Иқтисодиёт | 18:10 / 07.04.2021
7468
3 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистонда водород энергиясини ривожлантиришни таклиф қилди

«Иннопром» халқаро кўргазмаси СовТест (Россия) шамол генератори, қуёш панеллари ва водород заводини ўз ичига олган гибрид электр станциясини яратиш лойиҳасини тақдим этди.

«Иннопром» халқаро кўргазмаси дастуридан ўрин олган «Энергетикада инновациялар» сессиясида Ўзбекистон ва Россия мутахассислари иқлим ўзгариши таъсирида энергетика саноатининг ўзгариши, истеъмолчилар талабларининг ортиши ва юқори технологияларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

«Дунё» хабарига кўра, сессияда СовТест (Россия) ишланмаларининг намуналари, хусусан, шамол генератори, қуёш панеллари ва водород заводини ўз ичига олган гибрид электр станциясини яратиш лойиҳаси тақдим этилди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон томонидан кўриб чиқиш учун таклиф қилинган.

«Хитой 2030 йилгача транспортнинг катта қисмини водородга ўтказишни режалаштирмоқда. Германияда ўтган йили водород энергетикасини ривожлантириш бўйича махсус дастур қабул қилинди ва 2050 йилга бориб немислар ўз иқтисодиётини карбонсизлаштириш устида изланиш олиб бормоқда. Яъни улар бутунлай дизель ёнилғисидан воз кечиб, ҳамма жойда водород, шамол, қуёш энергетикасидан фойдаланади. Жанубий Кореяда 2040 йилга бориб водород бўйича миллиондан ортиқ транспорт бирлиги бўлади, АҚШда 2020 йил водородда ишлайдиган замонавий юк машиналар ишлаб чиқариш бошланади», — деди Россия компанияси бош директорининг ўринбосари Денис Урманов.

Маърузачига кўра, Россияда ҳам ушбу мавзуга жиддий эътибор қаратилмоқда: «Ўтган йили Россияда водород энергетикасини 2024 йилгача ривожлантириш тўғрисида ҳукуматнинг махсус қарори қабул қилинди», — деди у.

Маълумот учун, водород энергияси қуйидаги ўринларда ишлатилиши мумкин:

а) ёқилғи сифатида. Водород ёниши жараёнида фақат сув буғлари ажралиб чиқади. Ёниш жараёнида олинган иссиқлик энергияси бевосита иссиқлик энергияси сифатида ишлатилиши ҳам, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида электр энергияга айлантирилиши ҳам мумкин.

б) ёқилғи элементлари сифатида. Бу элементда водород ёқиш жараёнисиз тўғридан тўғри электр энергияси олинади. Жараён натижасида фақат тоза сув ҳосил бўлади. Бу элементлардан водород автомобилларда ҳам фойдаланилади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, водород саноати келажакдаги глобаллашган иқтисодиётнинг асосини ташкил этиши кутилмоқда. Бунда водород ҳозирги кўмир, нефть ва табиий газнинг ўрнини эгаллайди.

Хорижий тажрибага кўра, Италиянинг Энел компанияси 2010 йилда қуввати 16 МВтга тенг, 17 минг тонна СО2 моддаси атмосферага чиқишининг олдини оладиган биринчи водород электр станциясини ишга туширган. 2018-2019 йилларда Австралия, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия каби давлатлар, АҚШнинг айрим штатлари ўзининг Водород стратегияларини ишлаб чиққан ва тасдиқлаган. 

Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилга бориб жаҳон энергетикасидаги водород энергиясининг улуши 18 фоизни, аср сўнгида 40 фоиздан ортиқни ташкил этади.

Мавзуга оид