Ўзбекистон | 14:08 / 09.04.2021
20380
5 дақиқада ўқилади

Ангрен шина заводи бўйича жиноий иш очилгани ҳақида хабарга тушунмовчилик сабаб бўлган — Дониёр Ғаниев

ЎзЛиДеП партияси матбуот хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳада хатоликка йўл қўйилгани боис, Ангрен шина заводи устидан тергов бошланган, деган маъно келиб чиққан. Аслида тергов «Саломатлик-3» лойиҳаси бўйича бошлангани маълум қилинди.

Фото: brz.uz

2 апрел куни ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ташқи қарз эвазига қурилган Ангрен шина заводининг фаолияти муваффақиятсизлиги учун жавобгарларга қандай чора кўрилаётгани бўйича Ҳисоб палатасига савол билан юзланганди.

«156 миллион долларга завод қурилган. Шиналар ишлаб чиқарилмоқда. Энг ачинарлиси, шундоққина Андижондаги UzAuto Motors бу шиналарни сотиб олмаяпти. Сабаб сифатида бу маҳсулотлар GM компанияси стандартларига сертификатлаштирилмагани келтирилмоқда. Наҳотки, бу лойиҳа ишлаб чиқилаётганда биринчи бозоримиз бўлган ички автомобиллар сертификат талабларига мослашиши зарурлиги ўйланмаган бўлса?!

Лойиҳа ташаббускорларига, уни ишлаб чиққанларга чора кўриладими ёки шунчаки 156 миллион доллар сувда оқиб кетди, деб кетилаверадими? Шу бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига тақдимнома киритдингларми?» дея савол қўйган депутат йиғилишда.

Дониёр Ғаниев ўзининг бу мавзудаги кейинги чиқишида ноаниқликка йўқ қўйилгани, Ангрен шина заводи бўйича жиноий иш қўзғатилгани тўғрисидаги маълумот асоссиз эканлигини маълум қилди.

«2 апрел куни ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ҳисоб палатасининг 2020 йилги фаолияти юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнида мен ташқи қарз ҳисобига молиялашган ҳамда ҲП томонидан ўрганилган 2та лойиҳа юзасидан савол бергандим. Яъни Ангрен шина заводи лойиҳаси ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган «Саломатлик-3» лойиҳаси. Мана шу лойиҳалар бўйича Ҳисоб палатаси раҳбарияти томонидан иккита алоҳида-алоҳида жавоб берилган.

Лекин негадир партия матбуот хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳада хатоликка йўл қўйилиб, айнан «Саломатлик-3» лойиҳаси бўйича берилган жавоб Ангрен шина заводи бўйича берилган саволга жавоб тарзида юкланган. Бу тушунмовчилик ортидан ОАВда Ангрен шина заводи бўйича жиноий иш очилди, тарзида хабарлар тарқабди.

Аслида жиноий иш «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида очилган. Уни видеода, ҲП раҳбариятнинг жавобида ҳам эшитиш мумкин ва унда «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида барча ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этилгани маълум қилинган.

Ангрендаги завод бўйича эса ҳозирда корхонада тўлиқ қувватда ишни йўлга қўйиш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилиб, иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, корхона маҳсулотларига сертификат олиб, келажакда UzAutoMotors томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобилларни шина билан таъминлашни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилаётгани қайд этилган.

Яна кўплаб муҳокамаларда гўёки корхона маҳсулотлари сифатсиз экани ҳам айтилибди. Лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Шахсан ўзим заводнинг «Барс» русумли шиналаридан фойдаланаман.

Бу ерда асосий савол лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги, яъни лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида нега сертификатлаштириш биринчи навбатда ҳал қилинмаганлигига йўналтирилган эди.

Эътирозим ҳам шунда эди. Нега лойиҳа ишга тушганига 2 йилдан ўтган бўлса-да шу кунгача айнан UzAutoMotors’га шиналар етказиб беришни таъминлайдиган сертификатлаш ишлари якунига етмаганлиги, лойиҳа бизнес режаларида қайд этилган иқтисодий кўрсаткичларга эришилмаганлиги сабаблари ҳамда бу хатоликларнинг олдини олиш, завод фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича аниқлик киритиш эди. Зеро, завод молиявий соғлом бўлиши, яратилган иш ўринлари сақлаб қолиниши, қўшимча қиймат яратиш орқали мамлакат иқтисодий ўсишига ҳисса қўшиши ва энг муҳими олинган даромадлар ҳисобига лойиҳа учун жалб қилинган қарз маблағлари тўланиши энг муҳим масала, деб ҳисоблайман», деб ёзади Дониёр Ғаниев.

Депутатнинг қўшимча қилишича, айни пайтда «Саломатлик-3» лойиҳаси бўйича жиноий иш очилган ва мақсадсиз сарфланган маблағлар юзасидан тергов ҳаракати олиб борилмоқда. 

«Шу ўринда «Саломатлик-3» лойиҳаси ҳақида қисқача. 2012-2018 йилларда лойиҳа доирасида Жаҳон банкининг қарз маблағлари ҳисобига тиббиётнинг қуйи бўғинларига 108,5 млн долларлик тиббий жиҳозлар харид қилинган. Лекин ҲП ўрганишларида аниқланишича, юқори нархлар киритиш орқали лойиҳа қиймати 20,1 млн долларга асоссиз оширилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида 18,5 млн долларлик маблағлар мақсадсиз ва ортиқча сарфланган ёки керакли жиҳозлар ўрнига бошқа жиҳозлар режага нисбатан ортиқча харид қилинган. 19,1 млн долларлик баъзи тиббий жиҳозлар эса 3 йилгача тиббий муассасаларга тарқатилмай, омборхоналарда қолиб кетган.

Буларнинг натижасида қуйи тиббиёт бўғинларини етарли ва сифатли тиббий ускуна ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш режаси бажарилмаган.

Бу хато ва қонунбузилишлар бадали эса минг афсуски, чекка ҳудудларда, жумладан, мен сайланган Марғилонда ҳам оналар ва болалар ўлимлари билан тўланмоқда. Шу сабаб, бу лойиҳа доирасида қонунбузарликка йўл қўйган, маблағларни талон-торож қилганлар албатта жазо олиши керак», деган депутат ўз постида.

Мавзуга оид