Иқтисодиёт | 13:16 / 20.04.2021
43315
6 дақиқада ўқилади

«Тақиқни бекор қилиш керак» — Отабек Бакиров ёғ нархи ошишини тўхтатиш учун тезкор чоралар кўришга чақирди

Мутахассиснинг сўзларига кўра, ўсимлик ёғлари нархи ошишига жаҳон бозорида нарх қимматлаганидан ташқари 500дан ортиқ импорт товар ва хизматларни давлат харидлари сифатида сотиб олишга қўйилган тақиқ ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Aгар бу тақиқ тезда олиб ташланмаса, нархлар юқори суръатда ошишда давом этаверади.

Ўзбекистонда аҳолининг асосий истеъмол маҳсулоти — ўсимлик ёғлари нархи кескин ошиб кетиши ҳамон кун тартибидаги масала бўлиб қолмоқда. 

Жорий йил январда 529 турдаги импорт товар ва хизматларини давлат харидлари сифатида сотиб олишга чеклов ўрнатилди (Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 январдаги 41-сонли қарори). Рўйхатга ўсимлик ёғи, хусусан, кунгабоқар, пахта, зайтун ва арахис ёғлари киритилган. Бу нимани англатади? Иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳақда Kun.uz’га ўз фикрларини билдирди.

 — Импорт ўсимлик ёғларини давлат харидлари сифатида сотиб олишга ўрнатилган чеклов ёғ нархи ошиб кетишида қандай рол ўйнаши мумкин?

— Биз ўсимлик ёғи бўйича импортга жуда боғлиқмиз. Ўзимизнинг маҳаллий ишлаб чиқаришимиз ўсимлик ёғига бўлган жами эҳтиёжни 30 фоизга, энг яхши йилларда 40 фоизга қоплайди, холос. Ҳаддан ташқари импортга боғлиқ бўлганимиздан кейин қандай қилиб ўсимлик ёғини давлат харидлари сифатида сотиб олиш тақиқланган импорт маҳсулотлари рўйхатига киритиш мумкин?

Агар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ички бозор талабини тўлиқ қондирганда, бизда ишлаб чиқариш етарли, деган важлар билан ўсимлик ёғини бу рўйхатга қўшиш мумкин эди.

Давлат харидлари сифатида сотиб олишга тақиқ ўрнатилиши нимани англатади?

— Ўсимлик ёғига нисбатан давлат харидлари бу ўринда масалан, армия, касалхоналар, изолятор ва қамоқхоналар маъмурияти каби идоралар, давлат тасарруфидаги бошқа ижтимоий муассасаларни (қариялар уйлари, меҳрибонлик ва ногиронлар уйлари) қамраб олади, уларнинг ҳаммаси турли кўринишда давлат харидлари орқали ўсимлик ёғини сотиб олади.

Тасаввур қилинг, агар саналганлар импорт қилинган маҳсулотни сотиб олмаса, маҳаллий ишлаб чиқарувчидан сотиб олишга тўғри келади ва табиийки, маҳаллий ишлаб чиқарувчининг маҳсулотига талаб ошади. Бироқ маҳаллий корхоналарнинг қуввати тўлиқ талабни қондиришга етмайди. Чунки, такрорлайман, бизда ўзимизнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўпи билан 300 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқаради, аҳолининг талаби эса 400 минг тонна. Бундан ташқари, таркибига ўсимлик ёғи солинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, ошхона ва ресторанларнинг ҳам талаби бор — тахминан 250 минг тонна. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар жами 650-700 минг тонналик талабнинг, энг кўпи билан, хомашё етарли бўлса, 300 минг тоннасини қоплай олади, холос. Шундай шароитда чеклов киритишнинг ўзи нотўғри эди.

