Ўзбекистон | 08:22 / 17.04.2021
5347
3 дақиқада ўқилади

Сув хўжалиги ходимларининг шахсий жавобгарлиги белгиланди

Президент томонидан «Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.

Ҳужжат президентнинг 6.04.2021 йилдаги «Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, сув хўжалиги вазирига:

  • Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, шунингдек ҳудудий бўлинмалар, тизимдаги ташкилотлар тузилмаларига бошқарув ходимлари умумий чекланган сони доирасида ўзгартириш киритиш;
  • йирик гидротехника иншоотлари, энг аввало, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда, қурилишида ва эксплуатация ишлари олиб борилишида хавфсизлик чоралари кўрилиши юзасидан буюртмачи, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари ҳамда сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар жавобгарлигини ошириш вазифаларини белгилаш;
  • юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини маслаҳатчи сифатида жалб этиш ҳуқуқи берилди.

Сув хўжалиги вазирининг сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ўринбосари қуйидагилар учун шахсан жавобгар ҳисобланади:

  • сув тежайдиган технологияларни ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитлари, ихтисослашуви ҳамда сув ва бошқа зарур ресурслар билан таъминланганидан келиб чиқиб жорий этишни ташкил қилиш;
  • сув тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳисобини юритиш ҳамда давлат субсидияларини ажратиш механизмини автоматлаштириш;
  • сув тежайдиган технологияларни қўллаш борасида илмий ва илмий-техник фаолиятни ривожлантириш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги интеграцияни таъминлаш.

Сув хўжалиги вазирининг давлат-хусусий шериклик ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси қуйидагилар учун шахсан жавобгардир:

  • сув хўжалиги соҳасида ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш ва аутсорсинг механизмларини жорий этишни ривожлантириш;
  • сув хўжалиги объектлари бошқарувини рақамли технологиялар асосида автоматлаштириш;
  • ер усти сувларидан фойдаланиш бўйича давлат сув кадастрини юритишни замонавий технологиялар ёрдамида такомиллаштириш.

Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Сув хўжалиги вазирлиги ташкилий тузилмаси ҳамда марказий аппарати тузилмаси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тузилмаси ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари аппарати намунавий тузилмаси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги мелиоратив экспедициялар аппарати намунавий тузилмаси;
  • Сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича «Йўл харитаси» ва бошқалар.

Мавзуга оид