Иқтисодиёт | 13:00 / 09.04.2021
14675
12 дақиқада ўқилади

«Табақалаштирилган ҚҚС ставкаларидан фойдаланиш самарасиз чора» - молия вазири ўринбосари

Солиқдан тежаш камдан кам ҳолларда харидорларга ўтади, одатда у чакана савдогарларда қолади. Ҳаттоки, наф истеъмолчиларга ўтган тақдирда ҳам, пасайтирилган ставкалар энг бой уй хўжаликларига кўпроқ фойда келтиради, деди молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов.

Фото: KUN.UZ

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов қўшилган қиймат солиғини табақалаштириш қандай натижалар бериши мумкинлиги борасида ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати Kun.uz мухбирига маълум қилган. 

Қайд этилишича, айрим тармоқ вакиллари пасайтирилган ҚҚС ставкалари жорий этишни ёки айрим фаолият турларини солиқдан озод қилишни таклиф этади. Аммо бу самарасиз чора.

Катта моддий харажатлар талаб этмайдиган хизматлар учун пасайтирилган ставкаларни белгилаш ёки ҚҚСдан озод қилиш таклифлари ҳақида

Бундай таклифлар нафақат туризм, балки бошқа соҳалар бўйича ҳам мавжуд. Уларнинг муаллифлари ҚҚС охирги истеъмолчи томонидан тўланадиган солиқ эканлигини ҳисобга олмайдилар. Шу боис, кўп мамлакатларда ҚҚС ставкаларини пасайтириш тарафдори бўлган сиёсатчилар ўз таклифларини ишлаб чиқарувчилар ва савдо манфаатлари билан эмас, балки истеъмолчилар манфаатлари билан асослайдилар.

Фараз қилайлик, муайян тармоқ учун, масалан, меҳмонхона хизматлари учун ҚҚС бўйича имтиёзлар жорий этилди. Бизнеснинг қайсидир қисми ютади, қайсидир қисми ютқазади.

Мисол учун, бугунги кунда давлат меҳмонхона очаётган компанияларга қурилиш пайтида улар томонидан тўланган ҚҚСни тўлиқ қоплаб бермоқда. Агар сиз меҳмонхонага 11,5 миллиард сўм инвестиция киритган бўлсангиз, шундан 1,5 миллиард сўми қурилиш материаллари, хизматлар ва бошқалар учун тўланган ҚҚС бўлса, у ҳолда меҳмонхона сизга ҳақиқатда 10 миллиард сўмга тушади. Бир ярим миллиардни сизга бюджет қайтариб беради. Бунинг ягона шарти меҳмонхона ҚҚС тўловчиси бўлиши керак. Тўловчи бўлмаганга солиқ бюджетдан қопланмайди, у амортизацияни оширган ва фойдани камайтирган ҳолда меҳмонхона қийматига киритилади.

Истеъмолчи нуқтайи назаридан ҳамма нарса ҳам равшан эмас. Биз ўйлаб кўришимиз керак бўлган биринчи нарса – бундан охирги истеъмолчи ютадими? Иккинчиси – мазкур наф солиқ маъмуриятчилигида қўшимча харажатларни қоплайдими?

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ҚҚС ставкасини камайтириш, одатда, товар ва хизматларни мос равишда арзонлаштирмайди.

Масалан, Ўзбекистонда бундан бир ярим йил аввал солиқ ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилган эди. Истеъмолчилардан кимдир нархларнинг 5 фоизга ҳақиқатда тушганлигини сездими? Товарлар ва хизматларнинг аксарияти бўйича нархлар тушмаган. 2021 йил январидан акциз солиғи бекор қилинган импорт товарлари нархлари ҳам арзонлашмади. Бу рақобат йўқлигини ёки истеъмолчи ушбу нархни тўлашга тайёрлигини ва чакана савдо бу нархни пасайтиришни хоҳламаётганлигини билдиради.

Фараз қилайлик, туристик хизматларни ҚҚСдан озод қилдик. Ишончим комилки, бу нархларнинг 15 фоиз пасайишига олиб келмайди.

Биринчидан, биз сайёҳлик компанияларининг барча контрагентларига шундай имтиёзлар бера олмаймиз (автомобил ташувчиларига, умумий овқатланиш, электр энергияси, газ етказиб берувчилар ва бошқалар) ҳамда хизматлар таннархи ошади. Иккинчидан, меҳмонхона хоналарининг бозор нархи бор – 250 минг сўмдан бир неча миллион сўмгача. Уларни эса ҳеч ким туширмайди.

ҚҚС ставкасини камайтиришнинг самарали алтернатив варианти мавжуд – бу манзилли субсидиялар орқали тармоқни қўллаб-қувватлаш. Шунинг учун давлат инвесторларга янги меҳмонхоналарни қуриш ва жиҳозлаш учун субсидиялар тўлайди.

Демак, 100 хонали 4 юлдузли меҳмонхона учун инвестор 6,5 миллиард сўм миқдорида субсидия олади. Шундай қилиб, давлат бозорда янги меҳмонхоналар пайдо бўлишини рағбатлантиради, бу рақобат кучайиши ва ростдан ҳам нархларни пасайтириши керак. Бизнесни бундай манзилли қўллаб-қувватлаш, истеъмолчига ҳеч нарса бермайдиган ҚҚСдан озод қилиш ёки пасайтирилган ставкаларни жорий қилишдан кўра анча самаралидир.

Бундан ташқари, бизнесда имтиёзли режимлар жорий этиш билан солиқ маъмурчилигида ва алоҳида-алоҳида ҳисобни юритишда қийинчиликлар пайдо бўлади. Имтиёзли ҚҚС ставкаси мавжуд бўлганда солиқ низоларининг юқори эҳтимоли мавжуд.

Мисол учун, меҳмонхона хизматлари нархига киритилган нонушта – бу овқатланиш хизматими ёки яшаш хизматими? Ягона ставкада ҳеч қандай муаммо йўқ - барчасига 15 фоиз ҚҚС солинади. Агар биз меҳмонхона хизматлари учун пасайтирилган ставкаларни белгиласак, нонушта қийматини қайси ставка бўйича солиққа тортамиз – 5 фоизми ёки 15 фоиз?

Бундай низолар меҳмонхона томонидан кўрсатиладиган бошқа барча хизматлар – кир ювиш, фитнес, туристларни ташиш ва бошқалар бўйича юзага келади.

Доимий суд келишмовчиликлари – табақалаштирилган ҚҚС ставкалари мавжуд бўлган мамлакатлар учун оддий ҳол. Европа судининг ҚҚС бўйича аксарият суд жараёнлари муайян товар ёки хизмат қайси ставка бўйича солиққа тортилиши билан боғлиқ. Шундай ҳолат Россия, Туркия, Австралия ва бир нечта ҚҚС ставкалари мавжуд бўлган бошқа мамлакатларда содир бўлмоқда.

Масалан, айрим мамлакатларда босма маҳсулотлар ҚҚСнинг пасайтирилган ставкасида солиққа тортилади. Агар босма маҳсулотга флэш-хотирада электрон версия бўлса ва унинг нархи босма нашрнинг нархидан юқори бўлса, қандай ставкани қўллашимиз керак? Бундай айланма билан алоҳида ҳисобнинг юритилиши доимо қийинчилик ва суд низоларига сабаб бўлади.

Бунда, амалиёт кўрсатганидек, бизнесга ёрдам беришнинг яна бир усули – бюджетга солиқни тўлаш муддатини ошириш. Тадбиркор харидордан оладиган ҚҚС – бу бюджет пулидир. Сиз солиқни кейинги ойнинг 20 санасига қадар тўлаганингизда, аслида харидордан пул тушган кундан бошлаб ҚҚС бюджетга ўтказилган санагача фоизсиз кредитдан фойдаланасиз. Агар солиқни чоракда бир марта тўланадиган қилган ҳолда ушбу муддат узайтирилса-чи? Фоизсиз кредитдан фойдаланиш муддати 2-3 баробар ошади.

