Ўзбекистон | 17:00 / 17.04.2021
55076
6 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазири йирик лойиҳаларни тендерсиз олган «12-трест» бўйича изоҳ берди

Қурилиш вазири Ботир Зокиров Мустақиллик майдони ва Олий Мажлисдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари унинг яқин қариндошларига алоқадор «Трест-12» компаниясига тендерсиз берилганига изоҳ берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

27 фоизлик ҳиссаси вазирнинг рафиқаси ва ўғлига тегишли бу компания Мустақиллик майдонидаги 431,5 млрд сўмлик ва Қонунчилик палатасини таъмирлаш бўйича 16,5 млрд сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган.

«12-Трест» – 42 йиллик тарихга эга, Ўзбекистондаги энг йирик қурилиш ташкилотларидан бири. Унда ўзим ҳам ишлаганман. Бу ташкилотда яқинларим ҳам, устозларим ҳам бор, 8-10 нафар синфдошларим ҳам ишлаган», – деди Ботир Зокиров 17 апрел куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

«Бизда тартиб шундайки, бугун, иш пайтида қариндошчилик ёки таниш-билишчилик деган нарса йўқ. Қатъият, иш – иш билан. Дўстлик, қариндошчиликнинг ўз жойи бор. Бошқачасига иш юритиб бўлмайди.

Бу ташкилотга ҳукумат ишига ўтганимдан бери ишламайман, 11 йил бўлди. Саволлар бўляпти, нега бу ташкилот тендерсиз қурилиш объектларини оляпти? Кўпчилик шу савол билан менга юзланяпти. Лекин бу ташкилотнинг бугун 51 фоиз акцияси давлат бошқарувида. Тендерсиз берилганига менинг ёки оиламнинг алоқаси йўқ. Албатта, давлат ташкилоти бўлиб, ташкилотнинг зўр бўлиб кетган жойи йўқ. Охирги пайтларда кўплаб қийинчиликлар пайдо бўлмоқда.

Нима сабабдан «12-Трест» бугун кўп жойда танланмоқда? Мустақиллик давридан бошлаб, давлатимизнинг кўтарилиш даврида жуда кўп биноларни қурган, қуряпти. Олий Мажлис ҳақида гап бўлди. Аслида, бунинг менга тўғридан тўғри алоқаси йўқ. Олий Мажлис объектларини, Администрацияга тегишли бўлган объектларни қуриш билан шуғулланувчи ташкилот бор, давлат ташкилоти. Асосий йирик объектлар мазкур ташкилот томонидан қилинади. Ана шу ташкилотда шароит бўлмагани учун Олий Мажлис биносига ҳам «12-Трест» жалб қилинган.

Ўзи бунақа ташкилотлар жуда ҳам кам. «12-Трест» ташкилоти тарихида бирор бир йирик қурилишни сифатсиз ёки вақтида топширмагани ҳолати учрамаган. Зарарига бўлса ҳам объектни охирига етказади. Чунки бу – 42 йиллик имиж.

Агар журналистлар истаса, ташкилотнинг ўзида ҳам суҳбат уюштиришимиз, иш жараёнини таништиришимиз мумкин», – деди Зокиров.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров

Вазир «12-Трест» Мустақиллик майдонидаги 431 млрд сўмлик лойиҳа пудратчиси сифатида тендерсиз танлангани ҳақида гапирди.

«12-Трест» ташкилотининг айрим объектлар қурилишида тўғридан тўғри белгиланиши сабаблари бор. Ташкилот тарихи, сифат, муддат, бундан ташқари ҳар бир ташкилотнинг ўзининг қонун-қоидалари бор. Ҳар ким ҳам бу қонун-қоидаларни қилолмайди.

1999 йил юртимизда теракт содир бўлганида Вазирлар Маҳкамасида портлаш бўлганида бир соат ичида «12-Трест» жалб қилиниб, 3 ойда қайтадан таъмирланганди. Терактлардан яна биттаси Бош прокуратурада ҳам содир бўлганида, ишни «12-Трест» қабул қилганди. Ўша куннинг ўзида ишчилар бинони ёпиб, ишни кечаси билан бинодан одам қолдиқларини қириб олишдан бошлаганди. Бу ҳам қайсидир маънода саволга бир жавоб.

Албатта, объектнинг тўғридан тўғри берилиши менга боғлиқ эмас, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади. Шу каби бу ташкилот Сенат биносини ҳам қурган, Вазирлар Маҳкамаси биносини ҳам иккинчи марта реконструкция қилди.

«450 миллиард» ҳақдаги тарқалган хабарга келсак, буни билмайман, менинг ҳам ўз ишларим бор. «12-Трест»ни менга боғлаб берган жойи йўқ. Маблағини ҳам кейин эшитдим, унинг ҳам шунга яраша объёми бордир. Яна бир асосий масала шуки, мана яқинда 22 қаватли бинонинг юқоридан 6 та қаватини келиб олиш керак бўлди. Қани, бошқа қайси ташкилотнинг қурби етади бунга. Бу томони ҳам бор. Кўпинча буюртмачилар келиб менга «фалон бинони «12-Трест» қилиб берсин» деган ҳолатлар ҳам бўлади. Албатта, уларга қулай. 51 фоиз давлат улуши бўлгандан кейин, бу ишларнинг менга совуғи ҳам, иссиғи ҳам йўқ, аралашишни ўзимга эп билмайман».

Қурилиш вазирига кўра, «12-Трест»даги давлат улуши сотилмоқда.

«Бу масалада қизиқиш ва қарама-қаршиликлар йўқ. Қачон бўлиши мумкин? Мана ҳозир 12-Трест»нинг 51 фоиз давлат улушини очиқ сотувга қўйишган. Агар сотиладиган бўлса, албатта қизиқиш бўлади ва мен вазир бўлиб ишлашим мумкин бўлмай қолади. Бундай ҳолатда мен ариза ёзиб кетаман. У ерда ишлаётган одамларга бўшаб кетгин, деб айтолмайман. Ўзим бўшаб кетганим осонроқ», – деди Ботир Зокиров.

 Журналистлар вазирдан нима учун қурилишлар бу корхонага айнан тендерсиз берилиши сабабини сўради.

«Объектлар тендерсиз фақат Президент қарори ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан берилади. Чунки бунга ваколати бор. Объектлар тендерсиз берилмайди. Тендерсиз берилган қайси объект бўлса, албатта унинг остида қарор бор.

Вазирлар Маҳкамасига тегишли қарор учун лойиҳани Қурилиш вазирлиги эмас, балки буюртмачи киритади. Масалан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Шаҳидлар хиёбони бўйича қурилишни буюртма беряптими, лойиҳани ҳам ҳокимликнинг ўзи Вазирлар Маҳкамасига киритади. Агар биз буюртмачи бўлганимизда, бошқа масала эди», – таъкидлади қурилиш вазири.

Эслатиб ўтамиз, ушбу эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатини Аксилкоррупция агентлиги ўрганмоқда.

Мавзуга оид