Темурийлар даврига мансуб китоб ва қимматбаҳо тошларни катта пулга сотишга уринган шахс қўлга олинди
Сурхондарёда Темурийлар даврида ишланган қадимий китоб ва қимматбаҳо тошларни пуллашга уринган шахс ушланди. Маълум бўлишича, ундан мусодара қилинган китоб ва қимматбаҳо тошлар қиймати 3,4 млрд сўмга тенг.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан ДХХ вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қимматбаҳо тошлар ва ноёб тарихий китобларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Денов туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган шахслардан бири 17 грамм оғирликдаги қимматбаҳо ёқут тошини 23 минг AҚШ долларига ҳамда XII—XIV асрларга мансуб қадимий китобни 20 минг долларга пуллашга уринган вақтида қўлга олинди.
Шундан сўнг ушбу шахснинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, терига ишланган ва тахминан XIV асрга мансуб тарихий қўлёзма китоблар сақланаётгани маълум бўлди. Хонадон эгаси томонидан ушбу китобларнинг баҳоси 60 минг AҚШ доллари экани маълум қилинди. Бундан ташқари, унинг ёнидан ҳам қиймати 20 минг долларга тенг 37 грамм оғирликдаги зумрад тоши топилган.
Шунингдек, ушбу шахс бошқарувидаги «Каптива» русумли автомашинада яна бир ноёб китоб борлиги аниқланди. Темурийлар салтанати даврида чоп қилинган мазкур китобнинг саҳифалари мисдан ишланган бўлиб, ёзувлари ўйиб туширилган. Китобнинг қиймати 200 минг AҚШ доллари экани маълум бўлди.
Мазкур ҳолатда олиб қолинган қимматбаҳо тошлар ва қадимий китобларнинг қиймати 3 миллиард 400 миллион 570 минг сўмни ташкил қилмоқда.
Давлат божхона қўмитасининг Kun.uz’га маълум қилишича, қадимий китоблар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага топширилган.
Шунингдек, қадимий тангаларни божхона постидан ноқoнуний олиб ўтишга уриниш ҳолати Қорақалпоғистонда ҳам аниқланди.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси «Довутота» чегара божхона постидан ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситаларидан бирини божхона кўригидан ўтказиш давомида ҳайдовчи маданий бойликлар, нумизматика ашёларини божхона назоратидан яширинча олиб чиқишга урингани аниқланган.
Мазкур ҳолатда тўхтатиб қолинган 131 дона танга ўтган асрнинг турли даврларида дунёнинг 30га яқин давлатида зарб қилинган бўлиб, шулардан 33таси тарихий аҳамият касб этади. Нумизматика ашёларидан ташқари ушбу шахс 7 дона қўлда тўқилган жун гилам ва ҳайкалчалар (маданий бойликлар)ни олиб чиқаётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Aввалроқ «Матиз»га яширилган 3 кг 928 гр оғирликдаги «опий» ҳамда 2 кг 873 гр оғирликдаги «гашиш» гиёҳвандлик воситалари фош этилгани хабар қилинган эди.
Мавзуга оид
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024
Уч ҳудудда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024