«Олис ҳудудга бориб дарс ўтиш учун устама ягона сабаб эмас» — Бухородан Самарқандга бориб дарс ўтаётган оила
Жорий йил январ ойида қабул қилинган “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида таълим сифати паст мактабда дарс бериш учун бошқа ҳудуддан жалб қилинган ўқитувчига махсус устама — бошқа вилоятдан келиб ишласа, 100 фоиз, бошқа туман (шаҳар)лардан келиб ишласа, 50 фоиз қўшимча ҳақ тўланиши таъкидланган эди.
Халқ таълими вазирлиги шундай ўқитувчилар оиласи билан таништирди. Фаррух Муродов ва унинг оиласи Бухоро вилоятидан келиб, Самарқанднинг олис ҳудуди Нуробод туманидаги 54-мактабда ишлаб келмоқда. Уларнинг иккаласи ҳам 1-тоифали ўқитувчилар саналади.
«Аввал Бухоро вилояти, Бухоро туманидаги мактаблардан бирида ишлаганман. Ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам инглиз тили фанидан дарс берамиз. Нурободдаги мактабда инглиз тили фанидан ўқитувчи йўқлигидан танишларимиз орқали хабар топдик. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, иш фаолиятимизни шу мактабда давом эттиришга қарор қилдик.
Берилаётган устамалар бизни олис масофадан келиб, шу ерда ишлашимиз учун қизиқтирган ягона сабаб эмас. Ўқитувчилик касбига ҳурмат, қолаверса, олис ва чекка ҳудудларда ҳам болалар инглиз тилини ўрганишига ёрдам бериш учун келганмиз.
Мактаб жамоаси бизни яхши кайфият билан кутиб олди. Ўқувчиларда инглиз тилини ўрганишга қизиқиш жуда кучли. Ўқув йили якунланишига ҳали бироз муддат бор. Ўйлайманки, биз ўқувчиларга иложи борича кўпроқ билим беришга улгурамиз», дейди Фаррух Муродов.
Фаррух Муродовнинг турмуш ўртоғи Наргиза Қувонова аввалига олис ҳудуддаги таълим масканига бориб ишлашга иккиланганини, бегона жойга тезда мослашиб кетиш уни бироз хавотирга туширганини айтади, лекин ўз касбига фидойилик сабаб хавотирни енгиб ўтган.
«Бошида турмуш ўртоғим бу мактабга келиб ишлаш таклифини айтганида бироз иккиланганман. Бегона жой, нотаниш шароит. Лекин касбимизга бўлган садоқат бизни бу ерга бошлади.
Қишлоқ аҳли бизни илиқ кутиб олишди. Мактабга яқин хонадонга жойлашдик. Мактаб жамоасида ва яшаш хонадонимизда бизга нисбатан самимий муносабат узоқ йиллар мазкур мактабда ишлашимиз учун иштиёқ бермоқда.
Мактабда ўқувчиларнинг инглиз тилини чуқур ўрганишига ёрдам бераётганимдан жуда хурсандман. Бизга шундай имконият яратиб берган барчадан миннатдормиз», дея таъкидлайди Наргиза Қувонова.
Нуробод туманидаги 54-мактаб директори Салима Рустамова мактаб марказдан узоқлиги боис таълим сифати ва ўқитувчилар савияси пастлигини, турли фанлар, жумладан, инглиз тили, кимё, рус тилидан ўқитувчилар етишмаслигини таъкидлайди.
«Мактабимиз вилоят марказидан қарийб 150 км узоқдаги Арғон қишлоғида жойлашган. Ростини тан олиб айтаман, бизда таълим сифати юқори эмас. Ўқитувчиларимизнинг ҳам касбий маҳорати етарли эмас. Узоқ йиллардан бери мактабда инглиз тили фани ўқитувчиси йўқ эди. Шу сабаб инглиз тили фани ўтилмас, бу ҳолат ота-оналар ўртасида кўплаб эътирозларга сабаб бўларди.
Мактабимиздаги ана шу муаммо ўз ечимини топди. Март ойидан бошлаб билимли, ёш, интилувчан ўқитувчилар оиласи Бухоро вилоятидан келиб, мактабимизда иш бошлади. Бугунги кунда қишлоқ аҳолиси бу ўқитувчиларнинг дарсларидан жуда хурсанд. Улар бизнинг жамоага тез мослашиб кетди.
Келгуси ўқув йилида ҳам яна кимё, рус тили фанларидан маҳоратли ўқитувчиларни ишга таклиф этиш ҳаракатидамиз», дейди мактаб директори Салима Рустамова.
Мавзуга оид
15:51 / 27.04.2024
Нурободда 40 йил кутилиб таъмирланган асфалт бир йилга бардош берди
15:21 / 24.07.2023
Мактаб ўқитувчиларига 7,8 млрд сўмлик таътил пуллари ундириб берилди
07:31 / 14.07.2023
Янги ишга кираётган хорижий тил ўқитувчиларига B2 даражадаги сертификат мажбурий бўлади
18:39 / 27.06.2023