Ўзбекистон | 15:56 / 10.04.2021
4782
2 дақиқада ўқилади

Андижонда шу кунгача 10 мингга яқин нафар фуқаро эмланди. Бугундан барча туманларда эмлаш ишлари бошланди

Андижон вилояти аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Андижон вилоят бошқармасига икки хил вакцина олиб келинган. Шундан 58 минг доза Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Astra Zeneca» вакцинаси ҳамда 58 минг доза Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси. 

Фото: KUN.UZ

Бугунги кунга қадар Андижон шаҳри, Асака ва Андижон туманларида жами 9 855 нафар 65 ёшдан ошган фуқаролар ва тиббиёт ходимлари юқоридаги иккита вакцина билан эмланди. Бу биринчи босқичда эмланиши керак бўлган фуқароларнинг 17,6 фоизини ташкил этмоқда.  

Kun.uz мухбири Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Андижон вилоят бошқармасида бўлиб, вакциналарнинг сақланиши ва жойларга етказиб бериш жараёни билан танишди. 

Бошқарма бошлиғи Дилмурод Набиев ҳудудда коронавирусга қарши эмлаш қандай кетаётгани ҳақида қуйидаги маълумотларни берди.  

“Эмлаш ишларини 1 апрел куни бошлаганмиз. Ўша куни Андижон шаҳрида яшовчи 65 ёшдан ошган фуқаролар ва Андижон шаҳридаги тиббиёт муассасаларида ишловчи тиббиёт ходимларини эмлаганмиз. 1 апрелда Андижон шаҳрида эмлашни бошлаган бўлсак, 5 апрелдан Асака туманидаги 16,5 минг нафар тиббиёт ходимлари ва 65 ёшдан ошган фуқароларни эмлашга киришганмиз. Шунингдек, 9 апрел куни Андижон туманида 8 минг нафар 65 ёшдан ошган фуқаролар ва тиббиёт ходимларини эмлаш бошланди.

Айтиш жоизки, ҳар қандай эмлашдан сўнг инсон танасида ҳарорат кўтарилиб, иситма чиқиши мумкин. Бу ўша организмнинг вакцинага реакцияси ҳисобланади. Мазкур вакциналарда ҳам озми-кўпми иситма кўтарилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳолатнинг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ.  

10 апрелдан вилоятимизнинг бошқа 13 та туманида ҳам эмлаш ишларига киришилди”, деди Дилмурод Набиев.

Мавзуга оид