Ўзбекистон | 11:17 / 20.04.2021
7667
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 14та мактаб ва 15та синф карантинга олинди

Тошкент вилоятида 14та мактаб ва 15та синф карантинга олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жойлардаги 18та умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчи ва ўқувчилари орасида коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари аниқлангани сабабли мазкур мактабларда ўқув жараёнлари масофавий олиб бориляпти.

Жумладан, Ўрта Чирчиқ туманидаги 3-, 54-сонли мактаблар, Бўка туманидаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби, Чирчиқ шаҳридаги 8-, 9-сонли, Пскент туманидаги 36-сонли, Паркент туманидаги 22-, 51-сонли, Тошкент туманидаги 9-, 12-, 17-, 18-сонли ҳамда Олмалиқ шаҳридаги 17-мактаб, Нурафшон шаҳридаги 1-сонли мактаблар ўқиш жараёнларини тўлиқ онлайн режимда олиб боришяпти.

Шунингдек, Ўрта Чирчиқ туманидаги 50-сонли умумтаълим мактабининг 3та синфи, Бўка туманидаги 6-мактабнинг 8та синфи ва 15-мактабнинг 1та синфи, Зангиота туманидаги 34-сонли умумтаълим мактабининг 3та синфи карантин режимига ўтказилган.

Мазкур мактабларнинг 30 нафар ўқувчиси ҳамда 25 нафар ўқитувчисида коронавирус инфекцияси аниқланган.

Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси берган маълумотларига кўра, 19 апрел куни 37 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган. 

Мавзуга оид