқтисодиётлар учун арзон ишчи кучи вазифасини ўтаб беришяпти. Айтиш мумкинки, ўзга иқтисодиётларни кўтаришяпти.
Тўғрисини тан олиш вақти келди: мана шу икки нарса – серҳосил ерлар ва меҳнаткаш, салоҳияти рўёбга чиқмаган миллионлаб қишлоқ ёшлари – айнан шу иккиси Ўзбекистоннинг шу тобда асосий захираси бўлиб, буларни бирлаштириш асносида имкониятларни рўёбга чиқариш мамлакатнинг биринчи босқичдаги ривожини таъминлаб беради.
Биз бу ерда Ўзбекистоннинг ягона захираси шу демоқчи эмасмиз, шу тобдаги асосий захираси демоқчимиз, ривожланиш учун трамплин вазифасини ўтаб бериши мумкин бўлган ягона соҳа демоқчимиз.
Нега? Чунки иссиқ қуёшда пишиб етилган табиий тоза маҳсулотларга бўлган эҳтиёж дунёда тобора ортиб боряпти, бизда эса иқлим ҳам қулай, ишчи қўллар ҳам етарли. Водий каби ўлкаларда эса ерда ишлаш маданияти минг йиллардан бери шаклланган – ер билан ишлашга муҳаббат бу ерда одамларнинг қонида бор.
Имкониятдан фойдаланиш учун нималар қилиш керак?
Дастлабки фильмимизда биз Нидерландия қироллигини мисол қилиб кўрсатган эдик. Бу мамлакатда 1 миллион гектар ерда экин экиб, 100 миллиард доллардан ошиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинаётгани айтилганди. Ўзбекистон эса 4 миллион гектар ишлов бериладиган ер майдонлари бўла туриб, уларга асосан пахта экиши ва бундан йилига 2 миллиард доллар атрофида даромад қилиши танқид қилинганди.
Бунинг асосий сабаби қилиб эса Нидерландия каби мамлакатларда деҳқоннинг ишига ҳеч ким аралашмаслиги, минглаб кичик хўжаликлар мустақил фаолият юритиши ўлароқ юқори натижаларга эришаётганини, давлат эса фақат ёрдам беришини кўрсатган эдик.
Фақат мустақил, ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган деҳқон изланади, новацияларга интилади, келажак учун режалар қилади.
Бизда аҳвол қандай?..
Бизда вазият бошқача: деҳқоннинг ҳақ-ҳуқуқи гўё илашиб турган қуриган барг каби – ҳар қандай лаҳзада узилиб тушиши ва топталиши мумкин. Маҳаллий ҳокимиятларнинг қўштирноқ ичидаги назорати остида фаолият юритадиган фермерларнинг ерлари ҳар қандай вазиятда олиб қўйилиши мумкин.
Бу нима дегани? Бу дегани деҳқон ер билан боғлиқ ҳеч қандай узоқ муддатли режа туза олмайди, тузишни истамайди дегани. Бундай деҳқон учун ер вақтинчалик бир матоҳ, холос. Зеро, бунда у ерни ўзининг эртанги куни, болаларининг истиқболи билан боғламайди. Ахир, ҳар лаҳзада ҳар қандай ҳоким ерини олиб қўйиши мумкин-да...
Қолаверса, пахта ва буғдой режаси гарданига тушган фермер ўзини ҳеч қанақасига том маънода фермер деб ҳисобламайди.
Нима қилиш керак?
Мазкур савол бир томондан қийин бўлса, бошқа томондан осон. Қийинлиги юзага келадиган бир неча эҳтимолий хавотирлар билан боғлиқ.
Биринчи хавотир – фермерлар мустақил бўлишса, яъни ерларда нима етиштиришни ўзлари ҳал қилишса ва маҳсулотни ўзлари сотишса, унда улар пахта етиштирмай қўйишади ва натижада пахта саноати инқирозга юз тутади деган хавотир. Бироқ бу хавотир бир томондан мантиқсиз бўлса, бошқа томондан асоссиз, чунки пахтачилик саноати тўлиқ бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтса, етиштирилган пахта уни етиштирган фермер томонидан биржа савдолари воситасида сотилса, тўқимачилик фабрикалари пахтани ўша биржада сотиб олса, бу соғлом муносабатлар бўлади, пахта саноати ҳамма учун, хусусан, фермер учун фойда келтирадиган машғулотга айланади.
Яъни пахта етиштириш қулай ва фойдали бўлган ҳудудларда айнан пахта етиштирилади, пахтадан кўра бошқа нарса етиштириш фойдалироқ бўлса – бошқа нарса. Бунинг ёмон жойи йўқ, ахир, кўпроқ фойда олиш эмасми ҳаммамизнинг мақсадимиз? Мажбуран сақлаб турилган соҳанинг эса истиқболи йўқ.
Иккинчи хавотир. Озод фермерларни бошқариб бўлмайди, деган эҳтимолий хавотир. Ҳа, озод, маъмурий буйруқбозлик тизими тазйиқидан халос бўлган фермерларни бошқариб бўлмайди. Бироқ, гап шундаки, мустақил фермерни бошқаришнинг умуман кераги ҳам йўқ. Мустақил фермер ўз манфаати йўлида ҳаракат қилиб, ишини ўзи ривожлантиради.
Учинчи хавотир. «Фермерларга мустақиллик берилса, яқин келажакда қишлоқларда кучли ижтимоий табақаланиш – бой-камбағалга бўлиниш юзага келади, бу эса ижтимоий адолатсизлик келиб чиқади; зеро, Ўзбекистонда аҳоли зич ҳудудларда мустақил фермер бўлишни истайдиган қишлоқ оилалари кўпчиликни ташкил қилади, адолат мезони бузилса, ишларда барака ҳам бўлмайди...»
Бунга ҳам ечим бор – Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини том маънода янги рельсга ўтказиш, яъни мамлакатимизнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда кичик ер эгалари синфини юзага келтириш. Бир қанча аграр соҳаси ривожланган мамлакатлардаги каби.
Дейлик, ҳозирда Ўзбекистонда ўртача бир маҳаллада 400та оила яшайди. Маҳалла атрофида эса 700 гектар ер бор. Мазкур 700 гектар ер ҳозирда маҳалладаги 7та оилага, ҳар бирига 100 гектардан фермерчилик фаолиятини юритиш учун, яъни давлат режасига мувофиқ пахта ва буғдой етиштириш учун берилган. Яъни маҳалла атрофидаги 700 гектар ер мана бу 400та оиланинг атиги 7тасигагина наф келтиряпти. Ҳолбуки, қолган 393 оила ҳам ерда ишлашни истайди, агарда гап мустақил фермер бўлиш ҳақида кетаётган бўлса.
Демак, мана бу ерлардан 7та оиланигина ишли қилиш учун эмас, балки кўплаб оилаларга мустақил фермер бўлиш учун имконият яратиш мақсадида фойдаланиш керак.
Кўплаб оилалар ерда ишлаб ижод қилишсин, изланишсин, ўсишсин, келажакка режалар қилишсин, голланд фермерлари каби чет эл корхоналари билан ўзлари мустақил алоқалар ўрнатишсин, фарзандлари келажагини шу замин билан боғлашсин.
Бу нима дегани? Бу дегани қишлоқлар яқин келажакда тадбиркорлик ўчоқларига айланади, дегани. Зеро, ҳозирги даврга келиб ер бу шунчаки мева-сабзавот етиштириладиган манба эмас, балки бугун ерда қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ минг хил инновацион ғояларни амалга ошириш мумкин.
Нега биз айнан кичик ер эгалари синфини юзага келтиришни ёқлаяпмиз? Сабаблар етарли.
Кичик ер эгалари синфини юзага келтириш дегани бу кўплаб оилаларни мустақил иқтисодий фаолликка жалб қилиш дегани. Аммо бу ҳаммаси эмас – минглаб оилаларни ижодкорликка, бунёдкорликка, новаторликка жалб қилиш мумкин бўлади дегани.
Энди оддий ҳақиқатларни санаб ўтамиз.
Катта аграр хўжалиги дегани бу битта катта тадбиркор ва унга ишлайдиган кўплаб ишчилар дегани.
Бунинг ёмон жойи йўқдир балки, бироқ... агар мана буларнинг ичида оддий ишчи бўлиш эмас, мустақил тадбиркор бўлишга лаёқати, истеъдоди ва истаги бор кишилар бўлса, уларни оддий ишчига айлантириш дегани бу халқнинг қимматли захирасини исроф қилиш дегани. Зеро бу тоифа кишилар – табиатида ёлланма ишчи бўлиш эмас, балки мустақил тадбиркор бўлиш иқтидори бўлган кишилар ҳар бир халқнинг том маънодаги бойлигидир. Қолаверса, халқимиз шаксиз бундай тоифадаги кишиларга бой. Бежиз биз ўзбек – ўз-ўзига бек деб ном олмаганмиз – аксаримизнинг табиатимизда мустақил фаолият юритиш истаги кўпроқ. Бировга ишчи бўлишдан кўра.
Бунинг устига, иш берувчи-ишчи муносабатлари бизда ижобий тусда шаклланмаган ва қачон шаклланишини фақат Яратганнинг ўзи билади – бизда ишчи иш берувчи олдида ҳақсиз бир мавжудот мақомида. Ишчининг ҳуқуқлари эса фақат қоғоздагина мустаҳкамланган.
Шунинг учун Ўзбекистоннинг аҳолиси зич ҳудудларида экин ерларини ва бўлажак тадбиркорларни бирлаштириш асносида бу ерда иқтисодий фаол ўрта синфни юзага келтириш мумкин. Бундан юксакроқ мақсад бўлиши ҳам мумкин эмас. Нега?
Зеро, юқорида айтганимиздек, гап минглаб оилаларнинг яратувчанлик иқтидорини юзага чиқариш ҳақида кетяпти. Бундан муҳимроқ вазифа бўлиши мумкин эмас. Айнан шундай тадбиркор синф келажакда қишлоқларни обод қилади, чунки иқтисодий фаол қатлам ўзи яшаб турган жойни обод қилишга мойил бўлади. Ҳозирги ачинарли аҳволдан чиқиб олишнинг ягона йўли шу ўзи.
Яна бир бор таъкидлаймиз – қишлоқларда мустақил кичик ер эгалари синфини юзага келтириш уларни – қишлоқларни тадбиркорлик ўчоқларига, иқтисодий ҳаёт қайнаган масканга айлантиради.
Буларнинг барчаси аҳолиси зич ҳудудларда кичик ер эгалари синфини яратиш қишлоқ ҳаётини янгича сифат даражасига кўтаради деган хулосани беради.
Аҳолиси зич бўлган ҳудудларимизда кичик ер эгалари синфини юзага келтириш ғояси яна баъзи эътирозлар келтириб чиқариши мумкин.
Масалан, бир картада бир неча деҳқон фаолият юритса-ю, ҳар бири турли экинларни экса, унда агротехник тадбирларни ўтказиш, зараркунандаларга қарши курашиш қийин бўлиб қолади, деган эътироз.
Бироқ, бу хавотирларнинг замирида ҳам асос йўқ – бир жойда фаолият юритадиган деҳқонлар ўз манфаатларини кўзлаб, келишиб ўзаро кооперация қилишни ўрганишади. Бу табиий жараён, халақит қилишмаса бўлгани.
Яна бир ўринсиз хавотир – ерларда экин экмасдан одамлар уйлар қуриб олади, деган хавотир...
Буни энди ҳатто шарҳлашни истамайди киши, ахир экин экиладиган жойга қурилиш қилиш мумкин эмас ва буни назорат қилиш катта қийинчилик туғдирмайди.
Тўғри, ҳеч бир ислоҳот мукаммал бўлмайди – ислоҳотлар йўлида нималардир қурбон берилади, қайсидир йўқотишларга кўз юмилади. Нега? Чунки йўқотишлардан кўра маълум ислоҳот натижасида эришиладиган ютуқлар барча йўқотишларнинг ўрнини босиб кетиши кутилади.
Ўз ватанида не қиларини билмай, ўзга юртларда гастарбайтер бўлиб юрган, аксар оилаларини, ёш фарзандларини йиллаб уйда қолдириб узоқда юрган бир армия қишлоқ ёшларини ўз она юртларида иқтисодий фаол қатламга айлантиришдан улканроқ мақсад борми шу тобда?
Тан олиш вақти келди – ирсий фондимизни ўзида олиб юрган авлодни кўчада қолдирдик. Гастарбайтер мақомини кўтариб юришга, руҳий мажруҳликка мажбур қилдик. Бу билан ҳатто ҳали туғилмаган авлоднинг руҳини синдирдик. Зеро, ота-онанинг руҳий ҳолати ҳали туғилмаган зурриёднинг руҳига таъсир этади.
Бундан ташқари... биз оз эмас-кўп эмас миллионлаб оналарни (уларнинг орасида ёш келинчаклар) уйларида эрларисиз ёлғиз қолдирдик. Оз эмас-кўп эмас – бир авлод расман тўлиқ, аслида тўлиқсиз оилаларда катта бўлди, ота тарбиясидан мосуво бўлиб етишди ва етишяпти. Миллионлаб иқтидорларни эса ерга кўмдик.
Ҳолбуки, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Миллионлаб меҳнат миграциясининг олдини олишимиз мумкин эди, қишлоқларда оёғида мустаҳкам турувчи тадбиркор синфни юзага келтиришимиз мумкин эди, иқтидорларни юзага чиқариш учун барча омилларимиз бор эди – шунча ерлар, шунча имконият.
Пахта, буғдой ёки ер эмас олий қадрият, Инсон – олий қадрият. Дунё – ер-у осмон Инсон учун яралгани айтилади муқаддас масдарларда. Ҳадисда Аллоҳнинг элчиси Каъбатуллоҳга қараб: «Албатта, мўъминнинг ҳурмати Аллоҳнинг наздида бу байтнинг ҳурматидан улуғ» дедилар.
Балки шу учун ишларимиз ўнгланмаётгандир – Инсонни азиз қила олмаётганимиздан?
Буюк Аллоҳ азиз қилганни хор қилиш – Коинот миқёсидаги жиноят.
Айниқса, барча шароит бўла туриб, миллионларни, болалари ва ота-оналарини ташлаб, узоқларга ишлашга кетишга маҳкум этганимиз... улкан жиноят бўлди.
Фуқаролик жамиятини, яъни фаол, онгли кишилардан иборат жамиятни қурмоқчи бўляпмиз. Бироқ бу учун ўша фаол, онгли, ҳар томонлама оёғида мустаҳкам турадиган, ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан бақувват кишилар синфи юзага келиши керак. Хусусан, қишлоқларимизда ҳам.
Бунақа синф эса осмондан тушмайди. У юзага келиши учун ҳозирда иқтидорларини ичида сақлаб келаётган, рўёбга чиқара олмаётган минглаб кишиларнинг қўлига ўсиш, ривожланиш, фаол бўлиш омилларини бериш керак. Қишлоқларимизда бундай омиллардан фақат... ер мавжуд. Ва шунинг ўзи бетакрор имконият.
Ҳокимлар эса деҳқонларнинг ишига аралашмаслиги керак, мутлақо. Манфаат стимулининг ўзи деҳқоннинг ҳаракатларини йўналтиради. Давлат идораларининг бу ерда вазифаси эса фақат ёрдам беришдан иборат бўлиши керак.
Дарвоқе, ерлар деҳқонларга эркин фойдаланиш учун топширилса, деҳқонлар сув учун талашиб қолишади деган хавотир ҳам бор.
Аммо... аслида бирон нарсага талашиш, тартибсизликка мойиллик – ўзаро кооперация қилиш, келишиб ишлашга бўлган кўникма йўқолиб кетганидан дарак. Бошқача қилиб айтганда, биздан бу кўникмалар тортиб олинди, биз онгсизлантирилдик. Энди эса тузалиш керак. Бу эса мустақил фаолият билан бўлади. Бошқа нарса билан эмас.
Хулоса шуки, биз ўзимизга берилган, шундоқ оёғимиз остига ташланган имкониятлардан фойдаланмай келяпмиз. Иссиқ қуёш, минтақадаги энг серҳосил ерлар, миллионлаб мустақил деҳқон бўлишни, мустақил, ҳокимлар тазйиқи ва аралашувидан холи фаолият юритишни орзу қилиб келаётган қишлоқ ёшлари.
Яна бир жиҳат. Кўплаб аграр ривожланган давлатлар табиий газ захиралари бўлмай туриб ҳам иссиқхоналар мамлакати деб ном олишган. Ўзбекистон эса газ қазиб олиш бўйича дунёда олдинги ўринларда туради. Бунинг устига бизда қиш мавсуми қисқа – кўп газ ёқишнинг кераги ҳам йўқ – иссиқхоначи совуқ кунлардан ўтиб олса бўлгани.
Демак, биз юқори ривожланган қишлоқ хўжалигига эга бўла оламиз. Бу учун аҳолиси зич ҳудудларимизда эркин кичик ер эгалари синфини юзага келтиришимиз керак. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти йўлларини очиб қўйишимиз, тадбиркор ва деҳқонларнинг ишларига ҳокимларнинг аралашувига чек қўйишимиз даркор.
Мавжуд ачинарли ҳолатимиз табиий, бундан бошқаси мумкин эмас эди, деганлар бекор айтибди – имкониятлари биздан кўра анча кам мамлакатлар биздан кўра анча яхши яшашяпти. Биз фақат ўзимизда бор имкониятларни ишга солишимиз керак. Энг муҳими, инсонни биринчи ўринга қўйишимиз керак, пахта ёки бошқа нарсани эмас.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:46 / 07.11.2024