Жамият | 14:22 / 19.04.2021
4848
2 дақиқада ўқилади

Муаллифлик ҳуқуқи муаллиф вафотидан кейин 70 йилгача амал қилиши таклиф этилмоқда

Муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг вафотидан кейин 70 йил давомида амал қилиши таклиф этилган қонун лойиҳаси сиёсий партияларнинг фракцияларида муҳокамадан ўтмоқда.

Шунингдек, лойиҳада ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқини ҳам ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган охирги шахс вафот этганидан кейин 70 йил давомида амал қилиши назарда тутилган.

Қайд этилишича, мазкур норма муаллифнинг камида иккита авлоди яшаган давр мобайнида унга тегишли бўлган мулкий ҳуқуқлар ҳимоясини таъминлашни назарда тутади.

Муҳокамада таъкидланишича, амалдаги қонунчиликда ҳимоя қилинадиган интеллектуал мулк объектларининг турига қараб уларни рўйхатдан ўтказиш муддатлари 8 ойдан 4 йилгача бўлган муддатни талаб этиши интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги муаммолардан бири бўлиб келмоқда ва бу, ўз навбатида, уларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини инсофсиз рақобатчилардан муҳофаза қилишга таъсир кўрсатади.

Шу мақсадда қонун лойиҳасида интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнига тезкор экспертизани жорий этиш, интеллектуал мулк объектлари рўйхатдан ўтказилиш муддатларини қисқартириш, айни пайтда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасида мулкий ҳуқуқлар ҳимоя муддатини узайтириш, етказилган зарар учун товон миқдорининг белгиланиши каби масалалар ўз ифодасини топган.

Шунингдек, қонун лойиҳасида муаллифга турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгасига ҳуқуқбузардан зарар етказилиши фактидан қатъи назар зарарнинг ўрнини қоплаш эвазига БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача бўлган миқдорда товон талаб қилиш ҳуқуқини бериш ҳам назарда тутилмоқда.

Маълумот учун, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунга кўра, муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин 50 йил давомида амал қилади. Шунингдек, ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи ҳаммуаллифларнинг бутун ҳаёти давомида ва ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган охирги шахс вафот этганидан кейин 50 йил давомида амал қилади.

Мавзуга оид