Ўзбекистон | 13:50 / 06.04.2021
15882
3 дақиқада ўқилади

Сардоба фожиасига қарийб 1 йил. Балиқчилар кўрган зарар қопланиши Молия вазирлигига боғлиқ бўлиб турибди

Сирдарёлик балиқчилар Сардобадаги сув омбори бузилиши оқибатида кўрган 100 млрд сўмдан ошиқ зарар шу йил март ойи охирига қадар тўлаб берилиши айтилган эди. Вилоят ҳокимининг 16 март куни вазир номига йўллаган хати ҳамон кўриб чиқиш жараёнида.

2020 йил май ойида Сардоба сув омбори тўғони бузилиб кетиши оқибатида юз берган фожиа Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларидаги 70дан ортиқ балиқ хўжалигининг 3,46 минг гектар сунъий кўлларига зарар етказган, у ердаги балиқлар нобуд бўлиб, хўжаликларнинг техник қурилмаларини ҳам оқизиб кетган.

«Сирдарёбалиқсаноат» МЧЖ директори Ўктам Раҳматиллаевнинг маълумот беришича, Сардоба сув тошқинидан зарар кўрган фермер хўжаликларига зарарни қоплаш бўйича бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бошчилигида ўтган йиғилишдан сўнг, шу йил 27 январ куни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев йиғилиш ўтказган. Унда тузилган баённомада балиқчиларга етган зарарни қоплаб бериш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси орқали Молия вазирлигига таклиф киритиш масаласи қўйилган.

Ўктам Раҳматиллаев маҳаллий бюджетда бундай миқдорда пул йўқлиги учун вилоят молия бошқармаси Молия вазирлигига таклиф киритганини ва март ойи охирига қадар пуллар тўлаб берилиши кутилаётганини билдирганди.

Шунингдек, у агар пуллар тўлаб берилмаса бу йил 3,5 минг гектар сунъий кўллар тикланмай, 30 минг тонна балиқ етиштирилмай қолишини айтган эди.

Бугун апрель ойининг 6-куни. Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан айтилган муддат (март ойининг охири)дан шунча кун ўтди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу масала юзасидан ҳокимлик зиммасида бирор иш қолмаган. Вилоят ҳокимлиги 16 март куни балиқ хўжаликлари ва бошқа фермер хўжаликларига етказилган зарарни қоплаб бериш юзасидан тўғридан тўғри маблағ ажратиш ёки унинг манбасини кўрсатишни сўраб Молия вазирлигига хат чиқарган. Лекин вазирлик шу кунга қадар ушбу хатга жавоб бермаган.

Молия вазирлиги матбуот хизмати вилоят ҳокимлигининг хати уларга етиб келгани ҳамда ушбу масала вазирлик томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.

Март ойи охирида тўловлар тўлаб берилиши ҳақидаги ваъда ҳам худди аввалгилари каби ёлғон бўлиб чиққанидан норози бўлган балиқ хўжаликларининг раҳбарлари вилоят раҳбарларидан умидини узиб, 5 апрель куни Тошкентгача келишди.

Вазият эса ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда.

Мавзуга оид