Термизда мактаб ўқувчисининг номусига тегилгани бости-бости қилинган. ИИБда бу каби жиноятларни яшириш ҳолатлари кўпаймоқда
Термиз шаҳрида 16 ёшли қизнинг номусига тегилган, аммо орадан 14 ой ўтган бўлса-да, шаҳар ИИБ ҳолат юзасидан жиноят иши очгани йўқ.
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Б.Э. исмли шахс 2020 йилнинг январ ойида мактаб ўқувчиси бўлган 16 ёшли вояга етмаган қизнинг ожизлигидан фойдаланиб, номусига теккан. Бир ой ўтиб, бу воқеани интернетга овоза қилиш билан қўрқитиб, қизни такроран зўрлаган.
Сенатор Фарҳод Боқиев Сенат расмий сайтидаги чиқишида шу ҳақда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, жабрланувчининг ота-онаси Термиз шаҳар ИИО ФМБга ариза билан бир неча марта мурожаат қилганига қарамай, Б.Э.га нисбатан қарийб 14 ойдан бери жиноят иши қўзғатилмай келинмоқда – масъуллар юзаки ўрганишлар билан чекланган ва ишни бости-бости қилиб келган.
Қизнинг яқинлари Термиз шаҳар ИИО ФМБда Б.Э.нинг дўстлари ишлаши сабабли иш бости-бости қилиб келинаётганини айтган. Бу органдан умидини узган ота-она «сўнгги чора сифатида» Сенатга мурожаат қилган. Сенат ҳолат холисона ўрганилиши ва якунда қонуний қарор қабул қилинишини назоратга олган.
10 апрел куни Ички ишлар вазирлиги баёнот бериб, Термиз шаҳар ИИБ ходимларининг хизмат мавқейини суиистеъмол қилаётганликлари тўғрисида сенатор билдирган маълумотларни ўрганиш бўйича вазирлик ишчи гуруҳи томонидан хизмат текшируви бошланганини маълум қилди.
ИИБ номусга тегиш жиноятини бости-бости қилиши биринчи марта эмас
Аввалроқ ҳам шунга ўхшаш номусга тегиш ҳолатлари юз берган ва ички ишлар органлари ходимлари жиноятларни яширишга уринишган.
Хусусан, хонанда Жасур Умировнинг бир гуруҳ шахслар билан вояга етмаган қизни зўрлаб, номусига теккани ҳолати экспертиза хулосалари тасдиқлаб турган бўлишига қарамай, Каттақўрғон туман ИИБ ходимлари томонидан яшириб келинганди.
Ҳодиса ОАВ ва жамоатчилик эътиборига тушгандан сўнг хонанда ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан уларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Каттақўрғондаги жиноят билан деярли бир вақтда Тошкент вилоятида содир этилган 14 ёшли қизнинг номусига тегиш жинояти ҳамон очилмай қолмоқда. Қизнинг ота-онаси 2020 йил сентябр ойида Ўрта Чирчиқ туман ИИБга мурожаат қилганига қарамай, орадан ярим йил ўтганига қарамай жиноятчиларга нисбатан ҳалигача ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Қува туманида коллежнинг учинчи курсида ўқиётган 19 ёшли қиз ўғирлаб кетилгани ва бир ой давомида уч киши томонидан мунтазам зўрлаб келингани айтилмоқда. ИИБ бу мурожаатни ўрганиб чиқиб, бунда жиноят аломати йўқ дея жиноят иши қўзғатишни рад этган.
Мавзуга оид
11:05 / 04.06.2024
Сурхондарёда содир бўлган ЙТҲда Нексия-3 машинаси ёниб кетди
21:00 / 31.01.2024
Сурхондарёлик йигит Telegram’да сохта ҳаволалар бериб ўзганинг 27 млн сўм пулини ўзлаштирди
16:47 / 18.10.2023
Қибрайда 13 ёшли қизни зўрлаган шахс 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди
22:39 / 27.07.2023