Иқтисодиёт | 18:37 / 19.04.2021
81975
6 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри айрим маҳсулотлар нархи бўйича дунёнинг қиммат шаҳарларини ортда қолдирди

Ўзбекистон пойтахтида кунгабоқар ёғи нархи Лондон, Берлин ва Мадриддагидан ҳам қимматроқ. Тошкент мол гўшти қимматлиги бўйича МДҲда олди ўринларда туради. Европадаги 16 та пойтахт-шаҳарда банан, апелсин ва лимон Тошкентдагидан арзон.

Фото: Getty Images

Тошкент шаҳри қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларининг айрим турлари нархи бўйича дунёнинг энг қиммат қатор шаҳарларини ҳам ортда қолдирмоқда. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти эълон қилган ўрганишларда бунга гувоҳ бўлиш мумкин.

Институт Тошкент шаҳри супермаркетларидаги нарх-наволарни МДҲ ҳамда Европа мамлакатлари пойтахтларидаги нархлар билан таққослади. Қиёсий таҳлил 28 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини қамраб олган.

Қуйида қиймати бўйича хавотир уйғотаётган ТОП-10 маҳсулот келтирилади:

1. Апелсин

Тошкент шаҳри супермаркетларида энг арзон апелсиннинг 1 килограми учун 2,8 АҚШ доллари тўланади ва бу таҳлил қиланаётган мамлакатлардаги ўртача нархдан 90,1 фоизга қиммат, энг паст нарх қайд қилинган Москвадаги қийматдан 4,3 марта юқори.

МДҲ ва Европа мамлакатлари пойтахтларидаги супермаркетларда 1 кг апелсин нархи АҚШ долларида

2. Лимон

Тошкент супермаркетларида 1 кг лимоннинг энг арзони 2,8 АҚШ доллари туради. Бу эса, таққосланаётган шаҳарлардаги ўртача нархдан 69,4 фоизга, энг арзон нарх қайд қилинган Анқарадан 3,3 баробарга қиммат демакдир.

МДҲ ва Европа мамлакатлари пойтахтларидаги супермаркетларда 1 кг лимон нархи АҚШ долларида

3. Банан

1 кг бананнинг энг арзони Тошкент супермаркетларида 2,1 АҚШ доллари бўлиб, бу ўртача нархдан 55,7 фоизга, Москва шаҳрида қайд этилган энг паст нархдан 2,7 баробарга баланддир.

МДҲ ва Европа мамлакатлари пойтахтларидаги супермаркетларда 1 кг банан нархи АҚШ долларида

4. Қадоқланган сут

Тошкент супермаркетларида қадоқланган сутнинг бир литри 0.82 АҚШ долларини ташкил этиши аниқланган. Бу эса, таққосланаётган мамлакатлардаги ўртача нархдан 18,8 фоизга ҳамда энг арзон сут сотиладиган Бишкекдаги нархдан 93,0 фоизга юқоридир. Пастеризацияланган сут қимматлигининг асосий сабаби сифатида бозорда рақобат муҳити яхши ривожланмагани кўрсатилган.

МДҲ ва Европа мамлакатлари пойтахтларидаги супермаркетларда 1 л сут нархи АҚШ долларида

5. Маргарин

Тошкент супермаркетларида 1 кг маргариннинг энг арзони 2,2 доллар туради. Бу эса, таҳлил қилинаётган мамлакатлардаги ўртача нархдан 20,2 фоизга, Бишкекдаги энг арзон нархдан 85,6 фоизга қимматдир.

МДҲ ва Европа мамлакатлари пойтахтларидаги супермаркетларда 1 кг маргарин нархи АҚШ долларида

6. Картошка

Тошкент супермаркетларида энг арзон картошканинг 1 килограми 0,46 АҚШ долларини ташкил этади. Бу Анқарадаги энг арзон картошкадан 2,3 марта қимматдир.

МДҲ ва Европа мамлакатлари пойтахтларидаги супермаркетларда 1 кг картошка нархи АҚШ долларида  

7. Мандарин

Тошкент супермаркетларида энг арзон мандарин килограми 1,7 АҚШ доллари туради. Бу Москвада қайд этилган энг арзон мандариндан 87,9 фоизга қиммат демакдир.

МДҲ ва Европа мамлакатлари пойтахтларидаги супермаркетларда 1 кг мандарин нархи АҚШ долларида

8. Ўсимлик мойи (кунгабоқар)

Тошкент супермаркетларида 1 литр кунгабоқар мойи 1,7 АҚШ долларидан сотилган бўлиб, таҳлил қилинаётган мамлакатлар пойтахтларидаги супермаркетлар ўртача нархидан 6,7 фоиз юқори. Бишкекдаги энг арзон кунгабоқар мойидан 2 марта қиммат.

МДҲ ва Европа мамлакатлари пойтахтларидаги супермаркетларда 1 л кунгабоқар мойи нархи АҚШ долларида

9. Макарон маҳсулотлари

Тошкент супермаркетларида энг арзон макарон маҳсулотининг 1 килограми 0,83 АҚШ доллари бўлиб, Минск шаҳридаги энг арзон макарондан 83,4 фоизга қиммат.

МДҲ ва Европа мамлакатлари пойтахтларидаги супермаркетларда 1 кг макарон нархи АҚШ долларида

10. Мол гўшти

Тошкент супермаркетларида 1 кг мол гўштининг энг арзони 5,2 доллар бўлиб, Минскда қайд қилинган энг арзон нархдан 56,5 фоизга юқоридир.

МДҲ ва Европа мамлакатлари пойтахтларидаги супермаркетларда 1 кг мол гўшти нархи АҚШ долларида

***

6 апрел куни Агросаноат мажмуини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича лойиҳа ходимлари Тошкент шаҳрининг 4та йирик савдо нуқтаси, «Чорсу» ва «Фарход» бозорлари ҳамда «Корзинка» ва «Макро» супермаркетларида 28та маҳсулот нархи бўйича мониторинг ўрганишларини олиб борган. Бунда савдо нуқтасидаги энг паст нарх инобатга олинган.

Ўрганишлар доирасида аниқлашича, 2021 йил феврал ойи билан таққослаганда, 28та маҳсулотнинг 20таси бўйича нархлар ўзгарган. Хусусан, карам, картошка ва гуруч нархларининг 14,2-17,2 фоиз арзонлашуви кузатилган.

Аммо, қолган 17 маҳсулот бўйича нархлар кўтарилгани қайд этилган. Бунда қимматлашиш борасида олма етакчи бўлиб қолмоқда, унинг энг арзони охирги 2 ойда 2 бараварга қимматлаган. Бундан ташқари, бошқа турдаги мева-сабзавотлар маҳсулотлари нархи ҳам ошган. Жумладан, помидор, лавлаги, апелсин, мандарин ва бодринг нархлари ўсиши 20-50 фоиздан иборат бўлган. Бироқ, бу нарх ўсишлари мавсумий таъсир ҳисобланиб, хавотирланишга ҳожат йўқ, дейилади хабарда.

2021 йил феврал-апрел ойларида Тошкент шаҳридаги қуйи чакана нархлар ўзгариши.

Нархлар ўзгаришида эътибор бериш керак бўлган жиҳат, бу номавсумий маҳсулотлар нархидаги ўзгаришлардир. Бунда товуқ тухуми етакчи бўлган. Унинг нархи сўнгги 2 ойда 15,4 фоизга ўсган. Тухум нархи ўсиши тенденцияси келгуси ойда ҳам сақланиб қолиши мумкин, чунки православ насронийлари май ойи бошида Пасха байрамини нишонлайди.

Шунингдек, гўшт нархи ҳам сезиларли кўтарилган. Мол гўшти 9,1 фоизга, товуқ гўшти 8,8 фоизга, қўй гўшти 3,8 фоизга қимматлаган.

Ўсимлик мойи нархи 7,4 фоизга ошган, бунга жаҳон бозорларида, айниқса, Ўзбекистонга ушбу маҳсулотни экспорт қилувчи мамлакатларда нарх ошиши сабаб бўлган.

Мавзуга оид