Ўзбекистон | 19:41 / 16.04.2021
5113
2 дақиқада ўқилади

МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси мажлисида иштирокчи давлатлар учун Миграция кодекси қабул қилинди

16 апрел куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеясининг 52-ялпи мажлиси ишида қатнашди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенат ахборот хизмати хабарида айтилишича, пандемия даврида миграция жараёнларини қонунчилик билан тартибга солиш ва унда МДҲга аъзо давлатлар парламентларининг роли мажлисда муҳокама қилинган асосий масалалардан бири бўлди.

 Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко Танзила Норбоеванинг Россияга расмий ташрифи давомида Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан имзоланган икки мамлакат парламентлари юқори палаталари ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум МДҲ ПАнинг бошқа иштирокчи давлатлари учун ҳам яхши намуна ҳисобланишини таъкидлади.

Танзила Норбоева
Валентина Матвиенко

Парламент аъзолари Ассамблея томонидан тайёрланган МДҲ иштирокчи давлатлари учун Миграция кодекси лойиҳасини муҳокама қилдилар.

 Мажлисда сўзга чиққан Танзила Норбоева МДҲ ПАга аъзо давлатларни Пандемия даврида халқаро ихтиёрий мажбуриятлар кодекси ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисидаги резолюциясини кўриб чиқиш бўйича ишларда фаол иштирок этишга чақирди.

 У шунингдек, МДҲ Ёшлар Парламентлараро Ассамблеяси мажлисларидан бирини 2022 йилда бўлиб ўтадиган Кенгаш мажлиси ва ПА ялпи мажлиси доирасида Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

Қайд этилишича, Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой пандемия даврида ўз фуқароларини ўз Ватанига қайтаришда самарали иш олиб борилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига алоҳида миннатдорлик билдирди.

 Мажлис якунлари бўйича модель хусусиятга эга 6 та ҳужжат - Миграция кодекси, “Болаларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисида”ги, “Психиатрия ёрдами ва уни кўрсатишда фуқароларнинг ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги, “Тиббий ёрдам кўрсатишда клиник тавсиялар тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида ахборот олиш ҳақида”ги, “Минтақавий инвестиция лойиҳалари тўғрисида”ги модель қонунлар қабул қилинди.

Мавзуга оид