Ўзбекистонда ўтган йил айнан шундай норма жорий этилди. 2020 йилнинг апрелидан товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш бўйича айланмаси 1 миллиард сўмдан ошмайдиган ҚҚС тўловчилари чоракда бир марта ҚҚС тўлашни бошладилар. Бу эса корхоналарнинг айланма маблағларини кўпайтириб, уларнинг кредит ресурсларига бўлган эҳтиёжини камайтирди ва банк кредитларини тўлаш учун 10 миллиард сўм маблағни тежади.

Пасайтирилган ҚҚС ставкаларини фақат ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматлар учун қўллаш самара берадими?

Келинг, оддий савол берайлик - нима учун бу амалга оширилади ва ундан кутиладиган натижа нима? ҚҚСнинг пасайтирилган ставкалари одатда паст даромадга эга бўлган истеъмолчиларнинг манфаатлари, яъни ижтимоий мақсадлар учун деб изоҳланиб жорий этилади. Бу ишлаши учун солиқ ставкаси пасайтирилиши истеъмолчиларга нархларни пасайтириш кўринишида берилиши лозим.

Назарий жиҳатдан, бозор тўлиқ рақобатли бўлса, бу, ҳақиқатда шундай бўлиши керак. Бироқ, бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ҳам товар ва хизматлар бозорлари тўлиқ рақобатли эмас ва амалда ҚҚСнинг пасайтирилган ставкалари нархларнинг етарли даражада камайишига олиб келмайди.

Буни биринчи ва энг муҳим тадқиқотлардан бири – «кўп меҳнат талаб қиладиган хизмат тажрибаси» деб номланган тадқиқот кўрсатди. 1999 йилда бир қанча Европа мамлакатларида ва бир қатор тармоқларда (сартарошлик ва бошқа кўп меҳнат талаб қиладиган хизматлар) ўтказилган тадқиқотнинг мақсади пасайтирилган ҚҚС ставкаларини жорий этишнинг нархлар пасайишига таъсирини текшириш эди.

2003 йилда Европа комиссияси ҳисоботи кўп меҳнат талаб этадиган хизматлар нархларига янги пасайтирилган ставкаларнинг таъсири минимал эканлигини тасдиқлади. Пасайтирилган ҚҚС ставкалари ё нархларга умуман таъсир қилмаган, ёки фақат қисман – шунда ҳам, қисқа вақт давомида, кейин улар яна кўтарила бошлаган.

Бошқа тадқиқотлар билан ҳам тасдиқланган хулоса бир хил. Истеъмолчилар, одатда, ҚҚС ставкаларини камайтиришдан фойда кўрмайдилар. Бундан ютганлар асосан истеъмолчилар тўлашга тайёр бўлган нархларни туширишни хоҳламаган чакана сотувчилар бўлган.

Бироқ, ҚҚСни пасайтиришга реакциялар бир хил бўлмаслигини ҳисобга олиб, айрим ҳолларда пасайтирилган ставкалар ҳақиқатда нархларни камайтиради, деб фараз қилайлик.

Фараз қилайлик, меҳмонхона хизматларига ҚҚСни бекор қилдик ва улар 10 фоиз пасаяди дейлик. Шундай қилиб, кам таъминланган истеъмолчиларга ёрдам бериш мақсадига эришамизми?

Иқтисодчилар берадиган жавоб шубҳасиз - йўқ, биз бунга эришмаймиз. ҚҚС ставкаларини пасайтиришда нафни биринчи навбатда, кам таъминланган оилалардан кўра кўпроқ истеъмол қиладиган юқори даромадли оилалар кўради. Яъни миллион қийматга эга хоналарда яшайдиган одамлар 250 минг сўм қийматга эга хоналарда яшаётганлардан кўра кўпроқ фойда кўради. Ва буни саёҳат ва меҳмонхона хизматларидан умуман фойдалана олмайдиган шахслар билан солиштириб ҳам бўлмайди.

Мисол учун, Гана давлатида ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, пасайтирилган ҚҚС ставкаларидан олинган фойда 10 фоиз энг камбағал оилаларда 16 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 10 фоиз юқори даромадга эга оилаларда 190 долларни ташкил этган.

Шундай қилиб, амалиётда ҚҚС ставкаларининг пастроқ нархларга олиб келадиган даражада пасайтирилиши, ҳақиқатда юқори даромадли оилаларнинг истеъмолини субсидия қилади.

Шу муносабат билан, кам таъминланган оилаларга тўғридан тўғри молиявий ёрдам кўрсатиш амалиёти самаралироқ ва манзилли ҳисобланади. Ўзига тўқ фуқаролар солиқлар, шу жумладан ҚҚС орқали давлат бюджети даромадларини шакллантиришга анча катта ҳисса қўшадилар, бу эҳтиёжманд оилалар фойдасига қайта тақсимланади.

Умуман, истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш учун табақалаштирилган ҚҚС ставкаларидан фойдаланиш самарасиз чора. Солиқдан тежаш камдан кам ҳолларда харидорларга ўтади, одатда у чакана савдогарларда қолади. Ҳаттоки, наф истеъмолчиларга ўтган тақдирда ҳам, пасайтирилган ставкалар энг бой уй хўжаликларига кўпроқ фойда келтиради. Кам таъминланган оилалар бюджет йўқотишлари туфайли потенциал жамоат хизматлари ва ижтимоий нафақаларни йўқотган ҳолда, 10-15 марта камроқ ютадилар.

Кўпгина мамлакатларда солиққа тортиш амалиётига қарамасдан, ягона ставкали ҚҚС бир неча имтиёзли ставкаларга қараганда самаралироқ бўлади. Бир томондан, ягона ставка маъмуриятчилиги ҳам солиқ органлари, ҳам солиқ тўловчилар учун анча арзонга тушади. Бошқа томондан, барча турдаги корхоналар тенг рақобат шароитида бўлиб, даромадлари устувор аҳамиятга эга фаолият турларига ва ижтимоий эҳтиёжмандларга сезиларли ёрдам беришга имкон берадиган бюджетни тўлдиришда тенг иштирок этади.

Нима учун кўп мамлакатлар ҚҚСнинг пасайтирилган ставкаларига қарши ишончли далилларга қарамай, уни қўллайдилар?

Халқаро молия институтлари экспертлари одатда бу ҳолатларнинг бир неча сабабларини қайд этадилар.

Биринчидан, Европада пасайтирилган ставкалардан 1967 йилда ҚҚС жорий этилганидан бери фойдаланилган. Ўша пайтда юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни ҳеч ким билмасди. Муаммолар ўн йиллар ўтиб кўриниб қолди. Аммо имтиёзларни киритишдан кўра уларни бекор қилиш анча қийин.

Иккинчидан, имтиёзли ҚҚС ставкаси қўлланадиган тармоқларда фаолият юритувчи тадбиркорлар бирлашмалари тимсолида ҚҚСнинг пасайтирилган ставкаларининг кучли лоббиси бор.

Учинчидан, ривожланган мамлакатларда айрим товар ва хизматларни имтиёзли солиққа тортишнинг яна бир эҳтимолий сабаби - сайловчиларга ҚҚС базасига киритилган барча товар ва хизматларни бир хилда солиққа тортиш зарурлигини тушунтира олмаслик ёки истамасликдир.

Ривожланаётган мамлакатларда муҳим товарлар учун имтиёзли ставкалардан фойдаланишнинг сабаби аҳоли ижтимоий ҳимоясининг мавжуд механизмлари самарадорлигига ҳокимиятнинг ишончи йўқлигидир. Улар эҳтиёжмандларни тўғридан тўғри ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янада самарали усулларини қўллай олмайдилар.

Аввалроқ, Туризмни ривожлантириш ассоциацияси раиси Дилшод Одилов меҳмонхоналар қимматлигига ҚҚСни сабаб қилиб келтирганди.

«Бутун дунёда хизмат секторида, хусусан, меҳмонхона тармоғида қўшимча қиймат солиғи мутлақо йўқ ёки жуда ҳам катта фарқ билан иқтисодиётда ўрнатилган ҚҚСдан паст ставкада белгиланган. Масалан, туризми яхши ривожланган Туркияда ҚҚС 18 фоиз қилиб белгиланган, аммо меҳмонхоналар учун 8 фоиз. Германия, Греция, Франция – ҳаммасида меҳмонхоналар учун ҚҚС камида 2 баробар паст», деган мутахассис Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Мавзуга оид