Ўзбекистон | 21:40 / 09.04.2021
29732
2 дақиқада ўқилади

«Отвёртка»ни совуқ қурол деб баҳолаган ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текшируви давом этмоқда — Шоҳрух Ғиёсов

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Зангиотада «отвёртка» олиб юрган ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилганига муносабат билдирди.

Ўтган ойда Тошкент вилояти Зангиота туманида «Спарк» автомобили тўхтатилиб, ҳайдовчининг ёнидан чиққан отвёртка совуқ қурол деб топилган, ЙПХ ходими томонидан далолатнома тузилганди. Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, айниқса ҳайдовчилар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, ИИБ ходимларининг бу ҳаракатлари қораланган эди.

Шундан сўнг Тошкент вилояти ИИББ ҳолат юзасидан суриштирув бошлаганди. Ушбу суриштирув натижаси билан қизиққан Kun.uz мухбири 9 апрел куни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовга мурожаат қилди.

Ғиёсов ушбу ходимга нисбатан хизмат текшируви давом этаётганини маълум қилди.

«Ички ишлар ходимига хизмат олиб бориш вақтида мавжуд хавфга шахсан баҳо бериб, қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилган. Мен у ходимнинг ҳаракатини оқлаш ёки қоралаш мақсадида айтмаяпман. Aйнан ички ишлар органи ходимларига шундай ҳуқуқ берилган.

Лекин ҳар қандай ҳолатда ички ишлар органи ходимининг қарори устидан шикоят бўладиган бўлса, ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилади. Унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Ҳозирги вақтда хизмат текшируви олиб бориляпти. Якуни бўйича қўшимча маълумот берилади.

«Отвёртка» совуқ қурол деб баҳоланганига келсак, бунга биз мантиқан ёндашишимиз керак. Транспорт воситасига техник хизмат кўрсатиш учун ўзининг инструментлари бўлади. Шунинг учун бунга мантиқан ёндашишимиз керак. Лекин ҳозир ички ишлар органи ходимининг ҳаракатини қоралаш ёки оқлашга ваколатим йўқ. Хизмат текшируви натижасида унинг ҳар бир ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади», – деди Шоҳрух Ғиёсов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган совуқ қуролнинг намунавий классификаторида ҳам «отвёртка» кўрсатилмаган.

Мавзуга оид