Жаҳон | 22:32 / 08.04.2021
10174
2 дақиқада ўқилади

Таксичилари кўзи ожиз аёлга хизмат кўрсатишни истамагани учун Uber компанияси 1,1 млн доллар товон тўлайди

Uber ҳайдовчилари кўзи ожиз аёлни манзилига элтиб қўйишдан 14 марта бош тортгани маълум бўлди. Бунинг учун энди компания калифорниялик Лиза Ирвингга 1,1 млн доллар товон тўлайди.

Аёл компанияни 2018 йилда судга берганди. Унинг сўзларига кўра, 14 та ҳолатда такси ҳайдовчилари уни манзилига элтиб қўйишдан бош тортишган. Ҳайдовчилар аёлга йўлбошловчилик қиладиган ит машиналарига чиқишини исташмаган. Aйрим ҳайдовчилар мижозни ҳақорат қилгани айтилмоқда.

Uber вакиллари судда ўзларини оқлашга, барча айбни таксичиларга тўнкашга ҳаракат қилган. Уларнинг таъкидлашича, компания ҳайдовчиларининг хатти-ҳаракатлари учун жавобгар эмас, чунки улар ўзларини ўзлари иш билан банд қилишган. Бироқ бу компанияни катта жаримадан қутқариб қололмаган.

Aмерика арбитраж ассоциацияси ҳайдовчилар доимий асосда ёки ёлланиб якка тартибда ишлашидан қатъи назар «Ногиронлиги бор америкаликлар тўғрисида»ги қонунга бўйсунишлари шартлигини таъкидлаган.

Ушбу қонунга биноан, транспорт хизмати кўрсатувчиси ушбу хизматлардан, шу жумладан йўлбошчи итлари бўлган одамлардан тенг ва адолатли фойдаланишни таъминлаши шарт. Шунга кўра, суд компанияни ҳайдовчиларга ногиронларнинг ҳуқуқларини тушунтирмаганлик, уларга риоя қилинишини талаб қилмаганлик ва ҳайдовчилар томонидан мижозлар камситилишининг олдини олмаганликда айбдор деб топган.

Uber компанияси 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Сан-Францискода жойлашган.

Бугунги кунда компания хизматларидан дунёнинг 100 дан ортиқ шаҳарларида фойдаланиш мумкин. Корпорация талабларига мос келган, ҳайдовчилик лицензиясига эга ҳар қандай шахс ўз машинасида ёлланма тарзда хусусий такси хизматини кўрсатиши мумкин. Бунда Uber мижозлар ва такси ҳайдовчилари ўртасида воситачилик қилади ва ҳайдовчилардан ҳар бир мижоз учун хизмат ҳақининг 20 фоизи миқдорида комиссия олади.

Мавзуга оид