Жиззахдаги абгор архивлар: нега маҳаллий ҳокимлар президент фармони ва ҳукумат қарорига беписанд?
Жиззах вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Казаков Kun.uz таҳририятига мурожаат қилди. Маълум қилинишича, бутун вилоят маркази ва бир қатор туманларда архив биноларининг аҳволи қониқарли эмас.
«ЎзАрхив» агентлиги тизимида фаолият кўрсатувчи бошқармада 4та давлат архиви ҳамда 11та шахсий таркиб ҳужжатлари бўйича давлат архивлари фаолият юритиб келмоқда.
Давлат архивларида 1914 йилдан ҳозирги кунгача мавжуд бўлган Миллий архив фондига киритилган ижтимоий-сиёсий ва шахсий таркибга оид ҳужжатлар сақланмоқда. Архивлар Миллий архив фонди таркибига киритилган ва шахсий таркибга оид ҳужжатларни ташкилотлардан қабул қилишни, сақлашни, ҳисобини юритишни ва ҳужжатлардан фойдаланишни ташкил қилади.
Тўғрисини тан олиш керак, архивлар фойдаланаётган бинолар, улардаги шароитларни асло рисоладагидек деб бўлмайди. Узоқ йиллардан бери сақланаётган ҳужжатлар намлик ва ҳарорат узлуксиз назоратда бўлган шинам хоналарда сақланишини тақозо этади.
Қуйидаги суратларда вилоят маркази бўлмиш Жиззах шаҳри шахсий таркиб ҳужжатлари бўйича давлат архиви биносининг абгор ҳолатлари акс этган:
«Жиззах шаҳри, Зафаробод, Пахтакор, Зарбдор, Арнасой, Фориш ва Бахмал туманлари шахсий таркиб ҳужжатлари бўйича давлат архивлари Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги 5834-сонли фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 февралдаги 68-сон қарорига асосан маҳаллий ҳокимликлар томонидан бино билан таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриши керак эди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 15 июндаги «Архив иши тўғрисида»ги ЎРҚ-252 Қонунининг 8-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Миллий архив фонди таркибига киритилган, тегишли ҳудудда жойлашган давлат архивлари ва идоравий архивларда турган архив ҳужжатларининг сақланиши учун лозим даражадаги шарт-шароитларни таъминлайди, деб кўрсатилган.
Ушбу масала юзасидан Жиззах вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси маҳаллий ҳокимликларга кўп марта оғзаки ва ёзма мурожаат қилинса-да, масала ўз ечимини топмай келмоқда. Бу эса ўз навбатида архив соҳасидаги ишларни сифатли амалга оширилишига салбий таъсирини ўтказмоқда», деб ёзади А.Казаков ўз хатида.
Жиззах шаҳри, Зафаробод, Пахтакор, Зарбдор, Арнасой, Фориш ва Бахмал туманлари ҳокимликлари президент фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг юқорида тилга олинган қарорига мувофиқ, маҳаллий архивларни бино билан таъминлаши, моддий-техника базасини мустаҳкамлаши шарт.
Kun.uz Жиззахдаги бир қатор ҳудудларда архивлар билан боғлиқ вазият қай тарзда ривожланишини кузатиб боради.
Мавзуга оид
09:25 / 06.11.2024
Жиззахда қарийб 800 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди
08:30 / 28.10.2024
Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашди
22:09 / 14.10.2024
Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинланди
20:36 / 12.10.2024