Сурхондарёда ўғирланган «Дамас» «сўйилган» ҳолда топилди. Уни олиб қочган шахс ушланди
Сурхондарё вилояти Музработ туманида «Музработ» деҳқон бозорининг ёнида турган «Дамас» ўғирлаб кетилган. Тезкор-қидирув натижасида машина Ангор тумани ҳудудида «сўйилган» ҳолда топилган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 11 апрель куни 37 ёшли Тошпўлат М., Музработ туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. У мурожаатида 11 апрель куни соат 07:30да ўзига тегишли «Дамас»ни «Музработ» деҳқон бозорининг ёнида қулфланган ҳолатда қолдириб, соат 11:30да қайтиб чиққанида машинаси жойида йўқлигини маълум қилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида «Дамас» 12 апрель куни тунги соат 1:30да Ангор тумани ҳудудида шикастланган ва эҳтиёт қисмлари ечиб олинган ҳолатда топилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Музработ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни содир қилган 22 ёшли Сафармурод Э. ушланган. Аниқланишича, у «Дамас»нинг эшигини 50 сантиметрли сим ёрдамида очган. Сўнг машина симларини туташтириш орқали ҳаракатга келтирган ва миниб кетган. У ўзига тегишли машинанинг эҳтиёт қисмларини янгилаш мақсадида «Дамас»ни олиб қочганини ва эҳтиёт қисмларини ечиб олганини айтган.
Таъкидланишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
16:15 / 25.09.2024
Музработ туманига янги ҳоким тайинланди
09:56 / 24.09.2024
Жиззахда ҳайдовчи Дамасга катта ёшдаги 14 кишини миндириб ҳаракатланди
09:44 / 27.05.2024
Олмалиқда «Дамас» каналга тушиб кетди
22:16 / 18.05.2024