2020 йил 21 августда президентнинг 4812-сонли қарори қабул қилинганди. Шу қарорга асосланиб, 2021 йил январда давлат харидлари сифатида сотиб олишга тақиқ қўйилган импорт маҳсулотлар рўйхати тасдиқланган. Ўша пайтда (ўтган йил ёз охирларида) соя, кунгабоқар каби ўсимлик ёғлари ишлаб чиқариш учун ҳосил кам йиғилгани тўғрисида маълумот балки етарли бўлмаган, натижада бу қарор қабул қилинган. Тахминан сентябрнинг охири ва октябрнинг бошларида шимолий яримшарда ўсимлик ёғи хомашёсини етиштирадиган Украина, Россия, Болгария каби давлатларда ҳосил анча кам йиғилгани, бунинг оқибатлари очиқланганди. Шунга қарамасдан, тақиқ рўйхатидан ўсимлик ёғи мустаҳкам жой олди, кейинги кунларда вазият жиддийлашаётганига қарамай рўйхатда қолмоқда.

— Мутахассислар нарх арзонлаши кутилмаётганини прогноз қилишмоқда. Бу вазиятда нима қилиш лозим?

— Биринчидан, рўйхатга киритилган импорт ўсимлик ёғини давлат харидлари сифатида сотиб олишга бўлган тақиқни бекор қилиш керак. Чунки бу хоҳлаймизми, йўқми, маҳаллий ишлаб чиқарувчи маҳсулотига талабни оширмоқда, маҳаллий ишлаб чиқарувчи хомашё базаси етарли бўлган тақдирда ҳам 300 минг тонна ёғ ишлаб чиқара олади. Хомашё кам, чигит қимматламоқда – шундай вазиятда бу тақиқ (ўсимлик ёғини давлат харидлари сифатида сотиб олишга нисбатан) ортиқча.

Қолаверса, ўсимлик ёғи худди товарлардаги ёқилғи мойлаш материаллари характеристикасига эга, деярли барча озиқ-овқат маҳсулотлари нархида унинг вазни ва улуши мавжуд. Ўсимлик ёғи нархларининг юқори суръатларда ошиши бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, умумий овқатланиш хизматлари нархининг ҳам ошишига туртки бўлади. Инфляцияни бир хонали рақам доирасида жиловлаш бўйича қатъий вазифа қўйилган бу йилда масала жуда аҳамиятли.

Иккинчидан, одам йилига ўртача 10-15 литр ўсимлик ёғи истеъмол қилади. Aҳолининг ўсимлик ёғига бўлган талабини ҳисобга олиб, Ўзбекистонда қандай захира шакллантирилган? Бугун бу долзарб савол. Ўзбекистонда ўсимлик ёғи давлат захиралари мавжудми, агар мавжуд бўлса, нега ишлатилмаяпти, деган саволга аниқ жавоб керак. Бозорга захиралардан қўшимча таклиф дастаклари қўшилиши унинг иштирокчиларига ижобий маънода психологик таъсир кўрсатади. Спекулятив ажиотаж пасаяди.

Учинчидан, ўсимлик ёғи юқори нархлари яна камида инерция билан бир мавсум юқори туради. Демак, кунгабоқар, соя экиш майдонларини кенгайтириш керак. Ҳозирнинг ўзида. Соя уч ойда етилади, ундан тезда ҳосил олиш мумкин. Бундан ташқари, уни пахта орасига эмас, ўзини алоҳида майдонга экиш лозим.

Тўртинчидан ва энг асосийси, ўсимлик ёғи нархларини маъмурий йўл билан чеклашдан тийилиш керак. Ишлаб чиқарувчиларга ҳам, воситачи, улгуржи сотувчиларга ҳам, импортчиларга ҳам, чакана сотувчиларга ҳам нархни чеклаш борасида вазифалар қўйилиши, босим уюштирилиши фақат тескари самара беради, нарх ўсишини янада тезлаштиради.

Aввалроқ Kun.uz Ўзбекистонда биринчи чоракда кунгабоқар ёғи, апрел ойида эса пахта ёғи кескин ошгани борасида таҳлилий мақолалар эълон қилганди.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид